Дунё воқеалари қисқа сатрларда: Ямандан Исроилга ракета учирилди

Дунё воқеалари қисқа сатрларда: Баъзи мамлакат ва ташкилотлар Ғазонинг муваққат бошқарувчиси бўлиши мумкин. Эрдўғон Исроилни инсониятга қарши жиноятларда айблади. “Агар Украина ютқазса, Путин НАТОга қарши чиқади”ми? Қозоғистонда собиқ депутат судланмоқда. Хитойда маймун уч ёшли қизчани ўғирлаб кетди.
🔻 Вашингтон Ғазо секторини бошқариш вақтинчалик Яқин Шарқдаги айрим давлатлар ва халқаро ташкилотлар иштирокида амалга оширилишини тан олади. Бу ҳақда АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен АҚШ Сенати тингловида айтиб ўтди. "Биз ҲАМАС Ғазода ҳукмронлик қилган ҳолда, статус-квога қайтишга йўл қўя олмаймиз. Шунингдек, Исроилга Ғазони бошқариши ёки назорат қилишига рухсат бера олмаймиз”, деди у. Ғазоликларни қўллаб-қувватлаган намойишчилар Блинкеннинг Конгрессдаги нутқини тўхтатиб, ўт очишни тўхтатишни талаб қилишган.
🔻 Миср Ғазо сектори билан чегарадаги Рафаҳ назорат-ўтказиш пункти яқинида ўнлаб танк ва зирҳли техникаларни жойлаштирди. Мамлакат буни Фаластин-Исроил можароси авж олгани сабабли "минглаб қочқинлар оқимидан қўрқиб" амалга оширган. Миср ва Ғазо сектори чегарасида жойлашган Рафаҳ ўтказиш пункти бугун анклавдаги ярадор фаластинликларни қабул қилиш учун очилади.
🔻 Исроил армияси Фаластиннинг Ғазо секторига беш йўналишдан ҳужум қилмоқда. Ғазо сектори шимолида Исроил ҳарбийлари ва фаластин гуруҳлари ўртасида шиддатли тўқнашувлар ўтмоқда. Жанглар Байт-Ханун назорат пункти ҳудудида қайд этилган. Исроил ҳарбий-ҳаво кучларининг Ғазо секторидаги Жебалия қочқинлар лагерига уюштирган зарбалари натижасида 400 киши ҳалок бўлган ва яраланган. Шунингдек, Исроил ҳаво ҳужуми оқибатида Ал-Жазира телерадиокомпанияси муҳандисининг тўққиз нафар оила аъзоси ҳалок бўлгани айтилмоқда.
🔻 Колумбия Чилига эргашиб, Исроилдан ўз элчисини чақириб олган. Аввалроқ Боливия ҳукумати Исроил билан дипломатик алоқаларни узганини эълон қилганди.
🔻 Яман Ҳусийлари Исроилга уруш эълон қилди: исёнчилар биринчи зарбаларни беришгани айтилмоқда.
🔻 Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон “Ғарб ва АҚШдан сўзсиз ёрдам олаётган Исроил Ғазода инсониятга қарши жиноятлар содир этаётгани, ҳақиқий давлат уруш қоидаларига риоя қилинмаётгани – Ғазода содир этилган ҳарбий жиноятлар учун жавобгарлар қонун олдида жавоб бериши керак"лигини таъкидлади.
🔻 "Агар Россия урушда Украинани мағлуб эта олса, тажовузкор давлат тўхтамайди ва НАТОга аъзо давлатларга қарши чиқиши мумкин". Бу ҳақда Пентагон раҳбари Ллойд Остиннинг Сенатдаги баёнотида айтди. Украинага зарур ёрдам бермаслик охир-оқибат АҚШ қўшинларининг урушга жалб этилиши эҳтимолини ошириши мумкинми, деган саволга: "Албатта. Агар Путин муваффақиятга эришса, у Украинада тўхтамайди. Эртами-кечми НАТОга қарши чиқади ва биз бир-биримизга қурол қаратамиз", - деб жавоб берди Остин.
🔻 Қозоғистонда собиқ депутат судланмоқда. Октябрь охирида бошланган суд уни ўта йирик миқдорда пора олганликда айблайди.
🔻 Хитойда маймун уч ёшли қизчани ўғирлаб кетди. Унинг ота-онаси дарахт тагида ёлғиз қолдирган. Қидирув вақтида қизчанинг овози қоядан эшитилган. Унинг тирналган танасида маймуннинг бармоқ излари топилган.