Ҳузур нима?
Бу сўзга луғатларда "роҳат", "фароғат", "ором", "осойиш", "тинчлик", "қувониш", "ҳаловат" каби кўплаб изоҳлар берилган.
Гарчи бу ҳолатни ҳар куни бошдан (кўнгилдан) кечирсак-да, унинг мазмун-моҳияти хусусида атайин фикр юритмаймиз. Эҳтимол, қизиғи ёки фойдаси йўқдир, чунки уни ҳамма - яхши ҳам, ёмон ҳам бирдек ҳис қилади.
Масалан, оқил киши қилган яхшилиги боис хурсанд бўлган кишининг ҳолатидан, ғийбатчи эса туҳмат қилган одамининг азобланишидан завқланади. Ҳатто жиноят қилган киши жазо муддатидан озроқ олиб ташлашганда, барибир қамалишини билса-да, қариндошларининг ҳузур қилганини кўрганман.
Ҳузурнинг кўриниши турлича: ялқов-беғамлигидан, олим янги манба матнини излашдан, ҳозирда эса кўпчилик ижтимоий тармоқни "ковлаш"дан, айрим аёллар тўйини дабдабали ўтказишдан, яна кимдир ўзига ноҳақлик қилган раҳбарни фейсбукда ҳақорат қилиб олишдан таскин топади.
Яхши ҳузурнинг ҳам, ёмон ҳузурнинг ҳам хумори бўлади...
Ҳузур аслида яшириб бўладиган ҳолат эмас, айтайлик, спортчининг ғолиблик, фарзандларимизнинг талаба бўлгандаги завқига ўрганиб қолганмиз.
Минг афсуски, баъзи нодонлар, айниқса касбда ҳам, одамгарчиликда ҳам ўртамиён одамлар кимнингдир бевақт ўлимидан, қийналишидан, омадсизлигидан ҳузур қилади. Бу аслида ҳузур эмас, пасткашликдир. Худо асрасин барчамизни бундай кечинмадан. Бировнинг дардидан ҳузурланган киши тез қарийди, ўзи билмаган ҳолда юраги кирланиб бораверади.
Чинакам ҳузурда тана енгил тортади, қалб гўзаллашади, шукрона юзага чиқади, чеҳра гўзаллашади, одамлар меҳрли бўлади, бу ҳолат кишини ёшартиради, яъни Ҳазрати Инсон кўзга ташланади. Чунки бир кишининг ҳузури бошқаларга ҳам ҳузур бағишлайди. Ҳақиқий ҳузур кўнгилдаги доғларни, гина ва аламларни тозалайди.
Бугун оғиримиз енгил бўлаётганидан, болаларимиз кўп тилларни ўрганиб, дунёга чиқаётганидан завқланайлик, дўстимиз, қўшнимиз, танишимиз эришган ютуқдан, кимгадир қилган дуоларимиз ва яхшиликларимиздан ҳузур қилайлик.
Ҳақиқий ҲУЗУР шу бўлади!
Фармон Тошев.