Ғаройиб солиқлар

#Ўқинг_қизиқ!

Тарихда солиқ солишнинг ўта ғайриоддий ва ғаройиб усуллари бўлган. Аҳолидан пул йиғиб олиш учун давлатлар қандай солиқларни ўйлаб топмаган экан? Масалан, бир вақтлар “фарзандсизлик солиғи” кенг тарқалган. Уни уйланмаган ва фарзандсиз эр-хотинлар тўлаб борган. Гвинея Республикаси аҳолисидан ҳозир ҳам тинчлик солиғи ундирилади.

Соя солиғи

Ҳатто номоддий объектлар ҳам солиққа тортилади. Бунга 1993 йилда соя солиғини жорий қилган Венеция мисол бўла олади. Бу қоидага кўра, чодирлари ва соябонларининг сояси ерга тушадиган барча муассасалар солиқ тўлаши шарт. Ҳукумат соядан қутулиш жуда қийин эканлигини тушуниб олди, шу сабаб ушбу тўловлар мунтазам равишда шаҳар хазинасини тўлдириб туради.

Соқол солиғи

Бу солиқ бизга тарихдан яхши маълум. Пётр I уни 1689 йилда жорий қилган. Солиқларнинг бир неча тури бор бўлиб, уни боярлар, савдогарлар ва деҳқонлар тўлаб борар эди. Масалан, деҳқон фақат ўз қишлоғида соқол билан текин юриши, шаҳарга кираётганида 1 танга тўлаб кириши мумкин эди. Бечораҳол соқолли эркаклар давлат олдидаги қарзлари учун ҳатто сургун қилинган.

Ҳаёт солиғи

Бир пайтлар инглиз ҳукмдорлари одамлар фақат бу дунёда яшагани учун пул тўлаши керак, деган қарорга келишди. Ҳаёт солиғи шу тарзда вужудга келди ва XIV асрда Англия аҳолиси ушбу қонунга мувофиқ солиқ тўлай бошлади. Натижада мамлакатда “Деҳқонлар қўзғолони” номини олган катта қўзғолон юз берди.

Туз солиғи

Тарихда ушбу солиқ катта воқеалар содир бўлишига сабабчи бўлганлиги ҳақида айтилган. Туз солиғи Хитой империясининг пасайишига, Франция инқилобининг ривожланишини сезиларли даражада тезлашишига олиб келди. Ҳиндистонда бу солиқ ҳатто Маҳатма Ганди қатнашган оммавий намойишларга сабаб бўлди. Ахир ҳиндларнинг ғазабини келтириб, Англия солиқ ставкасини 4000 фоиз қилиб белгилаган эди. Бу эса мамлакат хазинасидаги барча даромадларнинг 5 фоизини ташкил қилар эди.

Соат солиғи

Яна бир қизиқ солиқ 1797 йилда инглизлар томонидан жорий қилинган. Бу сафар давлат хазинаси соат эгалари томонидан тўлдирилди. Қонун атиги 1 йил амал қилди, айнан шу давр давомида ҳар бир соат эгаси мамлакатга 5 шиллингдан тўлаган.

Велосипед ҳайдаш солиғи

1910 йилнинг март ойида Симбирк шаҳар думаси ҳар бир велосипед эгаси шаҳар хазинасига 50 тийин тўлаши кераклиги тўғрисида қарор қабул қилди. Бунинг эвазига велосипедчиларга юриш қоидалари батафсил ёзилган буклет тарқатилди. Унга кўра, уларнинг пиёдалар йўлаклари ва боғларда, катта гуруҳларда тўпланиб ҳаракатланиши тақиқланган эди. Бундан ташқари, ҳар бир велосипед эгаси ўз транспорт воситасини давлат рақами билан жиҳозлаши мажбурий эди.

Кўзлар солиғи

Пётр I даврида Россияда фуқаролар нафақат соқол учун, балки кўзлари учун ҳам солиқ тўлашган. Солиқ XVIII аср бошларида жорий қилинган бўлиб, одамлар кўз рангига қараб давлатга мажбурий тўлов, яъни қора кўзли киши давлат хазинасига 3 олтин, кулранг кўзли киши эса 8 танга тўлашга мажбур эди.

Гипс солиғи

Ҳар йили Алп тоғларидаги кўп сонли чанғи спортини севувчиларнинг 150 мингдан ортиғи турли жароҳатлар олиши натижасида уларни даволаш қиймати миллиард шиллингдан ошиб кетади. Австриядаги клиникаларга молиявий ёрдам кўрсатиш мақсадида ушбу солиқ жорий қилинди. Энди чанғичилар ҳар бир учиб тушгани учун гипс солиғини тўлайди, маблағлар эса маҳаллий тиббиёт муассасаларига ўтказиб берилади.

Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.