Электр энергияси тармоқлари совуқ кунларда барқарор ишлайдими?
Истеъмолчиларни узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш шу куннинг долзарб масалаларидан бири. Соҳада кузатилаётган айрим саволлар кўпчиликни қизиқтириши табиий. Шу боис, уларга жавоб олиш мақсадида “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Самарқанд ҳудудий филиали директори Умид Назаровга бир нечта саволлар билан мурожаат қилдик.
- Тизимда модернизация ва реконструкция ишларини хавфсиз олиб бориш мақсадида қатор ҳудудларда мақсадли ўчиришлар амалга оширилди, - дейилади суҳбат учун юборилган саволларга берилган жавоб хатида. - Бу ҳақда “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ ва унинг филиаллари ҳамда энергетика вазирлигининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифа ва каналлари орқали камида бир сутка олдин хабарлар эълон қилиб борилмоқда.
Республикамизда об-ҳавонинг ҳаддан ташқари исиб кетгани электр энергиясини узлуксиз ва йўқотишларсиз етказиб беришда қийинчиликлар туғдирди. Истеъмолчилар томонидан ҳавони совутиш ускуналаридан фойдаланилиши натижасида электр энергиясидан фойдаланиш бир неча бор ошди. Оқибатда кабеллар куйиб, трансформаторлар ишдан чиқиши мумкин. Ушбу ҳолатлар содир бўлишининг олдини олиш мақсадида истеъмолчилар огоҳлантирилган ҳолда режали ўчиришлар амалга оширилмоқда.
- Истеъмолчиларга огоҳлантиришсиз узилиш оқибатида етказилган зарарни қоплаб бериш масаласи қай аҳволда?
- Ҳозирги кунда вилоятимиз истеъмолчиларига етказиб берилаётган электр энергияси таъминотини яхшилаш ҳамда электр энергияси истеъмоли лимити миқдорида электр энергияси етказиб берилиши борасида барча зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда.
Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 январдаги “Электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига кўра ҳудудий электр тармоқлари корхоналари электр тармоғи хўжалиги объектларининг режали таъмирланиши туфайли электр энергияси билан таъминлашдаги мумкин бўлган узилишлар тўғрисида вилоятимиз истеъмолчиларини “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖнинг Самарқанд ҳудудий филиалининг телеграмм канали ҳамда туман ва шаҳар ҳокимликлари расмий ижтимоий саҳифаларида эълон қилинмоқда.
Жорий йилда авария ҳолатидан ташқари, истеъмолчиларга огоҳлантиришсиз узилиш оқибатида етазилган зарарни қоплаб бериш бўйича бирор бир ҳолат бўлмаган.
- Ўтган қиш мавсумида фақат шаҳар халқ қабулхонасининг ўзига 300 дан кўпроқ электр таъминотидаги узилишлар билан боғлиқ мурожаатлар бўлган. Бу галги куз-қиш мавсумида бу рақам камаядими?
- Ўтган йили қиш мавсумида истеъмолчиларнинг электр энергиясига талаби кескин ошиши кунлик электр энергияси истеъмолининг ҳам ошишига олиб келди. Бунинг оқибатида ишлаб турган юқори кучланишли айрим электр узатиш тармоқларининг ҳимоя қурилмаларида қисқа муддатли ўчишлар такрорланиши кузатилди.
Жорий йил куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш бўйича “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Самарқанд ҳудудий филиали томонидан капитал таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.
- Шу ўринда ўтган йили қиш фаслида вилоятдаги ҳафталаб (балки ундан ҳам кўп) “свет”сиз қолган маҳаллаларда бу ҳол такрорланмаслиги учун 40 миллиард сўм маблағ зарурлиги айтилмоқда. Маълум бўлишича, ҳозирча бу маблағ манбаси аниқ эмас.
Демак, ўша ҳудудларда кунлар совиши билан яна ўтган йилги муаммолар такрорланадими?
- 2023-2024 йилнинг куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш бўйича 35-110 кВ кучланишли 13 та трансформатор, 2941,2 километр 0,4-110 кВ кучланишли электр узатиш тармоқлари, 6-10/0,4 кВ кучланишли 1174 та трансформатор пунктлари мукаммал таъмирланди.
Шунингдек, 35-110 кВ кучланишли 129 та трансформатор, 7012,8 километр 0,4-110 кВ кучланишли электр узатиш тармоқлари, 6-10/0,4 кВ кучланишли 2102 та трансформатор пунктлари жорий жорий таъмирланди.
