Буюк саркарда, адолат ва улуғворлик тимсоли
Бугун, 9 апрель - Буюк саркарда, йирик давлат арбоби, илм-фан ва маданият ҳомийси, Соҳибқирон Амир Темур таваллуд топган кун.
1336 йилда Қашқадарёнинг Хўжаилғор қишлоғида таваллуд топган Амир Темур Самарқанднинг дунё сайқалига айланишида улкан ҳисса қўшган.
Соҳибқирон бу ерда бир-биридан гўзал, бетакрор обидалар – жоме масжиди, Кўксарой, Бўстонсарой, Шоҳи Зинда каби мақбараларни бунёд этди. Самарқандликлар дам олиб хордиқ чиқаришлари учун шаҳар ичида ва атрофида баҳаво, хушманзара 12 боғ-саройни яратди.
Чингизхон бошчилигидаги мўғуллар Самарқандни шу даражада вайрон қилган эдиларки, бу шаҳарни узоқ йиллар қайта тиклашнинг иложи бўлмади. 1370 йил Соҳибқирон Амир Темур Самарқандни ўз давлатининг пойтахти қилиб танлар экан, қадимги Самарқанд – Афросиёбни қайта тиклашдан кўра, янги шаҳарни бунёд этишни маъқул топди. Шу тариқа Амир Темур Самарқандни янги шаҳар сифатида қайта барпо қилди.
XIV асрнинг охирларига келиб, Самарқанд шу даражада обод ва гўзал, бой, улуғвор шаҳарга айландики, унинг кўрки олдида Шарқнинг гўзал шаҳарлари – Шероз, Миср, Бағдод, Султония ва Дамашқлар ҳам ўз кўркини йўқотгандек бўлди. Шу туфайли Соҳибқирон Самарқанд атрофидаги бир неча қишлоқларга юқоридаги шаҳарларнинг номини берди. Амир Темур Самарқандни ва самарқандликларни алоҳида меҳр-муҳаббат билан севарди. Шу сабабли бу шаҳарнинг ободончилиги, фаровонлиги йўлида бойлиги ва вақтини аямади, унинг фармонига кўра, самарқандликлар бир неча марта ҳар хил солиқлардан озод этилган.
Амир Темур илм-фан, санъат ва маданиятга чин маънода ҳомийлик қилганлиги туфайли Самарқандда меъморчилик, шеърият, илм-фан, монументал ранг тасвир, манзарали ранг тасвир, тўқимачилик санъати, наққошлик, кандакорлик, тоштарошлик, шишасозлик, кулолчилик ғоятда ривожланди. Ўз даврининг энг моҳир меъморлари Самарқандда осмонўпар биноларни қуриб, Амир Темур давлатининг шон-шуҳрати ва қудратини абадиятга муҳрладилар.
Самарқандда Амир Темур ва Мирзо Улуғбек даврида порлаган илм-фан, санъат-маданият маёғи Эрон, Ҳиндистон, Хуросон, Туркия каби давлатларда ҳам илм-фаннинг ривожига катта таъсир кўрсатди.
Тарих Амир Темурни македониялик Искандар, Доро I, Юлий Цезар каби йирик саркардалар билан бир қаторга қўяди.
«Куч – адолатдадир» шиори Соҳибқирон давлати ҳудудида ахлоқий ва маънавий мезонга айланган эди.
Амир Темур 1405 йил 18 февраль куни Ўтрор шаҳрида вафот этган.