Газета кимга ва нима учун керак?

1968 йилда биринчи мақолам чиққан, 1975 йилда эса таҳририятга ишга кирганман. Ўшандан буён ҳаётим матбуот билан боғлиқ, яъни насибам шу соҳадан. Лекин айтмоқчи бўлган мулоҳазаларим «қўнғиз ҳам боласини оппоғим дейди», нақлидан йироқ.

Камина шу соҳадан нон топаётганим учунгина эмас, балки матбуотнинг ҳаётдаги куч-қудратини кўрганим, моҳиятини сезганим учун айрим фикрларим билан ўртоқлашмоқчиман.

Дунёда жуда кўп мўъжизалар яратилган, лекин улар тасодифий эмас, халқнинг эҳтиёжи, иқтидорнинг заковати туфайли юзага келади. Муҳими, ҳаётимизнинг бир бўлагига айланади. Ва бу мўъжизалар эскирганини, йўқолганини ҳаётий тажрибамда кўрмаганман. Айтайлик, китоб, электр чироғи, радио, телевидение, телефон. Газета ҳам шуларнинг ичида. Гарчи кўриниши, шакли ўзгаргани билан уларнинг моҳияти, аҳамияти йўқолган эмас. Бинобарин, уларни йўқотишга уриниш ҳам нодонлик билан баробар.

Газета, яъни босма нашр мўъжиза сифатида ҳаётимизга кириб келган. Аввалига реклама, кейинчалик эса янгиликлар ва мулоҳазалар воситаси сифатида жамиятни бирлаштиришга хизмат қилган. Ва бугунги кунда ҳам ана шу вазифасини бажариб келмоқда. Албатта, кимдир ҳар қандай мўъжизадан ўз манфаати йўлида фойдаланишга ҳаракат қилади. Бошқача айтганда, китоб чиқариб ёки чоп этиб бойиб кетганлар, телефондан қурол сифатида фойдаланаётганлар, электр қувватини ҳам манфаатига бўйсундираётганлар йўқ эмас. Бир пайтлар сканворд, рекламали газетадан пул қилганлар кўп эди. Бундай ҳолат илгари ҳам бўлган ва бундан кейин ҳам бўлади. Шу сабабли биз бир пайтлар мўъжиза сифатида инсоният тараққиётига муносиб ҳисса қўшган ҳолатларга баҳо беришда тарозига, албатта, адолат посангисини қўймоғимиз зарур.

Матбуот жамиятнинг жарчиси бўлибгина қолмасдан, алломаларнинг бири айтганидек, халқнинг фикрини муштарак этувчи, ёки буюк жадид Маҳмудхўжа Беҳбудий таъкидлаганидек, тилимизнинг софлиги учун курашувчи ҳамдир. Матбуотга муносабатимизда унинг барча имкониятларини ва хизматларини ҳисобга олиши зарур.

Албатта, жамиятнинг ўзгариши, тизимнинг ўзгариши ундаги сиёсий кучларнинг, бошқарув воситаларининг, ҳатто ижтимоий муносабатларнинг ҳам айрим жиҳатларини ўзгартириши табиий. Бундай пайтда ҳар ким кўрпани ўзига тортиши бор гап. Лекин биз маънавиятимиздаги қайсидир воситани алмаштирмоқчи бўлганимизда, ниманидир ўзгартирмоқчи бўлганимизда унинг ўрнига топган нарсамиз бизнинг эҳтиёжларимизни қондира оладими, деган саволга ҳам жавоб топишимиз керак.

Газета – ҳаётнинг акси, тарих ифодаси. Йиллар ўтиб, биз ундаги битиклар орқали ҳаётимизни таҳлил қиламиз, баҳо берамиз. Айримлар айтганидек, муайян бир даврда газеталаримиз фаоллиги сусайган бўлса, уни йўқотиш эмас, балки жонлантириш йўлларини қидирайлик. Чунки газета ўқимаслик, энг аввало, кишининг (ёши катталарни назарда тутяпман) саводини хиралаштиради, мутолаа завқидан бебаҳра қолдиради. Газета ўқимаган одам реал воқеликни эмас, одамлар билан, яқинлари билан кўчадаги гапларни муҳокама қилади ва энг ёмони, ана шу одатга кўникиб қолади.

