Дунёнинг экологик жиҳатдан ўта ифлосланган шаҳарлари
Экологик нуқтаи назардан қараганда, 2019 йилда дунёнинг энг ифлосланган шаҳарлари орасида Украинанинг Чернобиль шаҳри етакчи ўринни банд этди. 1986 йилда Чернобилда содир бўлган техноген халокат ҳозирги кунга қадар унинг рейтингда етакчи ўринни банд этиб келишига сабаб бўлмоқда. Бироқ ушбу рейтинг аҳоли истиқомат қилаётган шаҳарлар ўртасида тузилган. Чернобиль эса “аҳолисиз” шаҳарлар рўйхатига киритилган.
10. Аккра (Гана)
Бу ерда электрон ускуналарнинг дунёдаги энг ўлкан чиқиндихонаси жойлашган. Ҳар куни Аккрага АҚШ ва Европадан ўз хизматини ўтаб бўлган тонналаб электрон техникалар олиб келинади. Маҳаллий аҳоли чиқиндилар ичидан бирон бир фойдали буюм қидиришади. Улар электрон чиқиндиларни ёқиб, ичидаги рангли металларни ажратиб олади. Узлуксиз пластик буюмларнинг ёниши турли заҳарли унсурларнинг атроф-муҳитга тарқалишига сабаб бўлади. Электрон буюмлар “қабристони” атрофидаги ҳаво таркибида меъёрдан бир неча юз баробар ортиқ бўлган: симоб, қўрғошин, кадмий каби кимёвий унсурлар мавжуд.
9. Ранипет (Ҳиндистон)
Терини қайта ишлаш заводи ушбу кичик шаҳарчани энг ифлосланган шаҳарлар рейтингидан жой эгаллашига сабаб бўлди. Мазкур завод терини қайта ишлаш ва бўяш учун бир қатор канцероген (зарарли) моддалардан фойдаланади. Оқибатда завод чиқиндихонасидаги зарарли чиқиндилар қисман ер ости сувларигача етиб боради. Бундай ҳолатда ичимлик сувининг сифати йўқолади, қишлоқ хўжалиги соҳаси жабр кўради.
Бир неча йил илгари Ҳиндистон ҳукумати заводнинг қайта ишлаш бўлимларидан бирини ёпган эди. Бироқ вазият ўзгармасдан қолмоқда. Ташкилот раҳбариятига тез орада зарарли чиқиндилар ҳажмини 50 фоизга қисқартиришга мўлжалланган лойиҳа тақдим этиш мажбурияти юклатилган.
8. Карабаш (Россия)
Карабаш шаҳри Челябинск вилоятида жойлашган. Ушбу шаҳар 2014 йилда “Россия Федерациясининг, мураккаб ижтимоий-иқтисодий вазиятда бўлган кўп тармоқли шаҳар тизимлари” рўйхатига киритилган.
Мисни қайта ишлашга ихтисослашган бу ташкилот деярли бир асрлик тарихга эга технологияларини ҳалигача янгиламаган. Узоқ йиллар давомида барча зарарли унсурлар атроф-муҳитга тарқаган, тозалаш тизими деярли қўлланилмаган. Завод ташкил этилаётганда тозалаш тизими ҳисобга олинмаган.
Тозалаш иншоотлари фақатгина 2005 йилга келиб ишга туширилди. Бу 2006 йилда “экологик фалокатли ҳудудлар” рўйхатига киритилган шаҳарнинг 2009 йилга келиб рўйхатдан чиқишига имкон берди.
2010 йилда бу ерда куз фаслининг эрта келиши ва иқлим ўзгариши расман қайд этилди. Июнь ойининг иккинчи ярмига келиб, ҳудуддаги барча ўсимлик оламининг барглари сарғайиб, дарахтлар барг ташлади.
Оқибатда қишлоқ хўжалиги ва маҳаллий аҳоли мисли кўрилмаган зиён кўрган.
7. Кабве (Замбия)
Кабве шаҳри мамлакат пойтахти Лусака шаҳридан 140 километр узоқликда жойлашган. ХХ аср бошларида бу ерда қўрғошин, ванадий ва рух (цинк) ер ости конлари топилган. Топилмани ўзлаштириш инфратузилмасини барпо этиш аҳоли истиқомат қилиш пунктининг ташкил этилишига сабаб бўлди.
