Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Булунғурда шифокор етишмаслиги кўрикларнинг сифатли ўтишига таъсир кўрсатмайдими?

Соат 14:00 ларда Булунғур туманидаги поликлиникага борганимизда муассаса одамлар билан гавжум эди. Одатда куннинг бу вақтида қишлоқ оилавий поликлиникаларида одам сийрак бўлади. Шифокорлик пунктлари эса ҳувиллаб ётарди. Гавжумлик сабаби вакцинация билан боғлиқ деган хаёлга бордик. Бироз адашибмиз.

- Поликлиникамизда гарчи икки нафар шифокор етишмаса-да  лабораториянинг тўлиқ фаолият кўрсатиши, ходимларнинг тажрибаси ва янги технологиялар аҳолининг ишончини оширган, - дейди тумандаги 1-сон оилавий поликлиника бош шифокори Бахтиёр Мирзақобилов. – 12 маҳалланинг 34 минг аҳолисига хизмат кўрсатамиз. УТТ аппарати мутахассиси бор, яқиндагина янги ЭКГ аппарати беришди. Шунинг учун аҳоли илк касаллик белгилариданоқ поликлиникага мурожаат қилади. Барча ҳудудларда бўлгани сингари бизда ҳам аҳоли тўлиқ хатловдан, кўрикдан ўтказилиб, тоифаларга ажратилди. Хавф гуруҳидаги аҳоли 5 минг нафарни ташкил қилган бўлса, диспансер назоратидагилар 10 минг, соғломлари эса 15 минг нафар қайд қилинди.

Аниқланган касалликлар орасида энг кўпи артериал гипертония, камқонлик, қандли диабет ҳисобланади. Беморларни даволаш учун зарур кўмак кўрсатиляпти, эҳтиёжга қараб туман, вилоят шифохоналарида даволанишга йўлланма беряпмиз.

Алоҳида таъкидлашни истардим, хасталиклар асосан нотўғри овқатланишдан келиб чиқмоқда. Биз куни билан меъёрида, аммо кечқурун тўйиб овқатланамиз ва дарҳол ухлаймиз. Бундай ҳолда таомланиш организм учун жуда хавфли. Биринчидан, ошқозон фаолиятига таъсир кўрсатса, иккинчидан, бундай ҳолда истеъмол қилинган ёғлар ҳазм бўлмайди, организмда тўпланиб қолади. Табиийки, бу семиришга, турли касалликларга сабаб бўлади.

Суҳбатимиз давомида шифокор навбат кўпайиб кетмаслиги, беморлар кутиб қолмаслиги учун бир нечта беморларни қабул қилди. Қорин оғриғи, қайт қилиш шикояти билан келган қизчанинг шифокор саволларига жавоблари юқоридаги фикрларни тасдиқлади. 

- Кеча нима единг, қизим?

- Сомса едим кундузи.

- Яна-чи?

- Кечқурун барак едим, пирожкиям егандим, айтганча…

Бир куннинг ўзида турли хил хамир таом истеъмол қилган қизчанинг онасига шифокор ўз тавсияларини айтар экан, соғлом овқатланиш зарурлигини таъкидлади.

- Бугунги кунга қадар туман аҳолисининг 162 минг нафари хатловдан ўтказилди, - дейди туман тиббиёт бирлашмаси бирламчи тизим бўйича координатори Нажмиддин Қоржовов. -  Хатлов натижасига кўра, 17 ёшгача бўлган 55 932 нафар аҳолининг 2540 нафарида жуда кам вазнлилик, 2687 нафарида кам вазнлилик аниқланди. 8424 нафарида эса ортиқча вазн хавфи, 3368 нафарида ортиқча вазн, 3078 нафарида семизлик қайд этилди.

18 ёшдан юқори бўлган 99 564 нафар аҳолининг 2409 нафарида кам вазнлилик, 31 111 нафарида ортиқча вазн хавфи, 12 376 нафарида ортиқча вазн, 2180 нафарида семизлик мавжуд.

Xatlov.uz электрон тизимига киритилган аҳолининг 25 фоизи мева-сабзавотларни кам истеъмол қилиши, 36 фоизи шакар, 33 фоизи ёғ маҳсулотларини кўп истеъмол қилиши, 18 фоизи ортиқча туз истеъмол қилиб, 7 фоизи кам жисмоний ҳаракатда эканлиги, 20 фоизида ортиқча вазн борлиги, 10 фоизида эса ўта семизлик аниқланиб, соғломлаштириш режалари тузиб чиқилди.

Ҳудудлар кесимида аниқланган касаллик турларига қараб вилоят тиббиёт муассасаларининг малакали мутахассислари ва замонавий тиббий диагностик аппаратлар ёрдамида бир қатор аҳоли пунктларида чуқурлаштирилган тиббий кўриклар ўтказилди.

Туман тиббиёт бирлашмаси бўйича 107 ставка шифокорларга эҳтиёж бўлиб, уларнинг орасида энг кўп эҳтиёж умумамалиёт шифокорларини ташкил қилади. Шунингдек, акушер-гинеколог, реаниматолог, ЭКГ мутахассис, ЛОР, жарроҳ, терапевт, тез тиббий ёрдам шифокори ва бошқа кўплаб мутахассисликлар бўйича эҳтиёж бор.

Вакант ўринлар ва мутахассисларга бўлган эҳтиёж юзасидан Самарқанд давлат тиббиёт институти ректорати билан қўшма чора-тадбирлар ишлаб чиқилди. Жумладан, 2021 йилда ушбу олийгоҳнинг бакалавриат йўналишини тугатган 19 нафар ёшлар билан уч томонлама шартномалар имзоланди.

Битта туманда 100 нафар шифокор етишмаслиги кўрикларнинг сифатига таъсир кўрсатмасмикан? Айниқса, ушбу вакант ўринларнинг катта қисми қишлоқ оилавий шифокорлик пунктларига тўғри келса.

Гулруҳ Мўминова.