Газетанинг инсон руҳиятига таъсири шундаки, у ички интизомни ўргатади, яъни ҳар ким ёзган сўзига, айтган сўзига жавоб беради. Бинобарин, бу гапни, бу ёзувни ўчириб ҳам, куйдириб ҳам бўлмайди - тарихда қолади.

Газета одамни мушоҳадага ўргатади. Ундаги мақолани ўқиб, фикр билдирасиз, мулоҳазаларингизни ёзасиз.

Яшириб ўтирмайман, ҳозирги кунда газетага қарши чиқаётганларнинг аксарияти ўзининг муносабатини маданиятли тарзда ва тартиб-таомили билан кўпчиликка намойиш қилмаяпти. Чунки газета қўполликни, бировнинг нафсониятига тегиш, ёлғон ахборот бериш ҳолатларини ҳазм қилмайди.

Газета ҳеч нарсага, ҳеч қачон рақобатчи бўлмаган: телевидениега ҳам, телефонга ҳам, интернетга ҳам. Чунки унинг вазифасини бошқа ҳеч қайси ахборот воситаси бажара олмайди.

Мажбурий обуна ҳақида кўп гапирилди. Баъзан ўйланиб қоламан. Ўқитувчиларнинг малака оширишлари, айрим касб эгаларини қайта тайёрлаш, семинарлар ўтказиш ихтиёрий тарзда бўляптими? Унда нега биз одамларни, уюшмаган аҳолининг маънавиятини ошириш учун қилаётган саъй-ҳаракатимизни мажбурий деб баҳолашимиз керак? Қани, бу ишни ким ихтиёрий қила олади? Қайси бир давлатда газеталарда фақат кимнидир танқид қилиш ёки камчиликларнигина кўрсатиш вазифаси қўйилган?

Яна бир мулоҳаза: айнан мажбурий обуна иборасини ўйлаб топганлар, бутун республика бўйича айнан обунани уюштириш учун юзлаб МЧЖлар очганию ташкилотларнинг, одамларнинг қанчадан-қанча маблағларини алдов йўли билан ўзлаштириб кетганликларини кўрмай турибмизми? Агар обуна мажбурий бўлса, бу ҳолатга нима дейсиз?

Бугун жамиятдаги маънавий қусурлар, қўш диплом билан ҳам бир саҳифа маълумотномани эплаб ёза олмаётган мутахассислар, фикрларини бировларга айтиб ёздираётган раҳбарлар савияси муайян миқдорда газета ўқимаслигимиздан ҳам келиб чиқмоқда. Чунки газета бизга муносабат билдириш малакасини ўргатади, саводимизни чархлайди, дунёдан хабардор этади. Шундай экан, камина бундай шарафли вазифа давлат ҳимоясида бўлмоғи шарт деб ҳисоблайман.

Жуда кўп мамлакатларда давлат ўз нашрларини ўзининг ҳисобидан чиқариб, халққа тарқатади. Чунки у маърифатли, дунёдан хабардор, давлат сиёсатини биладиган фуқаро савиясидан манфаатдор. Журналист эса бу борада ана шу вазифанинг ижодий қисмини бажарадиган эркин шахсдир.

Давлатимиз раҳбари Самарқанддаги учрашувларнинг бирида бугунги давр шиддати одамлардан юксак маънавиятли, билимли, саводли бўлишни талаб қилаётганлигини айтар экан, эндиги раҳбар ўз ходимларида ана шу фазилатларни ҳам шакллантириши зарурлиги талабини қўйди. Яъни, ходимларни театрга, кинога, концертларга олиб бориш, ташкилотда турли бадиий дасталарни ташкил этиш - бу ходимлар маданияти юксалтиришга хизмат қилишини таъкидлади. Ана шу ўринда мен газетани ҳам қўшишни истардим. Негаки, ижтимоий фаолликнинг манбаи, энг аввало, китоб ва кундалик газета-журналлардир.

Хулосам шу: маънавий эҳтиёжни пулга чақиш мумкин эмас, таҳририятларни давлат, азбаройи, ўз сиёсатининг тарғиботчиси сифатида юз фоиз қўллаб-қувватламоғи, айниқса, зиёли қатламнинг мунтазам газета ўқиши учун имконият яратмоғи зарур. Замона зайли, давр талаби билан ҳар бир ижодий жамоа ва журналист ўзгариб бораверади ва шундай бўляпти ҳам.

Фармон Тошев,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист.