Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ҳокимлик ва ташкилот боғлари бўлиши шарт

Йўқ, бу давлат раҳбари ўтказган йиғилиш хулосаси эмас. Бу ҳақда халқ депутатлари вилоят Кенгаши сессияда сўз юритилди. Аниқроғи, вилоят экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси тақдим қилган ҳисоботдан сўнг шундай хулосага келинди.

Депутатлар қабул қилган қарорда мутасаддиларга «Ҳокимлик ва ташкилот боғлари» тўлиқ ташкил қилинмаганлиги кўрсатиб ўтилиб, келгуси вазифалар белгилаб берилди.

Рақамлар салмоқли, самара-чи?

Сессияда берилган ҳисоботга кўра, ўтган йили баҳорда 10 миллион 364 минг туп, куз фаслида 7 миллион 323 минг туп мевали ва манзарали, бута кўчатлари экилган.

Кўринадики, «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси бўйича белгиланган режа (16,3 миллион) вилоятда 103 фоизга бажарилган. Депутатлар бу ҳисоботдан тўла қониқиш ҳосил қилмаган бўлса-да, галдаги муҳим вазифаларга эътиборли бўлишни қарорда белгилаб қўйишди.

Хусусан, шаҳар ва туман ҳокимликларига «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида жорий йил баҳор ва куз мавсумида экилиши лозим бўлган кўчат турлари ва режаси бўйича манзилли дастур ишлаб чиқиш топширилди. Ўз навбатида бу дастур бўйича режанинг бажарилишини, соҳалар томонидан кўчат экиш режасига қўшиб ёзиш ҳолатларига йўл қўйилмаслигини қатъий назоратга олиш кўзда тутилди.

Дарвоқе, рақамлар салмоғи ҳақида – ҳисоботга кўра, Оқдарё туманида вилоят прокуратураси томонидан 20 гектар ер майдонида «яшил боғ» барпо этилиб, томчилатиб суғориш тизими яратилган.

Жўжани кузда санаймиз

Майли, ер қай тартибда ажратилгани ва бошқа масалалар ўз йўлига. Аммо Оқдарё туманининг номи айтилмаган маҳалласидаги бу боғ айни вақтда кимнинг номида бўлса?

Қизиқ тарафи «Яшил ҳудуд» ДУК томонидан қонун назоратчиларидан бироз кўпроқ 28,4 гектар майдонда «Яшил боғ»лар барпо этган. Камига улар яратган боғлар вилоятнинг 7 та ҳудуди - Самарқанд шаҳар, Ургут, Нуробод, Самарқанд, Пайариқ, Нарпай ва Жомбой туманларида жойлашган.

Ҳисоботда келтирилишича, шаҳар ва туманлар ташкил қилган боғлар жилла қурса, ўртача бир гектардан тўғри келмайди: жами 15,6 гектар майдонда ҳокимлик боғлари яратилган.

Яқин кунларда мустақил бўлиши режалаштирилаётган Кенгашдан бу масалада дадиллик кузатилмагани ҳайратланарли. Ахир давлат раҳбари эмасми, 34 та боғ бўлишини белгилаб берган? Наҳот бу ишни охирига етказиб қўйишни сўраш шу қадар қийин бўлса. Ахир келаётган кузда бу масала бўйича белгиланган муддат тугайди-ку!

Аслида, гарчи берилмаган бўлса-да, аниқлаштирилиши керак бўлган саволлар бисёр.

Яхши гумонда бўлаверамиз...

Ҳисоботга таянилса, 2023 йилда ўрмонзор ва бутазорлар майдони 2703,5 гектарга кенгайтирилган.

Ўтган йили вилоят ҳудудидан йиғиб олинган 735,9 минг тонна чиқиндининг 264,9 минг тоннаси 24 та корхонада қайта ишлангани ҳам яхши умид беради. Зотан, бу борада 2020 йилда 22,1 фоиз маиший чиқинди қайта ишлангани ҳолда ўтган йилги кўрсаткич 36 фоизни ташкил этган.

Бундан ташқари, қаттиқ маиший чиқиндиларни «Ноль чиқинди» тамойили доирасида тўлиқ утилизация қилиш тизими босқичма-босқич татбиқ этилади. Шу мақсадда йилига 110 минг тонна чиқиндини ёқиш эвазига 1440 мВт соат иссиқлик энергияси ва 500 мВт соат электр энергияси ишлаб чиқариш режалаштирилмоқда.

Лойиҳани амалга ошириш бўйича Жанубий Кореянинг “Grace High Tech Co.Ltd” компаниясининг “Grace High Tech Samarkand” қўшма корхонаси масъулияти чекланган жамияти рўйхатдан ўтказилган. Бугунги кунда техник-иқтисодий лойиҳа ишлаб чиқилмоқда.

Гарчи аксар ҳолларда «бизда ҳаммаси яхши», дейилаётган бўлишига қарамай, ўтган йили 20 та йирик саноат корхонасида чанг-газларни ушлаб қолувчи 82 дона фильтр ўрнатилган. Натижада атмосферага 95,5 тонна ташлама ташланишининг олди олинган. Бу йил 10 та корхонада ўрнатиладиган 28 фильтр тахминан 120 тоннадан ортиқ (бултургидан кўп) ташламалар билан ҳаво ифлосланишининг олдини олади.

....Омматан мақола хулоса билан якунланади. Биз бу вазифани зукко ўқувчининг ўзига қолдирамиз.

Ёқубжон Марқаев.