Cамарқанд шаҳридаги Чашма ариғида "нефть" оқмоқда
Йиллар давомида уюлиб кетган турли чиқиндилар, шундоққина ариқ ёқасидаги хонадонлар ва ҳатто ишлаб чиқариш корхоналарининг оқова сувлари ариқни шу ҳолга келтирган. Афсуски, ҳудуддаги чиқинди муаммоси сувникидан минг чандон ачинарлироқ.
Мазкур маҳалланинг Fиждувон кўчасида яшовчи Ҳафиза Насриева таҳририятимизга мурожаат қилиб, ариқ бўйида яшовчилар чиқинди муаммосидан азият чекаётганини маълум қилди.
Ижодий жамоамиз билан борганимизда 500 метрдан зиёдроқ ҳудудда улкан чиқинди майдони, чиқиндилардан иборат ўнлаб тепаликларга дуч келдик. Ана шу тепаликларнинг шундоққина остида қурилган уйларда эса аҳоли истиқомат қилади.
Маҳаллада яқинда 30-31 октябрь кунлари сув тошқини юзага келиб, ўнлаб хонадонлар зарар кўрган. Тошқин ҳам айнан чиқинди сабаб юзага келган экан. “Нефть” билан қўшилиб оқаётган чиқиндилар сув устидаги кўприкка тиқилиб, сув тошиб кетган.
– Август ойида вилоят ҳокими ҳудудда бўлиб, ариқда тозалаш ишларини амалга ошириш бўйича тегишли ташкилотларга кўрсатма берганди, – дейди Фидойилар маҳалласи раиси Алкади Саъдиев. – Бир сира тозалаш ишлари олиб борилди. Аммо юқоридаги чиқинди тепаликларидан, аҳоли пунктларидан ариққа яна чиқинди тушиб, сув йўли тўсилмоқда. Яқинда 100 метр ариқни ковладик, аммо муаммони ҳал этиш осон бўлмаяпти.
Дарҳақиқат, 14 ноябрь куни ариқ бўйида ободонлаштириш бошқармасининг 12 нафар ходими ишлаётганига гувоҳ бўлдик. Бу ходимлар ҳам узоғи билан яна уч кунда ариқ чиқиндига тўлиб қолишини билдиришди.
Масаланинг яна бир томони бор. Ҳудудда яшовчилар чиқиндини йиғиш ва ташиш билан шуғулланувчи бирор корхона билан шартнома тузмаган. Маҳалла раисидан бу ҳолатга изоҳ сўраганимизда аҳоли бу чиқинди учун тўлов қилмаслигини билдирди. Яқин атрофда чиқинди ташлаш жойи ҳам йўқ. Хўш, чиқиндини ташиб кетиш йўлга қўйилмаган бўлса, чиқинди ташлаш жойи бўлмаса, бу ердаги антисанитар ҳолатдан азият чекаётган фуқароларнинг ўзи чиқиндини қаерга ташламоқда? Ҳеч ким олисдан келиб бу ерга чиқинди ташлаб кетмаган, аҳолининг ўзи йиллар давомида ана шу чиқинди тепаликларини юзага келтирган. Энди эса бу ҳудудда яшаб бўлмаяпти. Аҳвол шу даражага келиб қолганки, афтидан бир-иккита техника билан муаммони бартараф этиб бўлмайди. Ҳудудга жуда катта кўмак керак.
Юқоридаги ҳолатни кузатаркансиз, бир савол тинмай безовта қилади. XXI асрда, Самарқанддек шаҳарда чиқиндилар орасида яшаётган кўплаб хонадонлар, юзлаб фуқаролар тақдири бўйича давлат санитария ва эпидемиология назорати маркази, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш идоралари нега бонг урмаяпти? Ҳолатдан улар бехабар дейсизми?
Анвар МУСТАФОҚУЛОВ.
Баҳриддин ХОНКЕЛДИЕВ олган суратлар.