ЕТТБ Президенти Самарқанд анжумани муваффақиятли ўтганини таъкидлади

Самарқандда ўтказилаётган Европа тикланиш ва тараққиёт банки Бошқарувчилар кенгаши мажлиси доирасида банк Президенти Одиль Рено-Бассо хоним иштирокида матбуот анжумани ўтказилди.

Матбуот анжуманида ЕТТБнинг 32-йиллик йиғилиши якунлари ҳақида маълумот берилди.

Одиль Рено-Бассо хоним Самарқанд анжумани юқори савияда ташкил этилгани ва унда 2,5 мингдан ортиқ иштирокчи қатнашганини юксак баҳолаб, бунинг учун Ўзбекистон раҳбариятига миннатдорлик билдирди.

– Барча учрашув ва панел сессиялар, мунозаралар жуда яхши ўтди, – деди Европа тикланиш ва тараққиёт банки Президенти Одиль Рено-Бассо. – Бошқарувчилар кенгаши банкимиз тарихидаги энг катта пакетни имзолади. Унда биз билан ишлаётган ва ташқарида бўлган давлатларга тегишли учта асосий йўналиш белгиланди.

Биринчиси, Украинага бугун ва кейин мамлакатни тиклаш жараёнларида ҳам ёрдам бериш, иқтисодиётни қўллаб-қувватлашга қарор қилдик. Ўтган йил якунлари бўйича ҳам ЕТТБ ушбу давлатга энг кўп ёрдам кўрсатган халқаро ташкилот бўлди.

Иккинчиси, географик доирамизни кенгайтириб, субсахара Африка давлатларига ёрдам берамиз. Бу мамлакатларда одамлар турмуш тарзини яхшилаш, иқтисодиётни ривожлантириш учун инвестиция киритамиз.

Учинчиси, банкимизнинг мавжуд ресурсларни янада бойитиб, инвестицион лойиҳаларни кўпайтирамиз.

Бундан ташқари, Ўзбекистонда, умуман, Марказий Осиёда келгусида бажарадиган учта стратегик йўналишларни белгилаб олдик. Булар “яшил иқтисодиёт”, инкюлзивлик ва рақамлаштиришдир. Ҳар бир йўналиш бўйича истиқболли лойиҳалар амалга оширилади. Ишловчи капиталларимизни оширамиз.

Ўтган йилги фаолиятимиз сарҳисоби дунё миқёсида мамлакатларга рекорд даражада инвестициялар киритганимизни кўрсатди. Айниқса, энергетика, “яшил иқтисодиёт”, озиқ-овқат хавфсизлиги йўналишларида сармояларимиз салмоқли бўлди. Келгусида ушбу йўналишлар устувор бўлиб қолади. Иқтисодиёт барқарорлигини таъминлаш учун инвестицияларимизнинг 50 фоизи “яшил иқтисодиёт”га йўналтирилди.

Матбуот анжумани якунида ЕТТБ президенти оммавий ахборот воситалари вакиллари саволларига жавоб берди.