Газ йўқ, свет тез-тез ўчади, хонадонлардаги печка кўмир ёқишга мўлжалланмаган...

Ҳаво совуши сезилаётган айни кунларда @zarafshonbot манзилимизга коммунал хизматлар билан боғлиқ бир қатор мурожаатлар келиб тушяпти.

Жумладан, Оқдарё тумани Тўртайғир маҳалласида яшовчи Й.Раҳимқулов ушбу маҳалла ва унга туташ қишлоқларда охирги бир ҳафта давомида электр энергиясидан узилишлар кузатилаётганини ёзган.

"Асосан кечки пайт айнан электрга эҳтиёж кўпайганда, «ўйнаб» қолади, - дейди у. - Уйимизда ёш болалар бор, кечаси совқотиб чиқяпти. Негаки, маҳалламизда табиий газ йўқ, ҳеч бўлмаса, кечаси уйни иситиш учун электр токи берилса яхши бўларди".

***

Паст Дарғом тумани Сазағон маҳалласи раиси Тўлқин Бердимуродовнинг мурожаати ҳам кишини ўйга толдиради:

"Маҳалламизда 2,5 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Туман марказида жойлашган маҳалладаги 360 та хонадоннинг 15 фоизи табиий газ билан таъминланган, холос. Қолганлари мажбурий тарзда баллонли газга ўтказилган.

Маҳалламизга анча йиллар аввал электр симлари тортилган. Шунча вақтдан бери на симлари, на устунлари янгиланди. Электр энергияси таъминотида узилишлар бўлмаса-да, ҳар йили совуқ кунлар бошланди дегунча трансформатор босимни кўтара олмай қолади. Айрим симёғочлар ҳам ўз муддатини ўтаб бўлган. Сал шамол бўлса, қимирлаб симлар узила бошлайди.

Маҳалламиздаги трансформатор ўрнатилганига нақд 60 йилдан ошган. Жорий йил дастур асосида 250 қувватга эга янги трансформатор, 50 га яқин бетон устунлар, шунингдек, 1,5 минг метр ёпиқ кабел тортиб беришни ваъда беришган эди. Бироқ ҳали ҳам ишлар бошлангани йўқ. Бу ҳақда туман ҳокимлигига, халқ қабулхонасига, 3 сектор раҳбарига, туман электр тармоқлари идорасига, қолаверса депутатларга қилган мурожаатимиз натижасиз қоляпти.

Маҳалла аҳолиси учун маълум миқдорда кўмир ажратилган. Бироқ аҳоли уни олишни истамаяпти. Чунки хонадонлардаги печкалар кўмир билан иситишга мослаштирилмаган. Муаммоларимизни бартараф этишда ёрдам сўраймиз".

***

P/s: Ҳали совуқ кунлар бошланмасидан шу каби мурожаатлар тушяптими, демак, қиш "қиличини қайраган" кунларда коммунал соҳада узилишлар бўлиши, аҳоли қийналиб қолиши мумкинлигини тасаввур қилиш қийинмас.

Бу борада соҳа ходимларига "Ҳали ҳам вақт, имконият бор, электр, газ, сув, иссиқлик, кўмир таъминотида мавжуд муаммоларни ҳал қилиш чораларини кўринг", деб эслатмоқчимиз.

Фуқароларга эса имкон қадар қиш ғамини ейишни, шунингдек, коммунал соҳада муаммо туғилса, куз-қиш мавсуми учун тузилган узлуксиз ишловчи штабларга телефон қилиб, тезкорлик билан ҳолатни ўнгланишига кўмаклашишни сўраймиз.