Экотуризм нима учун сайёҳликнинг энг муҳим йўналиши ҳисобланади?

Самарқанд узоқ йиллар давомида тарихий шаҳар сифатида сайёҳларни жалб этган бўлса, эндиликда туризмнинг бошқа йўналишлари, хусусан, экотуризмни ривожлантириш муҳим масалага айланяпти. Бунинг бир неча сабаблари бор.

Биринчидан, тарихий объектларни кўриш, бир неча соат, борингки, бир кунда “битадиган” жараён. Сайёҳларнинг ҳудудда кўпроқ бўлишига эришиш эса бюджет учун ҳам, сайёҳларга хизмат кўрсатувчи маҳаллий аҳоли учун ҳам даромад нуқтаи назаридан жуда муҳим.

Иккинчидан, дунёда замонавий туризмнинг энг муҳим йўналишига айланган экотуризм атроф-муҳитни муҳофаза қилишни тақозо этади, биоранг-баранглиликни, табиий ресурсларни сақлаш ва ҳатто кенгайтириш, умуман экология учун беқиёс аҳамиятга эга.

Шу билан бирга маданий меросни ҳам асраш ва маҳаллий иқтисодиётни ривожлантиришда жуда катта ўрин тутади. Аҳолига янги иш ўринлари яратиш ва иқтисодий ривожланиш имкониятини беради. Сайёҳлар томонидан сарфланадиган маблағ ўша ҳудудни бой қилади. Экотуристик ҳудудларда инфратузилма яхшиланиши билан бир қаторда ҳудуд аҳолиси меҳмонхоналар, умумий овқатланиш, транспорт хизматлари каби қатор соҳаларда банд бўлади.

Айнан шу жиҳатлар эътиборга олиниб, жорий йил бошида Президент қарори асосида Самарқанд туманида “Оҳалик — Оқбўйро — Миронқул” туристик-рекреацион зонасини ташкил этишга киришилди. Ҳозирги вақтда тумандаги учта ҳудудда лойиҳани амалга ошириш учун йирик қурилиш-ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда.

Лойиҳа туризм билан боғлиқ бўлгани сабабли унинг тарғиботи муҳим масалалардан бири. Шу сабабдан, Туризм қўмитаси томонидан блогерлар учун Самарқандга икки кунлик пресс-тур доирасида Самарқанд туманидаги биз тилга олган ҳудудга ҳам саёҳат уюштирилди.

Пресс-тур чоғида таъкидланганидек, ҳудудда амалга ошириш учун 73 миллион долларлик 130 та бирламчи лойиҳа шакллантирилган. Мисол учун, узунлиги 6 километр, 3 та тўхташ станциясидан иборат осма дор (канат) йўли ташкил этиш лойиҳаси ишлаб чиқилган. Шунингдек, 110 минг сайёҳни қабул қилиш имкониятига эга модулли дам олиш масканлари, меҳмонхона, кемпинг, эко-уй ва боғлар, чўмилиш ҳавзаларини ўз ичига олган 40 та лойиҳа таклиф этиляпти. Пресс-тур иштирокчилари ана шу объектлардан айримларининг қурилиш ишлари билан ҳам танишди.


Бу тоғли ҳудуднинг гўзал табиати, тоза ҳавоси туфайли шу пайтгача асосан болалар оромгоҳлари қурилган, аҳоли дам олиш масканлари ташкил этилган. Энди барпо этиладиган объектлар ичида экологик тез қуриладиган жойлаштириш воситалари, савдо-кўнгилочар ва бошқа туризм инфратузилмалар ҳам ўрин олган. 

Ҳудуддаги 6000 хонадонда 15 мингга яқин аҳоли яшайди. Умумий майдони 1697 гектар бўлган «Оҳалик», 414 гектардан иборат «Оқбўйро» ҳамда 2545 гектарда «Миронқул» тоғ туризми лойиҳалари амалга оширилса яратиладиган иш ўринлари нафақат ҳудудда ишсизлик муаммосини ҳал этади, балки бошқа ҳудудлардан ҳам малакали мутахассислар жалб қилиш имконини беради. 

