Ҳарбийлар, талабалар ва маҳалла ёшлари югуришда беллашди

Самарқанд шаҳрида эрта тонгдан “Халқ ва армия – бир тану бир жондир!” шиори остида югуриш марафони бўлиб ўтди.

Марафон Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучлари ташкил этилганлигининг 30 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни олдидан ташкил этилди.

4 минг нафардан ортиқ ҳарбий хизматчилар, олий ўқув юрти талабалари, маҳалла фаоллари ва ёшлари дастлаб эрталабки бадантарбия машқини бажаришди, сўнгра Спитаменшоҳ кўчасининг Марказий ҳарбий округ маъмурий биноси олдидан вилоят ИИБ йўл ҳаракат хавфсизлиги бошқармаси биносигача бўлган 3 минг метр масофага югуриш бошланди.

Мусобақанинг 35 ёшдан ошганлар ўртасидаги баҳсида 3 километр 100 метр масофани маррага биринчи бўлиб ҳарбий хизматчи Илҳом Назаров етиб келди. Иккинчи ва учинчи ўринларни ҳам ҳарбий хизматчилар Анвар Жабборов ва Достон Аҳмедов эгаллади.

17 ёшгача бўлган марафончилар орасида маррани Самарқанд шаҳридаги 68-мактаб ўқувчиси Элзон Мирзаев босиб ўтган бўлса, 18 ёшдан 35 ёшгача бўлганлар орасида маҳалла ёшларидан бўлган Аброр Мўминов марафончиларни ортда қолдирди.

Шунингдек, энг ёши улуғ марафончи сифатида нафақадаги ҳарбий хизматчи Альберт Саъдуллаев эътироф этилди. Бундан ташқари, вилоят касаба уюшмаси томонидан энг фаол қатнашчилар ҳам рағбатлантирилди.

Тадбир ҳарбий техникалар ва қурол-аслаҳалар кўргазмаси билан давом этди.

Ҳусан Элтоев.