ЕТТБ Марказий Осиёдаги биринчи қайта тикланадиган водород лойиҳасини қўллаб-қувватлайди
Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) Марказий Осиёда биринчи қайта тикланадиган водород лойиҳасини молиялаштириши ҳақида эълон қилди.
Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги элчихонаси маълумотига кўра, мазкур лойиҳа доирасида Ўзбекистон ҳудудида 20 мегаваттли электролизер ва 52 мегаваттли шамол электростанциясини барпо этилади.
Қайд этилишича, ЕТТБ "ACWA Power UKS Green H2" компаниясига ушбу объектларни ишлаб чиқиш, лойиҳалаштириш ва қуриш учун жами 65 миллион АҚШ доллари қийматида маблағ ажратади.
Ўзбекистон томонидан ушбу лойиҳанинг асосий ижрочиси этиб "Ўзкимёсаноат" АЖ белгиланган.
"Углеродни энг кўп талаб қилувчи ва карбонсизлаштириш қийин бўлган саноат тармоқларига эга минтақада ЕТТБ илк бор бунақа лойиҳани молиялаштиряпти", деди банкнинг Барқарор инфратузилма гуруҳи бошқарувчи директори Нандита Паршад.
Такидланишича, ушбу объектлар эксплуатацияга топширилгандан сўнг йилига 3 минг тоннагача қайта тикланувчи водородни ишлаб чиқаради ҳамда 22 минг тоннагача CO2 чиқиндиларини камайтиради.
Штаб-квартираси Лондонда жойлашган Европа тикланиш ва тараққиёт банки 1991 йилда ташкил этилган. Ўзбекистон тўрт йил давомида ЕТТБ томонидан энг кўп молиялаштириладиган Марказий Осиёдаги давлат бўлиб қолмоқда. Бугунги кунда ЕТТБ республика ҳудудида 164 лойиҳани амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон иқтисодиётига салкам 5 миллиард АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратган. Молиявий ёрдамнинг асосий қисми хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга йўналтирилган, дея хабар бермоқда "Дунё" АА.