Давлат раҳбари эртанги кунимиз бугунгидан яхши бўлиши учун осмондан чалпак ёғишини кутмасликни айтаяпти

24 январь куни давлатимиз раҳбарининг парламентга мурожаат қилиши кутилмоқда.

Президентимиз Олий Мажлисга тақдим қилган ҳар бир Мурожаатномасида келгусида эътибор қаратилиши лозим бўлган вазифаларни белгилаб бермоқда. Унга жамоатчилик, хусусан, мамлакатнинг қонун чиқарувчи ҳокимияти, олий вакиллик органининг эътиборини қаратмоқда.

Бу тарихий воқелик илк марта 2017 йил 22 декабрь куни нафақат парламент палаталари, шу билан бирга маҳаллий кенгашлар билан видеоконференция алоқа тизимида бўлиб ўтганди. Ўшанда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан биринчи марта мамлакатимиз парламенти – Олий Мажлисга Мурожаатнома тақдим этилди.

“Ҳокимларнинг ҳудудларни ривожлантириш, маҳаллий бюджетни ижро этиш, коммунал муаммоларни ҳал қилиш каби долзарб фаолияти устидан халқимиз ўз вакиллари орқали тегишли назоратни амалга оширишига имконият яратиб бериш бизнинг энг муҳим вазифамиз бўлиб қолиши зарур”.

Давлатимиз раҳбарининг илк мурожаатида айтилган бу гаплар бугун реал ҳаётга кўчди. Шунингдек, “Очиқлик ва ҳисоб бериш масъулияти давлат аппаратини самарали шакллантиришнинг муҳим шарти ҳисобланади”, деган гаплари ҳам қай даражада ижро этилаётганини кўриб, гувоҳи бўлиб турибмиз. Фақат битта нарса етишмаяпти: шахсий ташаббус.

Яшириб нима қилдик, қаердаки янгилик - хоҳ ижобий, хоҳ салбий бўлсин марказий ҳукумат ёки айнан давлат раҳбарининг топшириғи билан амалга ошяпти. Ваҳоланки, айнан ўша биринчи Мурожаатномада Президентимиз “янгича фикрлайдиган, ташаббускор, эл-юртга садоқатли кадрларга кенг йўл очиш бўйича самарали тизим ишлаб чиқиш” ҳақида гапирганди.

Тўғри, тизим бўйича муайян ишлар амалга ошириляпти. Аммо ҳамон ташаббускор, муаммоларни дадил кўтариб чиқадиган, уларнинг ечими бўйича аниқ таклифлар айтадиган кадрлар етишмаяпти.

Бундан ташқари, давлатимиз раҳбари халқ ноиблари – депутатларни фаол бўлишга чақиряпти. Уларни дадилликка ундаяпти. Афсуски, ҳозирча бу масалада маҳаллий Кенгашлардан садо чиқмаяпти.

Рост, парламент қуйи палатасида дадил, ташаббускор ва креатив фикрлайдиган айрим номлар кашф этилди. Улар кўпчиликнинг эътиборига тушди. Жамоатчиликнинг эътирофига сазовор бўлди. Аммо айрим раҳбарларнинг бундайлар тўғрисида салбий фикрлай бошлагани ҳам бор гап.

Давлатимиз раҳбарининг кеча Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатидаги чиқишлари кўпчиликка куч-қувват, ғайрат бағишлади. Дадил кўнгиллар чекинмаслигига турки бўлди.

Бир сўз билан айтганда, одамлардаги эртанги кунга ишонч, умид туйғуларининг олдини очиб, уларга янгича руҳ берди. Бахтли яшашимиз, эртанги кунимиз бугунгидан яхши бўлиши учун осмондан чалпак ёғишини кутмасликни айтаяпти Президент. Муҳими, шу эмасми?

Ёқубжон МАРҚАЕВ.