Ибратли воқеа: Ношукурлик
Зоҳиданинг аҳволи кундан кунга ёмонлашиб боряпти. Касалхона шифтига термулиб ётар экан, хаёлидан нелар ўтмаяпти? Фарзандларининг аҳволи нима кечади энди? Тўнғичи ҳали беш ёшда, кичиги эндигина бир ёшга тўлди. Бунинг устига кичкинаси жуда нимжон, кўкракдан эрта айрилгани учунми, куни касалликда ўтяпти.
Неча бор шифокорларга текширтиришди. «Болангизнинг иммунитети жуда паст, эрта кўкракдан айирганингиз оқибати бу. Бола она сути билан тўлиқ озиқланмаса, касалманд, инжиқ бўлиб қолади», дейишди. Шуларни ўйлар экан, Зоҳиданинг кўзига ёш келди: «Кўкрак саратони билан оғришимга ҳам, болагинамнинг дардмандлигига ҳам ўзим сабабчиман. Эримнинг айтганини қилиб, борига шукур қилиб яшаганимда, боламни олти ойлигидан она сути деган мўъжизадан маҳрум қилмаганимда, эҳтимол бошимда шу кунлар бўлмасмиди?». Шу ўйлар билан беихтиёр эри билан жанжалли кунлари, ўжарлик қилиб олти ойлик гўдагини энагага бериб,бозорга савдо-сотиққа чиқиб кетган пайтлари ёдига тушди.
Дугонаси билан телефондаги суҳбатдан бошланди ҳаммаси. Зоҳида эрталаб турмуш ўртоғини ишга, тўнғич фарзандини боғчага кузатди-да, гўдагини эмизиш учун қўлига олди. Шу пайт қўл телефони жиринглади.
- Алло, Зоҳида, яхшимисан? - дугонаси Зарифанинг овози жаранглади гўшакдан.
- Яхши, раҳмат, ўзинг яхшимисан? Янгиликлардан гапир.
- Ҳа, янгиликнинг зўри, тилла тақинчоқларим ўнтага етибди. Кеча яна битта қимматбаҳо бриллиант зирак олдим.
- Сени эринг яхши-да, дугона, нима десанг айтганингни қилади, - деди Зоҳида эридан нолинганнамо.
- Вой, дугона, эрим қайси пулига олиб беради? Ўзим бозорда савдо қиламан-ку. Топган-тутганим ҳақида эримга ҳисоб бермайман. Бир куни жуда кеч келгандим уйга «Сени топганинг керакмас, ўзим топаман, чиқмайсан бозорга», деб жанжал кўтариб қолди. Мен ҳам анойи эмасман, биласан, роса «шантаж»ни «ёқдим», Ўзимни ҳушдан кетганга солиб олдим. Охири «Бор-эй, билганингни қил»,деб индамай қолди. Мана, ҳозир ҳисоб ҳам сўрамайди. Топганим ўзимники, - деди Зарифа қаҳ-қаҳ отиб кулиб. - Сен ҳам қараб ўтираверасанми, эрим қачон тилла зирак олиб бераркан, деб. Чиқ бозорга, ўзим йўл-йўриқ кўрсатаман сенга...
- Кичкинам энди олти ойлик бўлди. Бунинг устига эмизикли. Қолаверса, эрим рухсат бермайди-да.
- Эй, шунгаям ақлинг етмайдими? Битта эмизикли аёл сенми? Ҳозир кўпчилик аёллар боласини умуман эмизмайди. Тайёр сутлар бор-ку. Шунгаям бошингни қотириб ўтирасанми? Битта эрни кўндиролмасанг, қанақа хотинсан-ай? Кўнади, кўнмай қаёққа ҳам борарди?
Дугонасининг гаплари Зоҳидага тинчлик бермай қўйди. Кечқурун ишдан чарчаб қайтган эрига гап бошлади:
- Эртадан бозорга чиқаман. Дугонам Зарифанинг ёнига. Савдо-сотиқни ўргатар экан.
- Нимага?
- Нимага бўларди. Сизнинг қўлингизга қараб ўтираманми, қачон пул бераркан, деб. Мен ҳам дугоналаримга ўхшаб қатор-қатор тилла тақинчоқлар тақишни, қиммат ресторанларда ўтиришни истайман. Болаларимни қучоқлаб уйда ўтираманми? Ана, кеча Зарифа қимматбаҳо бриллиант зирак олибди, менинг ундан қаерим кам? Ўзим ишлаб пул топиб, тилла тақинчоқлар олмоқчиман.
