Дастурлар ижросида жамоатчилик назорати муҳим

Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг етмиш тўртинчи сессияси ўтказилди.

Сессияни Кенгаш котибияти мудири З.Каримов бошқарди.

Дастлаб Хитой Халқ Республикаси фуқароси Ли Хиангрунга “Фахрий фуқаро” мақомини бериш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.

Ли Хиангрун хоним Самарқанд шаҳридаги “AZIA METALL PROF” қўшма корхонасининг хорижий ҳамкори ҳисобланади. У умумий қиймати 359 миллион АҚШ доллари бўлган темир маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш ва мазкур корхонанинг самарали фаолият кўрсатиши учун фидойилик билан меҳнат қилмоқда.

Кенгаш Ли Хиангрунга “Фахрий фуқаро” мақомини бериш тўғрисида қарор қабул қилди.

Шундан сўнг вилоят суди раиси ўринбосари Т.Бойзоқовнинг вилоят судининг 2022 йил тўққиз ойида фуқаролар ҳуқуқлари ва эркинликларини, шунингдек, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини суд йўли билан ҳимоя қилишни амалга оширишга доир фаолияти юзасидан ахбороти эшитилди.

Қайд этилишича, ҳисобот даврида вилоят, туман ва шаҳар жиноят ишлари бўйича судлари томонидан 4361 нафар шахсга нисбатан 3454 та жиноят иши кўриб тамомланган.

Тамомланган ишлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 712 та (20,6 фоиз)га ҳамда шахслар сони 894 нафар (20,5 фоиз)га кўпайган. Тўққиз ойда вилоят судларининг барча инстанцияларида 13 та жиноят иши бўйича 14 нафар шахс оқланди.

Ҳисобот даврида судларга 39 минг нафар шахсга нисбатан 31826 та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар биринчи инстанцияга келиб тушган. Кўриб тамомланган фуқаролик ишлари эса 37300 тани ташкил этган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 10 мингтага кўп демакдир. Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати ҳамда шаҳар, туманлараро иқтисодий судлари томонидан  биринчи инстанция судида 14021 та иқтисодий ишлар мазмунан кўрилиб, 12421 та даъво қаноатлантирилган, 1262 таси эса рад қилинган.

Ахборот юзасидан депутатлар ўзларини қизиқтирган саволларга суд раиси ўринбосаридан жавоблар олди.

Кун тартибига мувофиқ, вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Ж.Ўроқов Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенатининг 2022 йил 13 сентябрдаги “Навоий ва Самарқанд вилоятларида янги иш ўринларини яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича амалга оширилган ишларни ўрганиш натижалари тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан ҳисобот берди.

– Сенат томонидан парламент назорати доирасида жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича амалга оширилган ишлар ижроси ўрганилиб, йўл қўйилган хатолар кўрсатиб берилган эди, – деди Ж.Ўроқов. – Биз бундан хулоса қилдик ва барча йўналишлар бўйича камчиликларни бартараф этиш учун чора-тадбирлар белгиладик. Бу йил олдимизга жуда катта марра қўйганмиз. 2021 йилда 40465 та иш ўрни ташкил қилинган бўлса, жорий йилда 635 минг аҳолини доимий ва мавсумий иш ўринларига жойлаштиришни режалаштирганмиз. Бунда янги иш ўринлари яратиш билан бирга, аҳолини ўзини ўзи банд қилиш тизимидан фойдаланяпмиз, фаолиятини тўхтатган тадбиркорлик субъектларига кўмаклашяпмиз, кичик бизнес субъектларини қўллаб-қувватлаяпмиз, уй меҳнати билан шуғулланувчилар сафини кенгайтириш ва аҳолини касб-ҳунарга ўқитишга эътибор қаратяпмиз. Ана шу чора-тадбирлар натижасида тўққиз ой давомида 543 минг кишининг бандлиги таъминланди. Лекин ҳали олдимизда кўплаб вазифалар бор ва уларни кенг жамоатчилик билан бирга ҳал этиш чораларини кўрамиз. Биринчи навбатда, аҳоли бандлигига мутасадди ташкилотларнинг масъулиятини оширишимиз, маҳалла ходимлари билан бирга ишсиз аҳоли қатлами ўртасида бандлик масаласи юзасидан тушунтириш ишларини кучайтиришимиз лозим.