Ҳудудда инфратузилма тўлиқ давлат томонидан, яъни республика ва маҳаллий бюджет ҳисобидан ташкил қилиб берилмоқда. Туризм ва хизмат кўрсатиш соҳаси объектларини эса маҳаллий ва хорижий инвесторлар амалга ошириши кўзда тутилган. Пресс-тур давомида кўриб билдикки, қурилаётган объектларнинг аксариятига маҳаллий инвесторлар пул тиккан. Айрим объектлар аллақачон ишга тушган.

2025-2026 йилларда туристик-рекреацион зона ва унга олиб борувчи йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш учун республика бюджетидан 31 миллиард, маҳаллий бюджетдан 8,9 миллиард сўм сарфланиши режалаштирилган. Вилоят маҳаллий бюджетидан йўл инфратузилмасини қайта қуриш, жорий ва мукаммал таъмирлашга ҳам 14 миллиард 700 миллион сўм ажратиш кўзда тутилган.

Электр энергияси тармоқларини қуриш ва таъмирлаш, ичимлик сув ва оқова тармоқларини қуриш, қайта қуриш ва модернизация қилиш республика бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади. Ҳудудда ахборот коммуникация-технологияларини ривожлантириш учун «Ўзбектелеком» аксиядорлик компанияси 97,4 миллион сўм сарфлаши белгиланган.

Самарқанд туманидаги мазкур ҳудудларни кўздан кечираркансиз, экотуризм учун қулай муҳит ва ресурс борлигига амин бўласиз. Қурилаётган лойиҳалар ҳам кичкина эмас, экотуризм йўналишида Самарқанддаги энг қизиқарли нуқталардан бири бўлиши шубҳасиз. Аммо... юқорида айтилганидек, бундай масканларга сайёҳлар яна ҳам кўпроқ келиши учун тарғибот муҳим рол ўйнайди. Туризм қўмитаси вилоятимиздаги маскан учун пресс-тур ташкил этганидан миннатдормиз. Бироқ, қўмита маълум бир маблағ сарфлаб шундай йирик тадбирларни ташкил қилар экан, республиканинг марказий босма нашрлари, нуфузли сайтлари, кенг аудиторияга эга бўлган ТВ каналларни ҳам кўпроқ жалб этса, айнан туризм йўналишида тажрибага эга бўлган профессионал журналистлар, кўп минг сонли ўқувчиларга эга тажрибали блогерлар таклиф қилинса нур устига аъло нур бўларди. Албатта, талабалар ва ҳаваскор блогерлар учун ҳам ушбу маскан эшиклари очиқлигини инкор этмаган ҳолда бу таклифни бирдирмоқчимиз.

Яна бир таклифимиз шуки, фикримизча туристик-рекреацион зонада ҳам профессионал мутахассислардан иборат медиа гуруҳи ишлаши лозим. Нафақат ўзбек, балки бир неча чет тилларда (ахир биз хорижий сайёҳлар кўпроқ келишидан умидвормиз) ҳудуднинг такрорланмас табиати, маданий бойликлари, дам олиш учун яратилган шароитлар ҳақда сифатли контент яратиш жуда муҳим. Токи, Самарқандда шундай жойлар борлигини сайёҳлар билиши лозим. Бу борада очиғи, оптимистмиз, ўйлаймизки, мазкур йўналишдаги ишлар аллақачон режага киритилган. Дарвоқе, Президент қарорига асосан “Туристик зонанинг тўлиқ географик жойлашувини унинг туризм объектлари ҳақидаги маълумотлари билан бирга “Gооgleе Маps”га жойлаштириш” ҳам кўзда тутилган, бу — энг муҳим, шарт бўлган вазифалардан бири, албатта.

Кейинги таклиф: Экотуристик йўналишлар бутун дунёда бор. Бундай жойларнинг аксариятида аллақачон анъанавий энергия таъминотидан воз кечилиб, шамол ва қуёш электр станциялари барпо этилмоқда. Биз тилга олган туристик зона эса ҳам шамол энергетикаси ҳам гелиоэнергетика бўйича етарли потенциалга эга. Демак, бу масалани ҳам ўйлаб кўриш керак.

Анвар Мустафоқулов.