- Сени бошқалардан каминг борми? Уйимиз, гулдай фарзандларимиз бўлса. Ўзим ишлаётган бўлсам, қаеримиз кам бошқалардан? Қолаверса, гўдагимиз ҳам эмизикли, шуни ўйлагин. Вақти келса, ишлайсан ҳам. Орзулаган нарсангни менга айт, ойлик маошим тушиши билан ўзим олиб бераман.
Хуллас, эр-хотин жанжали анча пайт давом этди. Орага катталар аралашишига тўғри келди.
- Болам, куёв тўғри айтяпти. Ҳамма шароитинг бадастир бўлса, Зарифа дугонангнинг битта фарзанди бор, уям ногиронлар уйида. Сени гўдагинг ҳали олти ойликкина, кўкрак сутидан айирмагин. Соғломгина ўсяпти боланг. Ҳеч бўлмаса, шуни ўйлагин, - деди Зоҳидага онаси.
Аммо Зоҳида айтилган гаплардан таъсирланмади ҳам. Эрталаб эри ишга кетиши билан дугонаси орқали энага топди-ю, эмизикли гўдагини кўкракдан айиришга киришиб кетди.
- Опа, уч-тўрт кун ўзингиз қараб туринг, болам мени кўрса, эмгиси келиб хархаша қилади, сизга қўшимча хизмат ҳақини бераман эвазига, - деди у энагага.
Энаганинг розилигини олгач, анча енгиллашди. Тонг саҳардан бозорга отланди. Ҳаво ҳам анча совуқ эмасми, кун бўйи бозорда дугонасига қарашди. Кечга дугонаси берган бир-икки сўм билан хурсанд уйига қайтди. Аммо кечаси билан кўкраги шишиб, гоҳ иситмалаб, гоҳ қалтираб чиқди. Шу ҳолатда тонгда яна бозорга отланди. Орадан уч-тўрт кун ўтди. Бу орада Зоҳида ўзидан ўтганини ўзи билди. Аъзои баданидаги оғриқни-ку, айтмаса ҳам бўлади. Шу орада энага қўнғироқ қилиб, гўдагининг мазаси йўқлигини, иссиғи баландлигини айтди. Зоҳида нима қилишини билмай қолди. Ҳолини дугонасига айтганди, тушунишни ҳам истамади.
- Дугон, ишламасанг тишламайсан, кетсанг бугун сенга пул йўқ, - деди киноя аралаш. Шу тобда дугонаси кўзига негадир ёмон кўриниб кетди. Аммо «бор-эй» деб ташлаб кетишнинг ҳам иложи йўқ. Эрига, ота-онасига ўжарлик қилиб, бозорга чиққан. Чидаш керак. Кун сайин гўдагининг ҳам ранги сўла бошлади. Ҳар куни иситма қилади, иштаҳаси йўқ. Кунда кунора касалхонага югуради. Буёғи бозорга бормаса бўлмайди. Дугонаси Зоҳидани савдога ташлаб, кечгача қайларгадир йўқолиб қолади. Шу кунларда ўзининг ҳам мазаси йўқ. Кучли чарчоқ, кўкрагида қотиб қолган шиш азоби... Тунгача чеки кўринмаган дард билан олишиб чиқади.
Бу гал ҳам дугонаси бир жойда иши борлигини айтиб, савдони унга ташлади-ю кетди. Орадан бироз фурсат ўтиб, Зоҳиданинг боши айлана бошлади. Кўзини очса, шифохонада ётибди. Ёнидагилар «Тез ёрдам» чақиришибди.
Мана, бугун касалхонада кўкрак бези саратони дарди билан даволаняпти. Аммо дўхтирлар Зоҳиданинг эрига «Хотинингизнинг касали ўтиб кетган. Буёғи Худодан. Биз қўлимиздан келган ҳамма давони қилдик», дебди. «Нега дугонамнинг гапига кирдим-а? Олти ойлик гўдагимни бегонанинг қўлига ҳафталаб топшириб қўйганимда, наҳот она бўла туриб унинг кечаю кундуз кўкрак излаб йиғлаганларини ўйламадим. Эримнинг “Фарзандларимиз тиллага ҳам топилмайди-ку. Аввал уларни соғлом қилиб вояга етказайлик",деган гапларининг мағзини мана энди чақяпман. Ўзим-ку, тузалмас дардга чалиндим, аммо болам ҳам касалманд. Бу ношукурлигим, эримнинг топганига қаноат қилмаслигим, ўжарлигим оқибати эмасми? Мен бу билан нафақат ўзимга, балки оила аъзоларимга ҳам ташвиш келтирдим. Бу менгаХудойимнинг жазоси эмасми?
Шу пайт икки фарзанди билан турмуш ўртоғи палатага кириб келди.
- Мени кечиринг..., - дея йиғлаб юборди Зоҳида...
Гулжаҳон МАРДОН қизи.