Эҳтиёжманд оилаларга микротўлқинли печь, тикув машинаси, мотокультиватор берилди
Иштихон туманидаги тўртта сектор қошида ташкил этилган ишчи гуруҳлари “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар хонадонларида бўлиб, уларнинг эҳтиёжларини бевосита ўрганди.
Жумладан, тумандаги 1-сектор ҳудудидаги Халқобод маҳалласида яшовчи 123 нафар ишсиз фуқаронинг бандлигини таъминлаш мақсадида 10 турдаги 123 та асбоб-ускуна, 17 та газ баллони топширилди. Оғир ижтимоий аҳволдаги хонадонларга 3 миллион сўм моддий ёрдам пуллари берилди.
Бундан ташқари, туман ҳокимининг сайёр қабулида 18 нафар фуқародан тушган мурожаатлар юзасидан микротўлқинли печь, тикув машинаси, мотокультиватор каби асбоб-ускуна ҳам ўз эгаларига берилди.
Шалдироқ қишлоғида истиқомат қилувчи Тўлқин Турсунов оилали, икки нафар фарзанди бор. Аммо ўзи ва турмуш ўртоғи ишсиз бўлганлиги сабабли “Темир дафтар”га киритилган. Т.Турсунов ҳар йили кўкламда қишлоқ аҳолисининг томорқасига қўл кучи билан ишлов бериб даромад топган. Туман ҳокими Шуҳрат Негматов унинг хонадонида бўлганида мотокультиватор берилишини сўради.
- Илтимосим эътиборга олиниб, менга мотокультиватор берилди, - дейди у. - Энди меҳнат самародорлигим ошиб, оиламга келтирадиган даромадим кўпаяди. Бу кўмакдан миннатдорман.
Шунингдек, бу ерда тумандаги касб-ҳунарга ўқитиш мактабларида тадбиркорликдан таълим олган 71 нафар йигит-қизга ўқув курсларини тугатганлиги ҳақидаги сертификат берилди.
Шу куни 4-сектор ҳудудидаги Зарбулоқ маҳалласи аҳолисининг учала дафтарга киритилган 107 фуқаросига 8 турдаги 107 та асбоб-ускуна берилди.
Иштихон тумани ҳокимлиги ахборот хизмати.