Буюк жадид - Исмоилбек Гаспирали музейида Маҳмудхўжа Беҳбудий дастхат ёзган китоб сақланади
Яқинда Самарқанд давлат чет тиллар институти ўқитувчиси Дилафрўз Раҳматова Қрим шаҳрига бориб, таниқли жадид яшаган уйда кўплаб материаллар билан танишди.
- Жадидчилик ҳаракати етакчиларидан бири Исмоилбек Гаспирали 1851 йилнинг 8 март куни Қримнинг Авжикўй қишлоғида туғилган, - деб ёзади Д.Раҳматова. - 1914 йилнинг 11 сентябрида 63 ёшида Боғчасаройда вафот этган. Қисқа умри давомида «Фикрда бирлик, ишда бирлик, тилда бирлик» ғоясини илгари суриб, барча туркий халқларни бирлаштиришни мақсад қилган. Исмоилбек Гаспирали ўз ғояларини кенг миқёсда тарқатиш мақсадида «Таржумон» газетасини ташкил этган. «Таржумон» газетаси Хитой, Туркия, Болгария, Миср, Франция, Швеция, АҚШ, шунингдек, Бухоро амирликлари ва Хива хонликлари ҳудудларига кенг тарқалган.
Исмоилбек Гаспирали «Фарангистон мактаблари», «Дарул роҳат мусулмонлари», «Африка мактублари», «Аёллар салтанати», «Арслон қиз», «Шарқ қайғуси», «Русия мусулмонлиги: мусулмоннинг фикрлари, эслатмалари ва кузатувлари», «Русия-Шарқ келишуви. Фикрлар, эслатмалар ва тилаклар» каби роман, ҳикоя, қисса, эссе муаллифидир. Унинг қаламига мансуб география, тарих, адабиёт, арифметикага оид дарсликлар, «Хўжаи субъён» қўлланмаси Туркистон жадид мактабларида ўқитилган.
ХIХ аср охири – ХХ аср бошларида Туркистонда вужудга келиб, жадидчилик номи билан шаклланган маърифатпарварлик ҳаракати кўп жиҳатдан Исмоилбек Гаспирали номи билан боғлиқ. Маърифат, матбуот, адабиёт ва театр, янги усулдаги жадид мактабларинининг Туркистонда ривожланишида Исмоилбек Гаспиралининг хизматларини яхши англаган зиёлилар адибни устоз деб билганлар.
Исмоилбек Гаспирали фаолиятини илмий жиҳатдан ўрганиш, бу борада янги маълумотлар тўплаш мақсадида яқинда Қримда бўлдим, таниқли жадид яшаган уйда кўплаб материаллар билан танишдим.
"Иккинчи жаҳон урушининг дастлабки йилларида менинг миллатим - қрим татарлари Ўзбекистонга сургун қилинган, - дейди Исмоилбек Гаспирали уй-музейи директори Элмира Абибуллаева. - Халқим ўз Ватанини ташлаб, ўзга юртга кўчиб ўтишга мажбур бўлган. Ўзбек халқи бизнинг ота-боболаримизни кутиб олган, уй берган, иссиқ овқатини, меҳрини дариғ тутмаган. Менинг ота-онам Наманган туманининг Поп туманида истиқомат қилган, ўзим ҳам ўша жаннатмонанд юртда туғилиб, вояга етганман.
Қрим татарларида бир гап бор. Буни бизнинг ота-боболаримиз доимий равишда такрорлаб туришади, биз эса ўз навбатида фарзандларимизга, ўсиб келаётган ёш авлодга етказамиз. "Ўзбекистон эли уруш йилларида бизни ўз бағрига олди. Биз буни унутмаслигимиз керак!".
Исмоилбек Гаспиралининг уй-музейида сақланаётган ҳар бир экспонат унинг фаолияти, ўша давр воқеалари тўғрисида қимматли маълумотлар беради. Маҳмудхўжа Беҳбудий Исмоилбек Гаспиралини ғоят ҳурмат қилган ва у билан учрашган вақтлари ўзининг бахтиёр дамлари эканлигини таъкидлаган. Айниқса, Истанбулнинг Гулхона боғида устози билан учрашгани, шу пайтда унинг соғлиғи ёмон бўлса-да, Туркистондаги мактаблар, маориф, маърифат, ноширлик ишлари билан қизиққанлигини ёзиб қолдирган.
Ҳужжатларнинг гувоҳлик беришича, Гаспирали Бухоро амирлиги рус босқинчиларининг талафотидан қай ҳолатда чиқишини тасаввур қилиб, хавотир олади. Чунки Исмоилбек Гаспирали Бухоро амири ҳузурида бир неча марта бўлиб, давлат тараққиётида «усули жадид» мактабларининг аҳамияти ҳақида қизғин суҳбатлар олиб борган. Бунинг натижасида III даражали Бухоро «Олтин юлдузи ордени» билан тақдирланган. Ушбу орден расми ва ҳужжатлари уй-музейда сақланмоқда.
Исмоил Гаспирали Туркистонга қилган сафари таассуротлари асосида газетада туркум мақолалар эълон қилган. Унинг «Бухоро ва Боқчасарой», «Боқчасаройдан Тошкентга саёҳат», “Марғиноний Бурҳониддин. Олим, «Ҳидоя» («Шариат») китобининг муаллифи” (сўнгги мақола «Таржумон» газетасининг тўрт сонида босилган) мақолалари Туркистон зиёлилари томонидан қизғин кутиб олинган.
Исмоилбек Гаспирали уй-музейида Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг «Мунтахаби жуғрофияи умумий» дарслиги мавжуд. Дарсликни муаллифнинг ўзи дастхат ёзиб, Гаспиралига тақдим қилган. Дарсликда Ўрта Осиё табиати, географияси, сув ҳавзалари, об-ҳавоси, тупроғи, тоғли ҳудудлари, водийлари, табиий бойликлари ҳақида маълумотлар берилган. Китоб 1905 йилда чоп этилганлигини ҳисобга олсак, унда турли географик расмларнинг берилиши мақтовга сазовор. Ўша даврда китобга расм босишнинг мураккаблигини бугунги кун ўқувчиси англамаса керак. Шунингдек, Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг форсий тилда ёзилган «Алифбои мактаби Исломия» алифбоси ҳам мавжуд. Дарслик 1905 йилда Самарқанддаги Демуров матбаасида чоп этилган.
Исмоилбек Гаспирали уй-музейида мумтоз адабиётимизга, жадидчиликка оид кўплаб китоблар мавжуд.
"Китоблар сони 100 га яқин бўлиб, улар Санкт-Петербург музейига олиб кетилди, - дейди Элмира Абибуллаева. - Биз 2017 йилда музей ташкил этилганлигининг 100 йиллигига бағишлаб, бу ерда сақланаётган барча китоб ва экспонатлар каталогини тузиб, нашр эттирдик".
Исмоилбек Гаспирали ҳаёти ва фаолиятини кенгроқ тадқиқ этиш Туркистон жадидчилик ҳаракати тўғрисидаги билимларимизни янада бойитади, тарихимизнинг ўрганилмаган жиҳатларига аниқликлар киритади.