Куз-қиш мавсумида фавқулодда аварияларни қисқа муддатларда бартараф этиш учун 36 та тармоқ трансформатори, 20,2 тонна трансформатор мойи, 75 та темир-бетон таянч, 1 тонна сим, 5,9 километр кабель ва 65 та кабель муфталаридан иборат захира яратилади.
- Ҳисоботларга таянилса, вилоятда тўлиқ АСКУЭ (электр энергияни ҳисоблашнинг автоматлаштирилган тизими)га ўтилган. Яъни, абонент ҳисобидаги пул маблағи тугаса, у тармоқдан автоматик узилиб, тўлов қилинса автоматик электр узатиш йўлга қўйилиши керак.
Аммо айрим истеъмолчиларга электр тармоқлари ходими қарзингиз бор экан, деганлиги ҳақида эшитиб қоламиз. Ва уни “ёпиб” бериш учун қўлга тушганлар ҳақида ижтимоий тармоқларда хабарлар берилади. Буни қандай изоҳлайсиз?
- Бугунги кунда вилоятда замонавий онлайн электр ҳисоблагичлар ўрнатилган бўлиб, аҳоли истеъмолчиларнинг ҳисобидаги пул маблағи тугаса масофавий автоматик тарзда ўчирилади. Аммо улгуржи истеъмолчилар ойнинг охирги кунларида ДК “Электрҳисоб” дастурида ҳисобот киритилгандан сўнг қарздорлик аниқланган тақдирда масофавий ўчирилади. Улгуржи истеъмолчилар томонидан тўлов амалга оширилса истеъмолчи тўлаган тўлов паттасини туман ва шаҳар электр таъминот ҳисобчиларига тақдим қилган тақдирда электр ҳисоблагич масофавий қўшиб берилади.
- Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси вилоят ҳудудий бошқармаси 2022 йил давомида 55 та мурожаатни ўрганиб истеъмолчиларга қарийб 7 миллион сўм нореал қарздорлик ҳисобланганини аниқлаган.
Инсон омили аралашмайди, дейилган тизимда бунга қай тариқа йўл қўйиляпти?
Ҳолат бошқалар билан ҳам такрорланмаслиги учун истеъмолчи нималарга эътибор қилиши, нималарни билиши керак?
- 2022 йил давомида қайта ҳисоб-китоб қилинган истеъмолчиларнинг электр ҳисоблагичлари эски русумли бўлганлиги сабабли кўрсаткичлари ДК “Электрҳисоб” дастур орасида фарқ юзага келиб қолган.
АСКУЭ тизимига мос электр ҳисоблагич ўрнатилган истеъмолчиларда инсон омили аралашмайди.
- МИБ вилоят бошқармаси 2022 йил якунига кўра, электр тармоқлари корхоналари фойдасига 21,5 миллиард сўмлик 414 та ижро ҳужжатлари мавжудлигини билдирган.
Бундай катта ҳажмдаги қарздорлик юзага келишида, табиийки, тизим ходимларининг ҳам ўз “ҳиссаси” бор. Истеъмолчилар қарздорлигини камайтириш, янада кўпайиб кетмаслиги учун нима ишлар қилиняпти?
- Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 январдаги 22-сонли қарорининг 70-бандига мувофиқ, қарздорлиги мавжуд бўлган истеъмолчиларни тармоқдан ўчириш ишларини ташкил этиш учун вилоят ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан қўшма фармойиш ишлаб чиқилиб, туман ва шаҳарлар бўйича Ишчи гуруҳлар тузилиб, ҳудудларда электр тармоғига ноқонуний уланиш ва талон-торож қилиш ҳолатларини аниқлаш қарздор истеъмолчиларни тармоқдан узиш ҳамда ундириш ишларини ташкил этиш учун рейд тадбирлари ўтказиб келинмоқда.
Бугунги кунда вилоят, туман ва шаҳар прокуратуралари орқали суд органларига топширилган материаллар асосида жорий йил 1 августгача МИБ вилоят бошқармасига электр тармоқлари корхоналари фойдасига 40,9 миллиард сўмлик 521 та ижро ҳужжатлари юборилган.
Бу борада туман ва шаҳар сектор раҳбарлари ҳам амалий ёрдам кўрсатиб келмоқда.
- Аслида бугун тизимда коррупция йўқолмаётгани, муаммолар бири иккинчисини яратаётганининг ҳам сабаблари шу – шаҳар ва туманларда таъминот йўқлиги, шу билан бирга тизимда хизмат қилаётганларга тўланаётган ҳақ кам эканлигида эмасмикан? Ҳудудларда ҳам таъминот масаласини йўлга қўйиш, хизматчилар даромадларини ошириш борасидаги ишлар ва режалар билан ўртоқлашсангиз.
