Дам олиш кунлари Тахтиқорача довонининг баҳаво масканлари “кабобхона”га айланди

Ишонаверинг, худди шундай бўлди. Тўғриси, Рамазон ҳайити муносабати билан берилган дам олиш кунлари яқинлар, қавму қариндошлар зиёратидан ортгач, имкониятдан фойдаланиб, оила даврасида, тоғнинг ҳавосидан баҳраманд бўлиш учун Ургутнинг Қашқадарё билан чегарадош ҳудуди бўлган довон сари йўл олдик.

Йўл-йўлакай табиатнинг чиройига маҳлиё бўлиб бордик. Ростдан ҳам табиат инъом этган ажойиб манзаралар, ям-яшиллик, қушларнинг сайроғи-ю, арчалар баҳри дилингни очади. Аммо чиройли, манзарали тоғлар сари яқинлашарканмиз, тоза ҳаво билан кабобу, ўтин, турли ёқилғиларнинг ҳиди атрофни тобора ўраб борарди.

Ҳар бир чиройли табиатли масканларда тадбиркорлар томонидан махсус жойлар ажратилган бўлиб, у ерда жойлаштирилган сўри, чорпояларда дам олиш, шу ернинг ўзида овқат тайёрлаб, таом буюртма бериш ҳам мумкин. Бундай имконият дам олувчилар учун эҳтимол қулайдир, аммо табиат учунчи? Бу ҳақда ким ўйлаб кўради? Сабаби, кичикроқ бир масканнинг ўзида ўнлаб чорпоялар қўйилганки, уларнинг ҳар биридаги оила ўтин ёқаверса, қуюқ дарахт, неча йиллик арчалар барқ уриб турган маскан тез кунларда не аҳволга тушади?

Табиатга етказилаётган бундай муносабатни кўриб, тўғриси, дам олишга иштиёқ ҳам қолмади. Айниқса, дам олувчиларнинг гўё кунлаб оч юргандай таомдан бошқаси билан иши бўлмаслиги, еб-ичардан қолаётган чиқитлар, ҳаммаси дилни хира қилади. Бу ҳам майли, спиртли ичимлик ичиб, бақир-чақир қилаётган, тоғнинг осудалигини бузиб, ичкилик таъсирида баралла хиргойи қилаётганлар, тоғнинг юқорисига чиқиб олиб, ижтимоий тармоқларда тарқалган, видеодаги йигитдай алмойи-жалмойи гапларни баралла айтаётган ёш-яланглар... Сув ичиб, идишини ҳеч иккиланмай тоғ қаърига улоқтираётганлар, уларнинг орасида катта ёшлилар ҳам борлиги янаям ташвишли.

Хуллас, бундай манзара тоғнинг гўзал табиатига номутаносиблигидан кўнглингиз ранжийди. Қачон дам олишни ўрганамиз, дегинг келади! Умуман, табиат қўйнида дам олиш қачонгача спиртли ичимликларни бўкиб ичиш деган тушунча билан бирга келади? Бундан қутулишнинг имкони бормикан?

Хуллас, довоннинг манзарали ҳудудидан кўп саволлар билан қайтдим. Дам олиш маданиятимиздан бир уялган бўлсам, Самарқандда бир неча ойдан бери ишлаётган, ҳамроҳларимиз, хорижлик меҳмонлар олдида икки карра уялдим...

Гулруҳ МЎМИНОВА.