Булунғурда Шероз қалъа қайта тикланади

Булунғур тумани ҳокимлиги томонидан ташкил этилган навбатдаги пресс-турда оммавий ахборот воситалари ходимларига “Хўжа Ҳофиз Меъросий” мақбараси ва масжиди, қайта тикланаётган Шероз қалъа, Фозил Йўлдош уй-музейи ҳамда маданий мерос объектлари ҳақида маълумот берилди. 

Қуръони Каримни етти қироатда ўқиган аллома

Пресс-тур Митан қишлоғида жойлашган Қуръони Каримни етти қироатда ўқиган етти алломадан бири “Хўжа Ҳофиз Меъросий”нинг мақбара ва масжидидан бошланади.

Ўзбекистон ФА Шарқшунослик институтида сакланаётган тарихий манбаларига кўра, Хўжа Ҳофиз Меъросий 1475 йилда Булунғур тумани  ҳудудидаги Болғали қишлоғида таваллуд топган. Мадрасаларда таҳсил олган. 1528 йилда Эроннинг Машҳад шаҳрида вафот этади. Васиятига кўра ўлимидан 6 ойдан кейин Султон Убайдуллахон фармонига кўра жасади  Булунғур туманига олиб келиб кўмилган.

- Ҳофиз Меъросий қолдирган катта мерос ва қўлёзмалари ҳозирда Ўзбекистон ФА Шарқшунослик институтида сақланмоқда, - дейди “Хўжа Ҳофиз Меъросий” зиёратгоҳи ва Шероз қалъа мажмуаси раҳбари Нарзулла Қорабоев. – Биз институт олимлари билан ҳамкорликда Хўжа Ҳофиз Меъросийнинг ҳақиқий васиятномасини Покистондан келтирдик. Унинг қаламига мансуб бўлган, ҳали тўлиқ ўрганилмаган девонлари ва шеърий асарлари таржимага муҳтож. Султон Убайдуллахон томонидан унинг ҳоки қишлоққа олиб келингач, бу жой муқаддас жойга айланди. 2001 йилда халқ ҳашари билан мана шу мақбара ва масжид  қурилди. 2010 йил 20 августда Хўжа Ҳофиз Меъросий номи билан боғлиқ тарихий жой маданий мерос объектларининг "Диққатга сазовор жойлар" тоифасига олинди.

Қир-адирликлардан иборат бу масканда ободонлаштириш ишлари бошланган. 2019 йилда 5,5 километр асосий йўллар таъмирланган ҳамда 6,5 километр сув ва электр тармоғи келтирилган. Лойиҳага кўра, 2022 йилгача 3,5 гектар майдонда замонавий кўринишда масжид ва мақбара қад ростланади. Шу билан бирга аёллар ва эркаклар учун алоҳида дам олиш маскани қуриш ҳам режалаштирилган. Сабаби, зиёратгоҳга кираверишингизда тупроқ бор. Неча йиллардан буён аҳоли ёзда келиб ундан шифо топган. Ушбу тупроқ таркиби текширилганда 28 та инсон организми учун фойдали элементлар борлиги аниқланди. Агар уни уйингизга олиб бориб фойдалансангиз унинг фойдаси бўлмайди. Шунинг учун бу ерда дам олиш маскани қуриш лойиҳа таклифига киритилган.

Амир Темурнинг мудофаа қалъаси яна қайта тикланади

“Хўжа Ҳофиз Меъросий” қадамжосидан Шероз қалъага ўтилади. Бу ердаги Болғали қишлоғида туман этнографиясини, маданиятини, турмуш тарзини ўзида намоён этган уй-меҳмонхоналар, ошхона, хизмат кўрсатиш шохобчалари барпо этилади.

Шероз қалъа ўзининг тарихийлиги билан ҳам фахрланишга арзирли маскан. Соҳибқирон Амир Темур ҳарбий юришлари давомида Эронни қамал қилиб, Шероз қалъасини олишда қийналади. Шу сабаб Самарқандга киришда, ҳар томонлама қулай бўлган бу масканда 1396-1402 йиллари мустаҳкам қалъа бунёд этади. Бу жой Соҳибқирон томонидан бежиз танланмаганди. Қалъани 20 метр чуқурликдаги Булунғор, яъни лойқа ариқ ўраб туради. Ариқнинг эни 18-20 метр бўлиб, тик ҳолатда бўлганлиги учун ҳам ҳеч бир душман кира олмаган. Атрофида 9 та булоқ бўлиб, бугунги кунда уларнинг 3 таси сақланиб қолинган.

