Ҳиммат ОҚБЎТАЕВ: Аҳоли фаровон яшаши учун шароит яратиш ўз қўлимизда

Вилоят телерадиокомпаниясида ўтказилган бу галги "Очиқ мулоқот" кўрсатувида Қўшработ тумани ҳокими, секторлар ҳамда тумандаги корхона ва ташкилотлар раҳбарлари иштирок этди.

Ҳ.Оқбўтаев дастлаб 2018 йил 4 ноябрь куни ўтказилган "Очиқ мулоқот" кўрсатувида аҳолидан тушган мурожаатлар ижроси бўйича маълумот берди.

– Мулоқот давомида фуқароларимиздан 87 та савол тушганди, – деди ҳоким. – Уларнинг асосий қисмини электр энергияси, газ баллонлари етказиш, ичимлик суви муаммоси ҳамда ишсизлик масаласи ташкил қилган. Биз мурожаатларнинг йигирмадан зиёдига студиянинг ўзида жавоб бердик. Қолган барча мурожаатларни ўрганиш ва унинг қатъий ечимини таъминлаш учун эртаси куниёқ тадбир ишлаб чиқдик. Бу мурожаатларнинг барчаси туман даражасида бўлгани сабаб аксариятини ижобий ҳал этдик. Қолганларига зарур тушунтириш, тавсия бердик.

Шундан кейин вилоят телерадиокомпаниясининг телефон рақамлари, ижтимоий тармоқлар ҳамда "Зарафшон" газетаси ор­қали берилган савол ва мурожаатларга жавоб берди. Мурожаатларнинг бир нечтаси йўлларни таъмирлаш ва аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш мавзусида бўлди. Жумладан, "Дўстлик" маҳалласидан Дилмурод Абдуллаев, Жўш маҳалласидан Fофир Йўлдошев, Майинтепа маҳалласидан Абдулла Маҳмудов, Қийқим маҳалласидан Содиқ Рўзибоев қишлоқ йўлларини таъмирлаш ҳақида сўрашди.

– Яширмайман, туманда энг оғир муаммо, бу – йўл қурилиши ва таъмирлаш масаласи, – деди Ҳ.Оқбўтаев. – Ўтган йили йўл қуриш ва таъмирлаш учун туманимизда моддий-техник база яратдик, махсус техникалар харид қилдик, 7 миллиард сўм эвазига асфальт заводини бунёд этдик. Натижада ўтган йили 5 километр йўлга асфальт ётқизилди, 10 километр йўл таъмирланди, қарийб 50 километр қишлоқ йўлларига тош-шағал тўшалиб, текисланди. Жорий йилда ҳам бу ишлар дастур асосида давом этади ва ҳозир мурожаат қилган фуқаролар қишлоқлари йўллари ҳам босқичма-босқич таъмирдан чиқарилади.

Хонназар маҳалласида яшовчи Набижон Эшатов, оқтепалик Мафтуна Ўсарова, Оқчобсой маҳалласидан Ибодулло Очилов кўп йиллардан буён қишлоқ аҳолиси ичимлик сувидан қийналаётганини баён қилишди.

– Аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш ҳам оғриқ нуқталаримиздан ҳисобланади, – дейди ҳоким. – Очиғи, 2015 йилда хориж сармояси ва лойиҳаси асосида тумандаги қишлоқлар аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлашни яхшилаш мақсадида дастлабки ишлар бошланган, аммо бу охирига етказилмай қолди. Шунинг учун ўтган йили бу борада янги лойиҳани тақдим этдик ва тендерда хитойлик инвесторлар ютиб чиқди. Тасдиқланган дастурга кўра, 2019-2020 йилларда 76 фоиз қишлоқларимиз аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлаймиз.

Очиқ мулоқотда шу сингари ўнлаб масалалар юзасидан 66 та мурожаат бўлди. Эътиборлиси, ҳоким ҳам, ўринбосарлар, корхона ва ташкилотлар раҳбарлари ҳам саволларга қисқа, лўнда, аниқ жавоб берди.

Мулоқот якунлангач, Ҳиммат Оқбўтаев ўз хулосаларини билдирди:

– Иқтисодий масалалар аста-секин ҳал этилади, аммо ижтимоий соҳа ривожида туманимиз анча ортда қолгани бизни кўпроқ ташвишлантиради. Бугун туманнинг бирор ҳудудида кутубхона йўқ. Ёшлар маркази, истироҳат боғи каби дам олиш маскани қуриш эътибордан четда қолган. Туман марказидаги киноклуб ташландиқ аҳволда. Ҳудудимизга маҳаллий ва хорижлик сайёҳларни жалб этиш борасида ҳам ишларимизни талаб даражасида деб бўлмайди. Шуларни ҳисобга олиб, дастурлар тузганмиз. Мақсадимиз тадбиркорлар, ҳомийларни жалб этиб, бу иншоотларни қуриш, зарур шароитларни яратиш. Бу хайрли ишларни амалга оширишда бугунги каби очиқ мулоқотларнинг аҳамияти катта. Аҳоли билан юзма-юз мулоқот қилиб, талаб ва таклифларини ўрганяпмиз, шу асосда ишларимизни ташкил этяпмиз.

Акрам ҲАЙДАРОВ.