1994 йилга қадар кон саноатининг тозалаш тизимисиз фаолият олиб бориши қуйидаги салбий оқибатларни юзага келтирди:
- Атроф-муҳит ифлосланиш даражаси белгиланган меъёрдан тўрт баробар ошиб кетди;
- Маҳаллий аҳолининг деярли барчасида кўнгил айниши, ички аъзоларнинг сурункали касалликлари, ич кетиш, ўткир қон заҳарланиши аломатлари қайд этилган;
- Энг даҳшатлиси, заҳарли концентрат моддалар ёш болалар ички аъзоларида ҳам аниқланган.
Тозалаш тизимининг жорий этилиши керакли натижани бермаяпти. Сабаби маҳаллий аҳоли заҳарланиб бўлган ва зарарли концентратлар уларнинг танасига сингиб кетган.
6. Норилск (Россия)
Россиянинг Норильск шаҳри дунёнинг энг ифлосланган шаҳарлари орасида ҳар йили етакчи ўринларни банд этиб келади.
Шаҳарда 200 000 минг аҳоли истиқомат қилади. Уларнинг ярми “Норилский Никел” металлургия комбинатида меҳнат қилишади. Бу ерда 10 дан ортиқ металл турлари қазиб олинади ва қайта ишланади.
Атмосферага ажралиб чиққан металл зарралари нафас олиш йўлларига кириб боради ва кўнгил айниши, ошқозон касалликлари, тана аъзоларининг сурункали хасталиклари каби салбий оқибатларга олиб келади. Бу ерда тозалаш тизимлари тез-тез янгиланади ва атмосферага ажралиб чиқаётган зарарли моддалар ҳажми камайишига олиб келади. Бироқ шаҳарни зарарли унсурлардан халос қилиш учун кўрилаётган чора-тадбирлар етарли бўлмаяпти.
5. Дакка (Бангладеш)
Бангладеш ўзининг кўп сонли аҳолиси билан машҳур. Пойтахт ва унга қўшни ҳудудлар аҳолиси буни яхши ҳис қилади. Бу шаҳарда жами бўлиб, 20 миллион аҳоли истиқомат қилади.
Бу ерда асосий транспорт воситаси “рикш” (аравага ўхшаш одам ташиш воситаси) ҳисобланади. Ҳар куни 400 000 ортиқ одам ташувчилар кўчага чиқади. Айнан улар шаҳардаги кўп километрлик тирбандликларни ҳосил қилади.
Буриганги дарёси қирғоғида жойлашган бандаргоҳга ҳар куни минглаб тонна чиқиндилар йиғилади. Чиқиндилар оқимини ҳеч ким назорат қилмайди. Дарёнинг суви шу қадар ифлосланганки, ундан таралаётган қўланса ҳид бир неч юз метр наридан сезилади.
Шаҳарнинг турли ҳудудларида тонналаб маиший чиқиндилар ва ўлик жониворларнинг таналари ёйилиб ётади. Чиқинди ва ўлик жониворлар таналари ўзларидан қўланса ҳид ва турли юқумли касалликлар тарқатади.
4. Дзержинск (Россия)
Нижегородск вилоятида жойлашган ушбу шаҳар оғир экологик аҳволга тушиб қолган. Дзержинск 2008–2013 йиллар давомида “Россиянинг экологик нуқтаи назардан энг шароити оғир шаҳарлари рейтинги”га киритилган. 2014 йилда атмосферадаги зарарли концентрат моддаларнинг камайиши муносабати билан шаҳар юқоридаги рўйхатдан чиқарилган.
Бироқ шунга қарамасдан, атмосферадаги зарарли унсурлар ҳажми юқори ҳисобланади. Экологик шароитнинг оғирлигига қуйидаги омиллар сабаб бўлмоқда:
- Шаҳар яқинида жойлашган йирик “Черная дыра” маиший чиқиндилар полигони;
- Бир нечта кимёвий чиқиндилар кўмилган масканлар. Улардан энг машҳури “Симазин” номи билан танилган чиқиндихона;
- “Белое море” кимёвий ер усти чиқиндихонаси.
