Ибратли ҳикоя: Муносиб ворис
Бир куни Хитой императори ўзига муносиб ворис танлаш мақсадида Хитойдаги барча 14 ёшли болаларни йиғибди ва ҳаммасига биттадан уруғ бериб шундай дебди:
- Олти ой ичида мана шу уруғлардан энг чиройли гул ўстирган бола менинг ворисим бўлади!
Белгиланган вақт ўтибди. Ҳамма болалар бир-биридан чиройли гулларни олиб келишибди. Император иштирокчиларнинг гулларини кузатиб кетаётса, бир бола йиғлаб турганига кўзи тушиб қолибди ва унга савол берибди:
– Нега йиғлаяпсан, болакай?
– Мен ҳар қанча ҳаракат қилмай, гулни ўстира олмадим, – деб жавоб қилибди.
Шунда император:
– Мен айнан шу болани ўзимга ворис қиламан, – дебди.
Вазирлари таажжубланиб, мурожаат қилишибди:
– Ҳазрати олийлари, нимага шунча чиройли гул ўстирган болалар бир четда қолиб, айнан гул ўстиролмаган болани танлаяпсиз?
Император:
– Чунки, мен уруғларни тарқатишдан бир кун олдин ҳаммасини қайнатган эдим. Улардан гул тугул, ниш ҳам чиқмасди! Мен айнан шу боланинг тўғрисўзлиги учун ўзимга ворис қиламан, – деб жавоб қилибди.