Гулободда “бангихона” очган шахс жазоланди

Гиёҳванд моддаларни етиштириш, сотиш ва тарғиб қилишга қарши жиддий чоралар қўлланилаётган бўлса-да, бу заҳри қотилни истеъмол қилувчи, унинг олди-сотдиси билан шуғулланувчи кимсалар ҳамон учраб турибди. Ачинарлиси, улар бу балони бошқаларга ҳам “юқтиришга” интилади.

Самарқанд тумани, Гулобод маҳалласида яшовчи Ш.Ш. истеъмол қилиш ва сотиш мақсадида томорқасида “марихуана” гиёҳвандлик ўсимлигини экиб парваришлаган. Бундан ташқари, гиёҳвандлик воситаларини истеъмол қилиш учун яшаш уйида “бангихона” ҳам ташкил қилган. Айрим дўстларини шу ерда меҳмон қилиб, “маҳсулоти”га харидор “овлаган”.

2019 йил 26 декабрь куни Самарқанд тумани ИИБ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида Ш.Ш.нинг қилмишига чек қўйилди. Сотиш мақсадини кўзлаб умумий оғирлиги 428,2 грамм “марихуана” гиёҳвандлик моддасини уйида сақлаб келаётгани аниқланиб, бу заҳри қотил ашёвий далил сифатида олинди ва тегишли тартибда йўқ қилинди.

Судда Ш.Ш.га узил-кесил 9 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Т.БОЙЗОҚОВ,

жиноят ишлари бўйича Самарқанд тумани суди раиси.