Булунғурдаги айрим мактабларда таълим жараёнига тайёргарлик ишлари етарли ташкил этилмагани аниқланди

Булунғур тумани халқ таълими бўлими тасарруфида 69 та умумий ўрта таълим мактаби бор. Уларда 37152 нафар ўқувчи таълим-тарбия олади. 27115 нафар ўқувчининг ота-онаси фарзандининг бевосита мактабда анъанавий тарзда таълим олишига розилик билдирган.

68 та мактабда янги ўқув йилига тайёргарлик ишлари олиб борилган. 35-умумтаълим мактабида Инқирозга қарши курашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан реконструкция ишлари олиб борилиб, 270 ўринли қўшимча янги бино қурилмоқда. 7 та мактабнинг ҳожатхоналари янгидан қурилиб, қолган мактаб ҳожатхоналарида таъмирлаш ишлари амалга оширилган. Мактабларни янги ўқув йилига ва куз-қиш мавсумига тайёрлаш ишларига маҳаллий бюджетдан 2 миллиард 13 миллион сўмдан ортиқ маблағ ажратилган.

Карантин даврида мактабларнинг зарур санитар-гигиеник талабларга жавоб бериши юзасидан 5 сентябрга қадар 48 та умумтаълим мактабларида соғлиқни сақлаш ва санитария-эпидемиологик осойишталик маркази томонидан ўрганиш ишлари олиб борилган. 22 та мактабнинг 1416 нафар ўқитувчиларидан коронавирусга қарши тест олинган. Шунингдек, барча мактаб директорлари ва ўринбосарлари учун сектор раҳбарлари иштирокида халқ таълими бўлими, ички ишлар, соғлиқни сақлаш соҳалари масъул ходимлари томонидан карантин даврида мактаб фаолиятини ташкил этиш бўйича амалий семинарлар ўтказилган.

Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Саидаҳмад Усмонов билан биргаликда Булунғур туманидаги мактабларда бўлиб, янги 2020/2021 ўқув йили олдидан ушбу муҳим вазифаларнинг нечоғлик амалга оширилаётгани билан танишди.

Булунғур туманидаги Навбаҳор маҳалласида жойлашган 1-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабида қатор камчиликлар кўзга ташланди.

Мазкур мактабда карантин даврида таълим-тарбия жараёнларини ташкил этиш бўйича тайёргарлик етарли эмас. Намунавий дарс жадваллари шакллантирилмаган. Мактаб ҳудудида ободонлаштиришнинг аҳволи қониқарсиз. Деярли барча синфхоналарнинг ёритиш тизими носоз ҳолатда. Ҳожатхонанинг олдига ўқувчиларнинг қўл ювиши учун шароит яратилмаган. Ичимлик суви исроф бўлиб, беҳуда оқиб ётибди. Ш.Шерматов карантин даврида мактабда икки ёки уч сменада дарслар ташкил этилиши, ўқувчиларнинг карантин қоидаларига тўлиқ риоя қилишида ушбу камчиликлар жиддий муаммони юзага келтириши мумкинлигини қайд этди.

Афсуски, тумандаги Кафтархона қишлоғида жойлашган 14-умумий ўрта таълим мактабида ҳам худди шундай муаммолар мавжуд. Амалий семинарлар ўтказилганига қарамасдан, мактаб директорининг карантин даврида мактабда ўқув жараёнларини ташкил этиш бўйича аниқ режаси йўқ. Тоза ичимлик суви чиқадиган қувурга ақалли жумрак ўрнатишга ҳафсала қилинмаган, сув исроф бўляпти.

Шерзод Шерматов ушбу камчиликларни назорат қилмаган ва ўз вазифасига масъулиятсизлик қилаётган туман халқ таълими бўлими раҳбарияти ва мактаб директорларини огоҳлантирди. Мазкур мактабларнинг келгусида инвестиция дастурига киритилиши лозимлигини таъкидлади.

Халқ таълими вазирининг вилоятимиздаги мактабларни ўрганиши давом этмоқда.

Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати.