Германиялик шифокорлар Самарқандда
Бир гуруҳ германиялик мутахассислар коронавирусга қарши курашишга кўмаклашиш мақсадида Самарқандга келди.
Мартабали меҳмонларни Самарқанд темир йўл вокзалида вилоят ҳокимининг ўринбосари Р.Қобилов, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Д.Жуманиёзов кутиб олди.
Роберт Кох институти, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Европа минтақавий бюроси, Франкфурт-Майн ва Дюссельдорф университетлари клиникалари экспертларидан иборат мутахассислар Самарқанд шаҳрида ташкил этилган махсус даволаш ва тақсимлаш марказида бўлди. Бу ерда коронавирусга чалинган беморларни даволаш жараёнида бевосита иштирок этиб, уларга яратилган шароитлар билан танишди.
– Ўзбекистонга коронавирус инфекциясига қарши курашиш бўйича тажриба алмашиш мақсадида келганмиз, – дейди Халқаро соғлиқни сақлаш маркази раҳбари ўринбосари Андреас Янсен. – Самарқандда ташкил этилган махсус саралаш пунктида бўлиб, бу ерда беморлар ва шифокорлар учун яратилган шароитларни кўздан кечирдик. Бу муассаса жаҳон стандартлари талабларига жавоб берадиган марказлардан бири бўлибди, десам адашмайман. Мен Африка, Европа ва Осиё мамлакатларида ҳам бўлдим. Самарқанддаги мазкур тиббиёт муассасасини дунёдаги энг замонавий марказлар қаторига киритиш мумкин.
Мулоқот чоғида германиялик мутахассислар ўз тажрибаларидан келиб чиқиб, самарқандлик шифокорларга беморларни даволашда таклиф ва тавсияларини берди.
Тўлқин СИДДИҚОВ,
БАХТИЁР МУСТАНОВ.