Чинорни ноқонуний кесган фуқаро 10 туп дарахт кўчати экиб парваришлайдиган бўлди

Ўтган куни ижтимоий тармоқларда Самарқанд шаҳри Рудакий кўчасида тунда йўл четидаги дарахтларни кесиб кетишаётганлиги акс этган видео лавҳа эълон қилинган эди.

Мазкур масалага ойдинлик киритиш мақсадида шаҳар экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш инспекцияси назорат инспекторлари томонидан суриштирув-ўрганиш ишлари олиб борилди.

Кузатишлар давомида Самарқанд шаҳрида яшовчи фуқаро Ҳ.Т. томонидан 1 туб чинор дарахти ноқонуний кесиб кетилганлиги аниқланди. Ҳуқуқбузарга нисбатан қонунда белгиланган талаблар асосида чора кўрилди. Яъни, Ҳ.Т.га табиатга етказган зарарини қоплаш мақсадида кесилган чинор дарахти ўрнига 10 туп қимматбаҳо навли дарахт кўчатини экиш ва парваришлаш вазифаси юклатилди.

Самарқанд вилояти экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ахборот хизмати.