Давлат органларида низоларни судгача муқобил ҳал этишнинг янги тизими

Фуқароларга юзага келган низоли масалаларни судгача муҳокама қилишнинг очиқ майдонини яратиш, судлар иш ҳажмини камайтириш, давлат органларида низоларни судгача кўриб чиқишнинг янги тизимини жорий этиш, низоларни ҳал этувчи замонавий муқобил институтларни йўлга қўйиш талаб этилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2020 йил 17 июнь куни қабул қилинган “Низоларни муқобил ҳал этишнинг механизмларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори юқоридаги масалаларни ҳал этишга қаратилган. Қарорда белгиланишича, бундан кейин ишни судда кўришга тайёрлаш пайтида судья тарафлардан келишув битимини тузиш эҳтимолини ёки низони кўриб чиқишнинг муқобил усулларини қўллаш мумкинлигини аниқлайди. Низо суддан ташқарида ҳал этилишининг ҳуқуқий оқибатларини тушунтиради. Агар тарафларнинг низолари медиация, ҳакамлик судлари ёки арбитраж орқали кўрилиб ҳал этилиши йўлга қўйилган бўлса, эндиликда муқобил институт сифатида “Жисмоний ва юридик шахслар ҳамда давлат органлари ўртасидаги низоларни судгача ҳал қилиш бўйича апелляция кенгашлари” фаолият юритадиган бўлди.

Асосий жиҳат шундаки, Апелляция кенгашида жисмоний ва юридик шахсларнинг давлат органлари ёки мансабдор шахсларнинг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари ёки уларнинг қабул қилган қарорлари ёхуд ҳаракатсизлиги натижасида ўз ҳуқуқлари ва эркинликлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатлари бузилганлиги ҳақидаги мурожаатлари кўриб чиқилади.

Президент қарори билан Апелляция кенгаши тўғрисидаги низом тасдиқланди. Унда кенгашнинг вазифалари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари, фаолиятини ташкил этиш тартиби батафсил белгиланган. Низомга мурожаатларни кўриб чиқиш схемаси илова қилинган. Схемада мурожаатларни кўриб чиқиш босқичлари, масъуллари, амалга ошириладиган тадбирлар ва муддатлари аниқ кўрсатиб берилган.

Апелляция кенгашининг асосий вазифалари этиб:

- жисмоний ва юридик шахслар ҳамда давлат органи ўртасида юзага келадиган низоларни судгача кўриб чиқиш ва хулоса қабул қилиш орқали уларни ҳал этиш чораларини кўриш;

- мурожаатни кўриб чиқишда қонун ҳужжатида турлича талқин этилиши мумкин бўлган нормалар аниқланган. У амалиётда нотўғри ёки зиддиятли тарзда қўлланилган тақдирда, уларни белгиланган тартибда расмий шарҳлашни ташкиллаштириш бўйича чораларни кўриш;

- мурожаатни кўриб чиқишда аниқланган қонун ҳужжатларидаги бўшлиқларни бартараф этиш бўйича таклифлар киритиш ҳисобланади.

2020 йил 1 августдан бошлаб эксперимент тариқасида Давлат божхона қўмитаси, Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги, Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ҳамда Наманган, Бухоро ва Тошкент вилоятлари ҳокимликлари ҳузурида Апелляция кенгашлари ташкил этилмоқда.

Апелляция кенгаши тегишли давлат органи ҳузурида низоларни судгача ҳал қилиш мақсадида тузиладиган коллегиал-маслаҳат органи ҳисобланади. Унинг аъзолари ўз фаолиятини жамоатчилик асосида амалга оширади. Апелляция кенгашининг таркиби тегишли давлат органи раҳбарининг қарори билан икки ярим йил муддатга тасдиқланади. Апелляция кенгаши 7 нафардан 11 нафаргача аъзолардан иборат таркибда тузилиши мумкин. Апелляция кенгаши тавсиявий тусга эга бўлган хулоса қабул қилади. Апелляция кенгаши томонидан қабул қилинган хулоса уч кун муддатда давлат органи раҳбарига кўриб чиқиш учун, бошқа манфаатдор тарафларга маълумот учун юборилади.

Апелляция кенгашининг хулосасини қабул қилиб олган давлат органи раҳбари ёки унинг ўринбосари уни инобатга олиши ёки ёзма асослантирилган тарзда рад этиши мумкин. Бунда, давлат органи раҳбари ёки унинг ўринбосари қабул қилинган қарор тўғрисида уч кун муддатда Апелляция кенгаши ва тарафларни ёзма ёки электрон тарзда хабардор қилади.

Қарор билан Адлия вазирлигига Апелляция кенгаши ташкил этилаётган давлат органларининг бу борадаги фаолиятини доимий равишда мониторинг қилиб бориш ва тизимнинг самарали ишлашини таъминлаш мақсадида уларга амалий ва услубий жиҳатдан кўмаклашиш вазифаси юклатилган.

Хулоса қилиб айтганда, аҳолига низоларни суддан ташқари муқобил шаклларда ҳал этиш имкониятлари кенгайтирилмоқда. Олиб борилаётган суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар, аввало, инсонга қаратилган экан, унинг шаъни, қадр-қимматини ҳурмат қилиш, бузилган ҳуқуқларини зудлик билан тиклаш, низоли вазиятларни юмшатиш, фуқароларга ўзаро ишончли мулоқот майдонларини яратиш, маънавий қадриятларга риоя қилган ҳолда жамиятда ўзаро ҳурматни йўлга қўйиш ва ижтимоий муҳитни янада соғломлаштиришга ҳаракат қилинмоқда.

Гулнора ХУДАЙБЕРДИЕВА,

Тошкент давлат юридик университети ихтисослаштирилган филиали доценти, юридик фанлар номзоди.