Дунё мамлакатлари Янги йилни қандай кутиб олди?
Дунё бўйлаб миллионлаб одамлар 2021 йилни коронавирус пандемияси доирасидаги локдаунлар, чекловлар ва комендантлик соатлари билан кутиб олди. Чунки бутун дунёдаги расмийлар жамоатчиликни Янги йилни уйда кутиб олишга чақирганди.
Масалан, Туркиядаги барча шаҳарларнинг марказий кўча ва майдонларига чиқиш
31 декабрь соат 21:00 дан 1 январь соат 10:00 гача тақиқланди. tass.ru сайти хабарига кўра, Туркияда 4 январгача комендантлик соати жорий этилди. Ушбу чеклов тўғрисида Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған 14 декабрда маълум қилганди. Бундан ташқари, 31 декабрдан 4 январгача меҳмонхоналарда ҳар қандай оммавий кўнгилочар тадбирлар ўтказиш мумкин эмас.
Буюк Британия Бош вазири Борис Жонсон фуқароларни қоидаларга риоя қилишга ва Янги йилни уйда "тинчлик" билан кутиб олишга чақирди. Коронавирус инфекциясига чалинганлар сонининг кўпайиши сабабли Буюк Британия ҳукумати энг юқори даражадаги чекловларни жорий қилди.
Францияда 31 декабрь куни 100 мингга яқин полиция ва жандармалар байрам базмлари ва йиғинларини тўхтатди. Полиция асосий эътиборни шаҳар марказлари ва хавф кучли бўлган жойларга қаратди.
Германия канцлери Ангела Меркель 2020 йилни лавозимини эгаллаган 15 йилдан буён энг оғир йил деб атади. Соғлиқни сақлаш вазири Йенс Шпан мамлакатда "энг сокин Янги йил кечаси" бўлганини айтди.
Италияда 31 декабрь куни ҳам соат 22:00 дан комендантлик соати бошланди, бу изоляция режими 7 январга қадар амал қилади. Шу боис италияликлар ҳам Янги йилни уйда кутиб олди ва телевизорда байрам дастурларини томоша қилди.
Нью-Йорк ҳукумати анъанавий равишда тантанали Янги йил тадбирлари ўтказиладиган Таймс-сквер майдонини ёпди. Одамлар бу йилги байрам тадбирларини фақатгина трансляция ёрдамида онлайн ёки телевизорда кўришга мажбур бўлди.
Пандемияда изоляция режими учинчи маротаба кучга кирган Исроилда ҳам полиция байрам тадбирларини таъқиқ қўйди. Мамлакатда назорат дронлар ва вертолётлар орқали олиб борилди. 2 мингга яқин полициячи вазиятни назорат қилди.
Бироқ, Янги йил кечасида одамлар кўчага чиқиш имкониятига эга бўлган шаҳарлар ҳам мавжуд. Масалан, Дубайда минглаб одамлар Бурж-Халифадаги мушакбозлик ва лазер намойишини томоша қилишди. Уларнинг барчаси QR-кодлари ёрдамида рўйхатдан ўтказилди, ниқоб тақиш мажбурий бўлди.
Байрутда ҳукумат комендантлик соатини соат 3:00 га кўчирди. Ливан пойтахтида Янги йил куни барлар, ресторанлар ва тунги клублар меҳмонлар учун қайта очилди.
Ўзбекистонда эса коронавирус билан боғлиқ эпидемиологик вазиятнинг бироз барқарорлашганлигини инобатга олиб, Янги йил байрами муносабати билан 2020 йил 31 декабрь ва 2021 йил 1 январь кунлари тўйхона, меҳмонхона, ресторан ҳамда кафеларда 30 кишидан кўп бўлган кўнгилочар тадбирларни коронавирусга ПЗР тест ёки экспресс-тест текшируви асосида ташкил этилишига рухсат берилди.
Юртимизда Янги йил хуш кайфиятда кутиб олинди.