- Қалъанинг умумий майдони 6-7 гектардан иборат бўлиб, туман ҳокими қарори билан лойиҳа бўйича 4 гектар майдон ажратилди, - дейди Нарзулла Қорабоев. – Атрофи Булунғур ариғи билан ўралган бу тепаликда Амир Темурнинг қароргоҳи, ҳарбий асарлар учун ошхона ва кўплаб хоналар бўлган. 1968 йилда руслар томонидан замбараклар билан кўмиб юборилган. Шу билан бу ер эътибордан четда қолиб, маҳаллий аҳоли томонидан қорамол боқилган. Самарқанд археология институти олимлари томонидан 2015-2019 йилларда олиб борилган қазишма ишлари давомида темурийларга оид кўплаб ашёлар, олтин, мис тангалар топилди. Ҳали бу ерда ўрганилмаган, биз билмаган кўплаб тарихий ашёлар ва сирлар бор. Уларни ўрганиш ва уларни намойиш этиш эса жуда муҳим. Ҳозирда бизга ажратилган  8 миллиард 285 миллион сўм маблағ эвазига бу ер 2 метрлик девор билан ўралиб, музей ва таҳоратхона, темурийлар давридаги хос хоналар бунёд этилади. Шаршар булоғи ёнидан темурийлар даври муҳитини ўзида мужассамлаштирган кўприкнинг бунёд этилиши, мавжуд ғорларнинг очилиши сайёҳларни бир дам Темурийлар салтанатига саёҳат қилдиради.

Шероз қалъасини бунёд қилиш учун қилинган лойиҳа ўзига хос. Бу ерда тарихимиз, халқимизнинг турмуш тарзи, урчуқ йигираётган, гилам тўқиётган момоларимиз, кувида ёғ олаётган қишлоқ аёли, тандирдан иссиқ кулча нонни узиб фарзандига тутаётган оналар қиёфасини кўрасиз. Шу билан бирга археология институти билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган лойиҳада темурийлар давридаги муҳит, уларнинг куч-салоҳияти ҳам намоён бўлади.

Фозил Йўлдош ўғлининг издошлари бор

Пресс-тур давомида журналист ва блогерлар Фозил Йўлдош ўғли уй-музейида ҳам бўлишди. Уй-музей 1986 йилда бахшининг достонларини қоғозга кўчирган, у кишининг доим ёнларида бўлган Мелибой Раҳимов томонидан ташкил этилган. Бу ерда 200 дан ортиқ ашёлар сақланади. Уларнинг ярми Фозил Йўлдош ўғлига тегишли.

- Онам доим токчада йиғилган 20 яқин китобларни кўз қорачиғидек асраб-авайларди, - дейди бахшининг невараси Лола Султонова. – Сабабини катта бўлиб билдим. Бу Фозил Йўлдош бобом томонидан айтилган ва ёзиб олинган достонлар экан. Онам ўқитувчи бўлганлари учун асосан қўлёзмаларни ўзлари ёзган. Бобом терма айтишни бошлаганда 2-3 соатлаб тинмай ёзгани учун қўллари қавариб кетганини айтарди.

“Алпомиш” достонини тўлиқ ёд олиб айтган бахшилардан бири бўлган Фозил Йўлдош ўғлининг уй-музейи бугун мактаб-ўқувчилари, бахшилар билан гавжум. Музейда бахшининг дўмбираси, чакмони, телпаги, сандиғи ва маҳаллий аҳоли томонидан фойдаланган ўша давр уй-рўзғор жиҳозлари мавжуд.

Шундан сўнг “Булунғур ҳаёти” газетаси таҳририятида ОАВ ходимлари учун туман ҳокими Баҳодир Баҳромов иштирокида матбуот анжумани ўтказилди. Унда Булунғурда туризм соҳасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида маълумот берилди.

- Туманимизда 82 та маданий мерос объектлари бўлиб, уларнинг барчаси 2018 йил нашрдан чиққан “Ўзбекистон археологик ёдгорликлари каталоги” китоби киритилди, - дейди туман ҳокими. – Шу билан бирга яна топилаётган тарихий объектларимиз ҳам бор. Масалан, Етимсой дарасидаги қоятошлардаги ёзувлар. Биз Шероз қалъани қайта тиклаш орқали аждодларимиздан қолган бой меросимизни нафақат чет эллик сайёҳларга, балки маҳаллий сайёҳларга ҳам намойиш этамиз. Шу билан бирга 200 дан ортиқ янги иш ўрни яратамиз.

Пресс-тур давомида журналистлар Булунғур туманида барпо этилиши режалаштирилган лойиҳалар бўйича ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олишди.

Насиба Жонтўраева.