Фан олимпиадасининг Республика босқичи ғолиблари аниқланди: Улар тест синовларисиз ҳамда қўшимча имтиҳонларсиз кириш имтиёзига эга бўлдилар

Жорий йилнинг 8 июнь куни Тошкент қурилиш ва миллий ҳунармандчилик касб-ҳунар коллежида академик лицейлар, касб-ҳунар коллежи ва умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида умумтаълим фанлари бўйича Республика олимпиадасининг IV босқичи бошланган эди, деб хабар бермоқда халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати. 11 июнь куни Тошкент шаҳридаги Турин политехника университетида ушбу республика фан олимпиадасининг ёпилиш маросими ва ғолибларни тақдирлашга бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирда Халқ таълими вазирининг биринчи ўринбосари Алишер Умаров, Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари Муродилла Холмуҳамедов ҳамда ҳамкор ташкилотлар вакиллари иштирок этиб, олимпиада совриндорларини қутлаган ҳолда уларга келажакда улкан зафарлар тилади. Шунингдек, ғолибларга дипломлар ва олий таълим муассасаларига тест синовларсиз ҳамда қўшимча имтиҳонларсиз кириш имтиёзини берувчи гувоҳномалар топширилди.

Олимпиаданинг IV-босқичи 18 та умумтаълим фанларидан (махсус мактаб-интернати ўқувчилари учун она тили ва адабиёт ҳамда математика фанларидан) ўтказилди. Мазкур босқичда 1059 нафар (448 нафари академик лицей ва касб-ҳунар коллежи, 611 нафари мактаб ўқувчилари) ўқувчилар иштирок этди.

Олимпиадасининг республика босқичи якунига кўра, жами 18 та фандан 53 нафар ўқувчи ғолиб деб топилди ва шундан 20 нафари 1-ўринга, 18 нафари 2-ўринга ва 15 нафари 3-ўринга сазовор бўлди. Жамоалар ҳисобида эса Тошкент шаҳри 12 та совринли ўрин билан 1-ўринни, Навоий вилояти ва Қорақалпоғистон Республикаси 5 та ўрин билан 2-ўринни, Андижон, Наманган, Сирдарё ва Сурхондарё вилоятлари 4 та ўрин билан 3-ўринни эгаллашга муваффақ бўлди.

Жараёнларнинг ҳаққоний ва шаффофлигини таъминлаш мақсадида ҳакамлар ҳайъати ва аппеляция комиссияси таркиби Халқ таълими вазирлиги, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази, олий таълим муассасалари ректорлари таклифлари асосида Давлат тест маркази вакили, Фанлар академияси институтларининг етакчи педагог-олимлари, олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ва умумтаълим мактабларининг етакчи профессор-ўқитувчилари таркибидан шакллантирилди.

Таъкидлаш жоизки, ғолиблар орасидан 23 нафари академик лицейлар, 8 нафари касб-ҳунар коллежлари, 22 нафари умумтаълим мактаблари ўқувчилари.

Олимпиадада фанлардан 1-, 2- ва 3- ўринларни эгаллаган ўқувчилар Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 13 октябрдаги “Ўзбекистон иқтидорли ёшларини тақдирлаш ва моддий рағбатлантириш тўғрисида”ги 226-сонли қарорига биноан олий таълим муассасаларига тест синовларисиз ҳамда қўшимча имтиҳонларсиз кириш имтиёзига эга бўлдилар.