3. Сукинда (Ҳиндистон)
Зангламас пўлат эритиб олиш учун зарур бўлган Ҳиндистон металл қазилма конларининг деярли барчаси Сукинда водийсида жойлашган. Водийга ёндош бўлган шаҳар атрофида очиқ усул билан кон қазиш ишлари олиб бориладиган 12 шахта фаолият юритади.
Оқибатда барча ишлаб чиқариш чиқиндилари ер сатҳида қолиб кетади. Айни вақтда йиғилган чиқиндилар ҳажми 35 миллион тоннани ташкил этмоқда. Йиғилган канцерогенлар орасида энг заҳарлиси олти валентли хлор ҳисобланади. Айни вақтда унинг атмосферадаги ҳажми кўрсатилган меъёрдан 3-4 баробар ошиб кетган.
Заҳарли моддалрнинг кўп қисми ер ости сувларига бориб қўшилади ёки Брахмани дарёсига оқизиб юборилади. Ўз навбатида, Брахман дарёси 3 миллион инсон учун ягона сув манбаи ҳисобланади.
2. Тянин (Хитой)
Тянин шаҳри аҳолиси 800 000 нафарни ташкил қилади. Уларнинг учдан бир қисми шифокорларнинг “жиддий касалликлар” рўйхатида туради. Шаҳар ўзининг қўрғошинни қайта ишлаш заводлари билан машҳур. Тянин Хитой бўйлаб қайта ишланадиган қўрғошин ҳажмининг тенг ярмини етказиб беради.
Шаҳарни қуршаб олган кўк рангли тутун асосий муаммо эмас. Асосий муаммо ер сатҳи таркибидаги қўрғошин зарраларидир. Зарралар ердан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва ичимлик суви таркибига ҳам ўтади. Оқибатда қўрғошин моддаси инсон танасига кириб боради ва уларнинг ҳаётига жиддий хавф солади.
Ушбу ҳудуд далаларида етиштирилган дон маҳсулотлари ички ва ташқи савдо учун тақиқланган. Уларнинг таркибидаги қўрғошин моддаси белгиланган меъёрдан 26 баробар кўп.
Линфэн (Хитой)
Ушбу ҳудуд дунёдаги энг ифлосланган шаҳарлар рейтинги етакчиси. Бир вақтлар бу маскан Хитой императорининг пойтахти бўлган. Ҳозирги кунда бу ер юзидаги экологик энг ифлосланган маскан.
Линфэнда табиий газ йўқлиги сабабли энергия манбаи кўмир ҳисобланади. Линфэн мамлакат бўйлаб қазиб олинадиган кўмирнинг учдан икки қисмини етиштиради. Ушбу шаҳарда атмосфера шунчаки ифлосланган эмас, бу ерда кислород деярли йўқ.
Атмосфера қуйидаги моддалар билан заҳарланган:
- кул;
- кўмир зарралари;
- азод оксиди;
- олтингугурт диоксиди;
- маргумуш;
- қўрғошин.
Линфэнда жойлашган завод ва фабрикалар ҳар куни атмосферага ҳаёт учун хавфли бўлган тутунлар чиқаради. Шу билан бирга, фабрика ва заводларда қайта ишлаш оқибатида заҳарланган сувлар ер сатҳига оқизилади. Бу ерда қуёшли кунда ҳам кўриш масофаси 300 метрни ташкил этади.
Хитой соғлиқни сақлаш вазирлигининг расмий баёнотига кўра, мазкур ҳудудда истиқомат қиладиган 3 миллиондан ортиқ аҳолининг соғлигида жиддий муаммолар бор. Яқин йилларда мамлакат раҳбарлари заҳарли чиқиндилар ҳажмини камайтириш мақсадида бир нечта кўмир шахталарини ёпишни режалаштирган. Бироқ бунинг бошқа томони ҳам бор. Шахталар ёпилса, маҳаллий аҳоли ишсиз қолади.
Бекзод МУСУРМОНОВ таржимаси.