Депутат сўрови. Унинг ортида аҳоли муаммоси, унга ечим бўлиши зарурлиги турибди

Халқ депутатлари шаҳар Кенгашига депутат этиб сайланган кунимдан бошлаб, зиммамдаги масъулиятга муносиб иш олиб боришга қатъий бел боғладим.

Депутатлигимнинг илк кунларидан 17-Сўлим сайлов округи ҳудудидаги муаммоларни ўргандим.

Жумладан, Наврўз маҳалласи ҳудудида хонадонлар сонининг ортиши натижасида мавжуд электр трансформатор қуввати етмай қолган, уни юқори қувватлиси билан алмаштириш зарур. Шунингдек, 2 та янги трансформаторга эҳтиёж бор. Ҳудудга олиб келинган 1 та янги трансформатор номаълум сабабларга кўра марказий тармоққа уланмаяпти.

Шаҳар электр тармоқлари корхонаси раҳбарига шу хусусда, шунингдек, Чилқудуқ маҳалласидаги 6 та, Ёшлик маҳалласидаги 2 та трансформаторни алмаштириш зарурлиги, 2 дона янги трансформатор ўрнатиш кераклиги ҳамда ушбу икки маҳалладаги 270 та, Янгиқўрғон маҳалласининг Гумбаз кўчасидаги 10 та симёғочни алмаштириш бўйича депутатлик сўрови юбордим.

Ташкилот раҳбари имзолаган жавоб хатида мутасаддилар томонидан масала ўрганилганлиги ҳамда белгиланган муддатларда ижобий ҳал этилиши маълум қилинган.

Депутатнинг вазифаси жойлардаги муаммоларни ўрганиш, аҳолини қийнаб келаётган масалаларни масъулларга етказиш орқали уларга ижобий ечим топишдан иборат. Аммо айрим ташкилотларнинг масъуллари сўровларни жиддий қабул қилмаётганлиги, сиёсий масъулият йўқлиги кишини таажжубга солади.

Мисол учун, вилоят транспорт бошқармаси бошлиғига «Сўлим шаҳарчаси — Улуғбек шоҳбекати» йўналишидаги 80, «Сўлим шаҳарчаси — Темирйўл вокзали» йўналишидаги 5-рақамли автобус йўналишларини қайта тиклаш, мавжуд 31-автобус йўналишини 2 километрга узайтириб, “Сўлим 2“ маҳалла ҳудудини қамраб олиб, аҳолига қулайлик яратиш хусусида депутатлик сўрови жўнатдим. Шунингдек, сўровда 17-автобус йўналишини «Автомобиль эҳтиёт қисмлари» бозоригача узайтириш масаласи ҳам қайд этилган эди.

Вилоят транспорт бошқармаси бошлиғи Р.Тожиевдан келган жавоб хатида бош режага мувофиқ Самарқанд шаҳри, Сўлим шаҳарчаси орқали 17-рақамли «Сўлим шаҳарчаси — Эҳтиёт қисмлари бозори — Самарқанд тола» йўналишини ташкил этилиши айтилган. Бироқ тугатилган 80, 5-автобус йўналишлари ҳақида ҳеч қандай маълумот берилмаган.

Савол туғилади, бундай мутасаддилар давлат раҳбарининг “депутат сўрови халқ сўрови сифатида кўрилиши шарт”, “депутатга беписандлик – халққа беписандлик” деган талаби борлигини билармикан?

Шаҳар ҳокимлиги ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи Ю.Бобоназаровга Наврўз ва Чилқудуқ маҳаллаларидаги йўлларни таъмирлаш, Сартепа маҳалласидаги 300 метр йўлга асфальт ётқизиш ҳамда Янгиқўрғон маҳалласи ҳудудидаги ички кўчаларни таъмирлаш билан боғлиқ сўров жўнатдим.

Афсуски, ушбу сўровим жавобсиз қолмоқда.

Тўғри, амалдаги қонунчиликда бундай ҳолатда қандай ҳаракат қилиш кераклиги ҳам аниқ кўрсатилган. Зотан, депутат сўровини кўриб чиқишда қонунбузарлик учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга асосан жавобгарликка сабаб бўлади.

Албатта, бу билан кимгадир қонун кучини кўрсатиш фикридан йироқмиз. Маҳаллаларда ўтказилган учрашувларимизда асосий мурожаатлар йўлларнинг таъмирталаблилиги, коммунал соҳадаги масалалар, ишсизлик муаммоларидан иборат бўлмоқда. Демак, ушбу соҳаларда йиллар давомидаги эътиборсизлик, масъулиятсизлик оқибатида кўплаб муаммолар йиғилиб қолган. Уларни тезкорлик билан ҳал этиш ундан мушкулроқ муаммолар юзага келишининг олдини олади, албатта.

Муборак Ҳосилова,

халқ депутатлари шаҳар Кенгаши депутати.