Ҳамшираларни ишга олишда шаффофликни таъминламаган бош врач вазифасидан озод этилади
Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов тиббиёт муассасалари раҳбарлари билан ўтказган очиқ мулоқотда ушбу фикрни қатъий таъкидлади. Тизимда ҳамон таъмагирлик, айниқса, коррупция ҳолати мавжудлигини қайд этди.
- Тиббиёт ходимларини ишга олишда ошкоралик, шаффофликни таъминлаш шарт, - деди вилоят ҳокими. - Бугун айниқса, ўрта тиббиёт ходимларининг ишга жойлашишидаги муаммолар сайёр қабуллар давомида ҳам кўп билдирилмоқда. Аҳоли аниқ фактлар билан айтяпти - неча йиллардан буён ишга жойлашишга навбати келмаётганлар қолиб, кейин мурожаат қилганлар турли қинғир йўллар билан, айрим “катта”ларнинг илтимоси ёки дўқ билан ишга ўтиб кетмоқда. Бу гапларда жон бор. Бундан кейин ходимларни ишга олишдаги навбат тизими ошкора бўлиши шарт.
Учрашувда қайд этилишича, бугунги кунда Самарқанд вилоятида 500 дан зиёд ҳамшира 0,25 ставкада ишлайди. 0,5 ставкада ишлаётган ҳамширалар эса 4,5 мингга яқин. Энг кўп ярим ставкада ишловчилар туғруқхоналарда экан.