"Душманинг дўст бўлиб, дўстларинг сотса, секин йиғиштиргин жомадонингни"

Бугун Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Исматулла Йўлдошев таваллуд топган кун.

У 1953 йил 10 майда Ургут туманида туғилган эди.

Исматулла Йўлдошев жамиятда ўзига хос из қолдириб кетди. Ургутнинг чекка Қўрғонча қишлоғида табиат гўзаллигидан завқ олган, Худо берган иқтидори билан унинг тасвирини чизишга интилган ўспирин Тошкентда ТошДУнинг ҳуқуқшунослик факультетида ўқиган бўлса-да, пойтахтдаги адабий муҳитни афзал билди.

Ўз соҳасида терговчилик, прокурорликни бинойидек уддалаб, ҳамкасблари ўртасида яхшигина мартабага эришди. Аммо қаламни қўлдан қўймади: тинмасдан ижод қилди. Шеърлар, шеърий драма, повест, киносценарийлар ёзди, Ёзувчилар уюшмасига аъзо бўлди.
Ҳаёт бўлганида И.Йўлдошев бугун 70 ёшга тўларди. Унинг дилбар шеърлари, барча асарлари ҳамон ўқилмоқда. Демак, у орамизда яшаяпти.

***
Бугун сен ҳукамо, эртага ўзга,
Зўр бўлсанг, гуноҳинг кўринмас кўзга.
Маймунлар йиғласа бир кун ҳолингга,
Шунда тушунасан, мен айтган сўзга.
* * *
Савобим ёнма-ён гуноҳим билан,
Азобим ёнма-ён шу оҳим билан.
Инсонни тергамоқ энг оғир савдо,
Чақирсанг борурман гувоҳим билан.
* * *
Қисматида не бўлса, банданг шунгадир сойим,
Амрингсиз бўлмагайдир, ерда қиёмат қойим.
Ўн саккиз минг оламнинг Сарвари ягонасан,
Ўзбекистон – болангни ўзинг асра, Худойим.
* * *
Ватансизлик дилни этади вайрон,
Хоҳи мусулмонсан, хоҳ кофир бўлсанг.
Энг оғир кулфат шу: бўлмагил ҳайрон,
Ўзинг ўз уйингда мусофир бўлсанг.
* * *
Сени тушунганга бергил жонингни,
Қизғанма мол-дунё, бурда нонингни.
Душманинг дўст бўлиб, дўстларинг сотса,
Секин йиғиштиргин жомадонингни...
* * *
Амалга эришсанг, ўзни унутма,
Хуш калом, ҳалол ризқ, сўзни унутма.
Эгнингда шоҳона либос бўлса-да,
Жандаи жулингни, бўзни унутма.
* * *
Дунёнинг алдови молу мулк, амал,
Нафсинг юрагингни қилмасин қамал.
Сенгача бу жаҳон кўпларни кўрди,
Вафоси бўлмади ҳеч вақт, ҳеч маҳал.
* * *
Нодонга эрк берсанг, кўпириб жўшар,
Бир сўзга қирқ ёлғон ўпириб қўшар,
Туяга мингину узоқни кўзла,
Осмонга тупурсанг – бошингга тушар.
* * *
Вақт ўтиб, умрингга тўлса паймона,
Сиғмассан тириклик номли айвона.
Қаноти бўлса ҳам олис кетолмас,
Ўт билан ўйнашиб ўлар парвона.
* * *
Заминдан қудратни олмаса чинор,
Бунчалик бўлмасди адл, пурвиқор.
Чинордек осмонга бўйлаб турсанг ҳам,
Заминдан оёғинг узмагил зинҳор.
* * *
Йигитлик фаслида омад бўлса ёр,
Нишонни тўғри ол, кетмасдан мадор.
Кексалик домига тутқун бўлганда,
Беҳуда зўриқиб, этма жонни xор.
* * *
Ёт элда сомонинг буғдой бўлмагай,
Ўз юртинг кўркидек чирой бўлмагай.
Ватанни қадрла, мукаррам тутгил,
Ўзганинг қарғаси ҳумoй бўлмагай.
* * *
Чўпон зийрак бўлса, подаси омон,
Нафсини ўйлаган кимса энг ёмон.
Авом бир-бирига қилмаса шафқат,
Ўшанда тескари айланар замон.

Исматулла Йўлдошев.