"Ҳаж-2022" мавсуми учун ёш чегараси белгилади
Ўзбекистон Мусулмонлари идорасининг маълум қилишича, "Ҳаж-2022" мавсумида иштирок этиши мумкин бўлган ёш чегараси 65 ёшгача этиб белгиланди.
Барча зиёратчилар подшоҳлик Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан рўйхатдан ўтган ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотида тасдиқланган Pfizer/BioNTech (АҚШ-Хитой), Oxford-AstraZeneca (Буюк Британия-Швеция), Moderna (АҚШ) ва Johnson & Johnson (АҚШ) вакциналарининг 2 дозасини қабул қилган бўлиши зарур.
Хорижлик ҳожилар Саудия Арабистонига киришдан 72 соат олдин коронавирус ташхиси ҳақида манфий натижали ПЦР маълумотномасини тақдим этиши лозим.
Подшоҳлик "Ҳаж" ва "Умра" вазирлиги ҳожиларнинг ибодат амалларини бажариш давомида ўз соғлиқларини сақлаш учун эҳтиёткорлик шартлари ва қоидаларига тўлиқ амал қилишлари заруратини қатъий талаб қилмоқда.
Маълум қилинишича, мазкур масала "Ҳаж" ва "Умра" тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш масалалари бўйича Жамоатчилик Кенгаши ҳамда Ўзбекистоннинг Жидда шаҳридаги Бош консуллиги "Ҳаж" ва "Умра" масалалари бўйича атташеси билан ҳамкорликда мувофиқлаштирилмоқда.