Энди 70 центнердан кам ғалла етиштирган фермер билан шартнома бекор қилинади

Вилоят инжиниринг компаниясида туман ҳокимларининг қишлоқ хўжалик масалалари бўйича ўринбосарлари, қишлоқ хўжалик бўлими бошлиқлари ва тадбиркорлар иштирокида ғаллачилик тармоғида агрокластер ташкил этиш ва пахта қабул қилиш пунктларини мавсумга тайёрлаш борасида йиғилиш ўтказилди.

Тадбирда қайд этилишича, ҳар бир туманда ўртача 5 минг гектар ер майдонига эга 3-4 тадан давлат тасарруфида бўлмаган агрокластерлар ташкил этилади. Бу албатта маҳсулот етиштирувчиларга қулайлик яратиб, қайта ишловчи корхоналар ўртасида ҳалол рақобат муҳитини шакллантиради.

- Агрокластерда фермернинг ер майдони олиб қўйилмасдан у билан шартнома тузилади, ҳатто фермернинг ўзи агрокластер ташкил этиши ҳам мумкин, - деди вилоят ҳокими Э.Турдимов. – Шу билан бирга давлатга ҳар гектар майдондан камида 40 центнердан ғалла сотади ва 70 центнердан кам ҳосил олган фермер хўжалиги билан ер ижара шартномаси бекор қилинади. Бу бир қарашда мушкул вазифадай туюлиши мумкин, аммо Самарқанд замини ғалла етиштириш учун энг қулай маскан ҳисобланади ва бу ерда сув тежовчи технологияларни қўллаган ҳолда ҳар гектар майдондан 100 центнердан ҳосил олиш мумкин. Бу ислоҳотлар, аввало, ердан унумли фойдаланиш, хом ашёни қайта ишлашни кўпайтириш, соҳада давлат улушини камайтириш, янги технологиялар олиб келиш ҳамда пировардида солиқ ва бюджет юкини енгиллаштиришга қаратилган.

Терим мавсуми олдидан пахта қабул қилиш шохобчаларининг тайёргарлиги бўйича туманлардаги ўрганилган ҳолатлар таҳлил қилинди. Пахта қабул қилиш пунктларида торозилар созлиги ва том қисмларининг ёпилганлиги, ёнғин хавфсизлигига риоя этилиши,техникалар ҳаракатланиши учун шароит яратиш, шунингдек мавсумда қатнашадиган ҳар бир техниканинг созлиги текширилиб, рақамланган ҳолда мавсумга шай ҳолга келтириш борасида мутасаддиларга аниқ топшириқлар берилди.

Ўктам Худойбердиев,

Zarnews.uz мухбири.