- Тизимда меҳнат қилувчи ишчи ходимларнинг ойлик иш ҳақлари 2017 йилдан буён бир неча бор ошириб келинмоқда.
Электр энергияси тизимида коррупцион ҳолатларнинг ошиш сабабларидан бири - истеъмолчиларнинг ҳуқуқий саводхонлиги етишмаслиги, ўз ҳақ-ҳуқуқларини билмаслиги ҳамда Ўзбекистон Республикасида қонун устувор жазо муқаррарлиги ишчи-ходимларнинг онгига етиб бормаётганлигидадир.
Бу ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида “ҲЭТ” АЖ Самарқанд ҳудудий филиалида, туман ҳамда шаҳарлар электр таъминоти корхоналарида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва бошқа идоралар ходимлари билан ҳамкорликда тушунтириш ва профилактик тадбирлар ташкиллаштириб борилмоқда.
- Тизимда аҳволни ўнглаш учун салкам 150 миллиард сўм маблағ зарурлиги айтилмоқда. Бу давлат раҳбари имзолаган ҳужжат асосида қурилаётган битта шаҳарча – Ширин массиви учун сарфланадиган харажатга тенг.
Шундан келиб чиқилса, электр таъминоти учун республикадан бунча маблағ ажратилиши даргумон. Агар шундай бўлса, (яъни, республика бюджетидан маблағ ажратилмаса, табиийки, айни пайтда вилоят маҳаллий бюджетида бунга имкон йўқ) ҳолатни яхшилаш учун бошқа вариантлар борми?
- “ҲЭТ” АЖ Самарқанд ҳудудий филиали томонидан истеъмолчиларни узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш мақсадида, мавжуд объектларни инвестиция дастурлари, республика ва вилоят бюджет маблағлари ҳисобидан капитал ва мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Қўшимча равишда вилоят ҳокимлиги томонидан 0,4-6-10 кВ кучланишли тармоқлар ва трансформатор пунктларини модернизация-реконструкция қилиш ҳамда янгилаш мақсадида 16,4 миллиард сўм маблағ ажратилди. Натижада 100 та аҳоли пунктида электр энергия таъминоти яхшиланди.
Бундан ташқари, тизимдаги объектларни таъмирлаш ва янги объектлар қуришни молиялаштириш учун “ҲЭТ” АЖга маблағ ажратиш тўғрисида чора-тадбирлар режаси берилди.
- Кейинги вақтларда муқобил энергия манбаларидан (фотоэлектрстанция, қуёш панеллари) фойдаланишга катта эътибор қаратилмоқда. Айтингчи, айни пайтда вилоятдаги кунлик (балки, ойлик) истеъмолнинг неча фоизи муқобил манбалар ҳисобидан қопланмоқда.
- Президентимизнинг 2023 йил 16 февралдаги ПҚ-57-сонли қарори бажарилишини таъминлаш мақсадида қайта тикланувчи энергия манбаларидан электр энергияси ишлаб чиқариш учун қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, вилоятимиздаги ижтимоий соҳа ташкилотларининг 1074 та иншоот ва биноларида 787 та 12,2 МВтли, тадбиркорлик субъектларининг 382 та объектларида 3,3 МВтли ҳамда 3297 та аҳоли хонадонларида 3,6 МВтли қуёш панеллари ўрнатилиб, қўшимча 19,34 МВт электр энергияси ишлаб чиқариш қуввати яратилди.
Бундан ташқари, Нуробод туманида 100 МВт ли қуёш электр станцияси ишга тушурилиб, йил бошидан буён 184,5 млн.кВт.соат ҳамда Тойлоқ туманида 30 МВТли гидроэлектрстанцияси фаолияти йўлга қўйилиб, 15,2 млн.кВт.соат электр энергияси ишлаб чиқарилди.
Мазкур қарор асосида Каттақўрғон туманида дастлабки босқичда 100 МВт ҳамда Нуробод туманида 100 МВт.ли лойиҳалар ишга туширилиши режалаштирилган. Ушбу лойиҳалар ишга туширилиши натижасида кундузги вақтда 300 МВт қуёш электр станцияси орқали ҳамда “Шаудар” орқали 30 МВт электр энергияси етказиб берилиши таъминланади.
Ё.Марқаев суҳбатлашди.
***
Ушбу мақола Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгаши ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди гранти лойиҳаси асосида тайёрланди.