Ер юзидаги одамлар яшайдиган хавфли жойлар
Ер – бизнинг умумий уйимиз. Унинг ҳар бир бурчаги ҳаёт учун мос келадиганга ўхшайди. Бироқ, биз ўз ўзимиз учун яратган шинам уйдан ташқарида, ҳаёт учун унчалик қулай бўлмаган жойлар ҳам бор.
AdMe.ru сайти гарчи хавфли кўринсада, ҳали ҳам бировлар истиқомат қилиб, у ерни ўзининг шинамгина оилавий уясига айлантириб олган бир неча ажойиб жойни тўплади.
Кастельфольит-де-ла-Рока, Испания
Кастельфольит-де-ла-Рока – Испаниянинг Жирона провинциясида жойлашган муниципалитет. У минг йиллар олдин қотиб қолган лавадан ҳосил бўлган қояда жойлашган.
Муниципалитет жойлашган базальт қоясининг узунлиги тахминан 1 километр, баландлиги эса 50 метрга яқин. 2010 йил ҳолатига у ердаги қишлоқ аҳолисининг сони 1048 кишини ташкил қилган.
Сюанькун-си осма монастири, Хитой
Бу ибодатхона мажмуаси 491 йилда муқаддас Хеншань тоғи яқинидаги қояда жойлаштирилган. У буддачи, даос ва конфуциячилар меҳробларини бирлаштиради. Тик ёнбағир девор бўйлаб кўплаб хоналар бор, қоянинг ўзидан биноларнинг орқа девори сифатида фойдаланилади. 1982 йилдан бошлаб мажмуа Хитой Халқ Республикасининг миллий ёдгорлиги сифатида ҳимояга олинган.
Лихтенштейн қалъаси, Германия
1840-1842 йилларда қурилган ва бугунги кунда Урах герцогларига тегишли бу афсонавий қалъа 817 метр баландликда жойлашган. Бу ерда тарихий қурол ва зирҳлар тўплами жойлашган бўлиб, бу жой ташриф буюрувчилар учун доимо очиқ.
Метеора монастирлари, Греция
Метеора монастирлари ўша пайтдаги қароқчилар босқинидан хавфсизлик кафолати сифатида тик жарликларида жойлаштирилган эди. Бу ерда бутун тарих давомида 22 ёки 24 та монастир қурилган. Ҳозирда кўплари вайронага айланган ва бугунги кунда атиги олтита – тўртта эркаклар ва иккита аёллар монастирлари сақланиб қолинган.
Калапана, Гавайи
1986 йилдаги вулқон отилишларидан сўнг лава бу жойни арвоҳ-шаҳарга айлантирди. Шаҳарга кириш йўллари ёпиқ бўлишига қарамай, у ерда ҳозир ҳам бир неча оила яшайди. 2010 йил ҳолатига кўра Калапанада 35 та уй бўлган.
Дарахтлар учидаги уйлар, Индонезия
Баландликларда, баъзан ердан 50 метр тепаликдаги дарахт уйларни қуриш билан машҳур коровай қабиласи Индонезиянинг Папуа вилоятининг жануби-шарқий қисмида яшайди. Қабила шу тарзда ўзини сув тошқинлари ва аёллар ва болаларни қулликка олиб кетмоқчи бўлган душман қабилаларининг ҳужумларидан ҳимоя қилади.
Сольве кулбаси, Швейцария
Бу тоғ кулбаси денгиз сатҳидан 4003 метр баландликда жойлашган. Кулбада 10 та ётоқ ва симсиз телефон ўрнатилган. Тоғ сайёҳларининг бу ерга фақат об-ҳавонинг ёмонлашуви билан боғлиқ ҳолда тўхташи мумкинлигини ҳисобга олиб, бир неча кунга етадиган айниб қолмайдиган озиқ-овқат захиралари ҳам жамланиб қўйилган.
«Қулаётган» бинолар шаҳри, Сантос, Бразилия
Бу қирғоқ ланшафтидаги камчиликларни бир қарашда кўриш мумкин. Ушбу биноларнинг пойдеворини қўйиш пайтида хатоликларга йўл қўйилган. Чуқурлик етарли бўлмганлиги сабабли пойдеворлар катта бинолар учун жуда заиф бўлиб чиқди. Энди бу хатоларни тузатиш мушкул. Бинолар «рақс» қилиб туришига қарамай, жасур ижарачилар ҳозир ҳам уларда яшаб келмоқда.
Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.