Ҳисобот бўйича депутатлар саволлар билан бирга таклиф ва тавсияларини ҳам билдирди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 28 апрелдаги “2022-2026 йилларда Самарқанд вилояти ҳудудларини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳоли турмуш даражасини янада яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан вилоят ҳокимининг ўринбосари А.Шукуровнинг ҳисоботи ҳам қизғин муҳокама этилди.

Ушбу қарор билан аҳолига муносиб уй-жой ва яшаш шароитларини яратиш, ичимлик сув ва оқова таъминотини ривожлантириш, транспорт ва йўл инфратузилмасини ҳамда экологик вазиятни яхшилаш масалаларига оид чора-тадбирлар белгилангани таъкидланди.

Жумладан, реновация дастурлари асосида келгуси беш йилда шаҳарларда эскирган уйлар ўрнида замонавий уй-жойлар барпо этилиб, 200 минг нафардан зиёд аҳолининг янги массивларга кўчиб ўтиши учун шароит яратилади. Хусусан, Самарқанд шаҳрининг Ширин маҳалласи ҳудудида 372 гектар ер майдонида 40 минг 104 та хонадонли 390 та кўп қаватли уй, мактаб ва мактабгача таълим ташкилотлари, кўнгилочар масканлар, шифохона, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш мажмуалари, автотураргоҳ, спорт мажмуалари ҳамда маҳалла марказлари қурилади. Самарқандда илк бор шу ерда 12 та 40 қаватли, 48 тадан 30 ва 25 қаватли уйлар барпо этилади.

Бу каби ишлар Самарқанд шаҳрининг темирйўлорти ҳудудидаги маҳаллаларда ҳам амалга оширилади. Ушбу массивдаги архитектура ва шаҳарсозлик нормаларига жавоб бермайдиган бинолар бузилиб, уларнинг ўрнида 297 гектар майдонда 474 та 12-20 қаватли уйлар ва бошқа объектлар қурилади.

Ушбу тадбирларни амалга ошириш Самарқанд шаҳри ҳудудини кенгайтириш ва уни “Миллионлик яшил шаҳар”га айлантириш бўйича ишлаб чиқилган тегишли қарорда назарда тутилган. Шунингдек, Самарқанд шаҳрини 5 туманга бўлиш бўйича ишлар давом этмоқда. Шаҳарни 2026-2040 йилларда ривожлантириш концепцияси лойиҳаси тайёрланди.

А.Шукуров вилоятда инфратузилмани яхшилаш, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларини давом эттириш, чиқиндини қайта ишлаш, жамоат транспорти хизмати кўрсатишни такомиллаштириш, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш бўйича режалаштирилган тадбирлар ҳақида ҳам маълумот берди.

Депутатлар қурилиш ва коммунал соҳа билан боғлиқ кўплаб муаммо ва камчиликларни қайд этиб, ижро ҳокимияти органларидан белгиланган тартиб-қоидаларга амал қилинишини таъминлаш, шаҳардаги ноқонуний қурилишларнинг олдини олиш юзасидан кескин чоралар кўриш бўйича фикрларини билдирди.

Сессияда вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғи А.Иноғомов давлатимиз раҳбарининг  2021 йил 10 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури ҳамда бошқа давлат дастурлари ижроси устидан назоратни кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорининг ижроси юзасидан ҳисобот берди. Шунингдек, вилоят маҳаллий бюджетининг 2022 йил  иккинчи ва учинчи чораклар даромадлар режасининг ошириб бажарилган қисми маблағларидан фойдаланиш тўғрисидаги ва Кенгаш ваколатига доир бошқа масалалар кўриб чиқилиб, қарорлар қабул қилинди.