Булунғурда қизил тупроқ аралашмасини ноқонуний қазиб олган фуқаро жаримага тортилди

Самарқанд вилоятида ер ости ва ер усти табиий бойликлари, қора қум, тупроқ ва қум-шағал аралашмасини ноқонуний талон-торож этилишининг олдини олиш мақсадида экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси томонидан доимий ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, 24 май куни Булунғур тумани экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш назорат инспекциясининг давлат инспекторлари томонидан туманнинг Мингчинор маҳалласи ҳудудидан ўтказилган навбатдаги кузатув рейд тадбири давомида Жомбой тумани Сарой маҳалласида яшовчи фуқаро Э.О ўз бошқарувида бўлган юк ортувчи техника воситаси ёрдамида ноқонуний равишда қизил тупроқ аралашмасини қазиб олиб, юк ташувчи автомашиналарга ортиб бераётганлиги аниқланди.

Самарқанд вилояти экология бошқармаси ахборот хизмати хабар беришича, ҳолат юзасидан қонунбузар фуқарога нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 70-моддаси 1-қисмига биноан базавий ҳисоблашнинг 10 баробари миқдорида, яъни 2 миллион 450 минг сўмдан жарима қўлланилди.