Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Европада ҳам эҳромлар борлигини биласизми?

Бу баҳри-муҳитда шундай жойлар, жониворлар борки, улар ҳақида эшитиб, беихтиёр “Йўғ-э!”, деб юборасиз. Қуйида берилаётган хабарлар ҳам сизни ҳайратлантирмай қолмайди.

Қўнғиз баҳодир

Агар ҳажмига, куч мутаносиблига қараб эътибор берилса, дунёда энг полвон жонивор гўнг-қўнғиз ҳисобланар экан.

Олимлар ўтказган лаборатория экспериментларида гўнг-қўнғиз ўз оғирлигидан 1141 марта кўп оғирликни тортиши маълум бўлди. Агар одамзот ҳам шундай кучга эга бўлганида 82 тоннани бемалол торта оларди.

Заҳарли чумоли

Австралиянинг қирғоқбўйи ҳудудларида яшовчи чумоли – бульдог дунёда энг хавфи юқумли ҳашорат ҳисобланади.

У ўта тажовузкор, заҳарли ва одамлардан мутлақо қўрқмайди. Ушбу ёвуз чумоли билан тўқнашув оқибатида одамларнинг уч ўлим ҳолати қайд этилган.

Жом минораси

Баландлиги бўйича жаҳонда Деҳлидаги пишиқ ғиштдан қурилган Қутб минорасидан кейин иккинчи ўринда турадиган Жом минораси Афғонистоннинг шимолий-ғарбий қисмида кўкка бўй чўзган.

У XII аср охири ва XIII аср бошларида бунёд этилган. Унинг мукаммал тузилиши, ҳайратомуз нақшлари ўрта аср афғон қурувчилари маҳоратидан дарак беради. Пишиқ ғиштдан қурилган бу ноёб архитектура асари ҳамон кишини лол қолдиради. Унинг баландлиги 65 метр.

Эллинико эҳроми

Европада ҳам эҳромлар борлиги кишига ғалати туюлади. Аммо бу бор гап. Биргина Грецияда улар 26 та. Энг машҳури мамлакатнинг Арголд текислигида жойлашган Эллинико эҳроми.

У ҳақда қадимий қўлёзмаларда эслатилганидан бошқа маълумотлар йўқ. 1995 йилда археологлар Эллинико эрамиздан аввал 2720 йилда қурилган, деган хулоса келган. Бу Мисрда 2650 йилда барпо этилган Жосер эҳромидан салкам 100 йил олдин қурилган, дегани. Агар бу сана тўғри бўлса Эллинико дунёдаги энг қадимий эҳром бўлиб чиқади.

Аммо энг сирли жумбоқ унинг ёшида эмас: уни ким, нега, нима мақсадда қурган, қандай вазифани ўтаган, деган саволга жавоб йўқлигида.

Т.Шомуродов тайёрлади.