Ички органлари тескари жойлашган аёл 99 йил яшади
У 99 йил яшади. Гарчи, унинг тана аъзолари “нотўғри” жойлашган бўлса ҳам. Бу унинг ўлимидан кейин кашф қилинди.
Роуз Мари Бентли ҳаётининг кўп қисмини Орегон штатининг шимоли-ғарбий қишлоқларидаги уйида ва турмуш ўртоғи билан бирга очган озуқа дўконида ўтказган. У маҳаллий хорда қўшиқ куйлар, якшанба мактабида дарс берар ва боғдорчиликка қизиқарди.
Бентлининг ҳаёти миллионлаб бошқа одамларнинг ҳаётидан унчалик фарқ қилмади. 2017 йилда унинг ўлимидан сўнг Роуз ва унинг қариндошлари деярли аср давомида билмаган ажойиб сир очилди.
Америкалик бу кекса аёл ўзининг тана аъзоларини Орегон соғлиқни сақлаш ва фан универиситетига эҳсон қилишни васият қилди. Айнан шу сабаб Роузга унинг сирини қабрга олиб кетишига имкон бермади. Чунки одатда қариликдан вафот этган мурдани ёриш талаб қилинмасди.
Ёриш натижасида тиббиёт талабалари Бентли ўзининг 99 йиллик умри давомида ички органларнинг транспозицияси (ёки ойна (кўзгу) тартибида жойлашиши), деб номланувчи аномалия билан яшаганлигини аниқлашди.
Анатомик оғиш Бентлининг жигар, ошқозон ва бошқа қорин бўшлиғи органларининг ўнгдан чапга кўчирилишига олиб келган, фақат юрак ўз жойида турарди. Бундай транспозициянинг (левокардия) варианти 22 минг янги туғилган чақалоқларнинг биттасида учрайди.
“Мен нимадир нотўғри эканлигини билардим. Аммо Бентли қандай тузилганлигини аниқлаш учун бироз вақт керак бўлди”, деди топографик анатомия профессори Кэм Уокэр.
Унинг тахминига кўра, левокардия билан туғилган 50 миллион кишидан биттаси балоғат ёшига етади. Чунки ички органларнинг транспозицияси ҳаёт учун туғма юрак нуқсонлари каби хавфни туғдиради.
Роузда органларнинг симметрияси билан боғлиқ муаммолар бўлмаганлиги сабабли жиддий касалликлар йўқ эди. Тиббий адабиётларда левокардия ва ички органларнинг тескари жойлашуви билан тирик қолиб, тахминан 70 йил умр кўрган икки киши ва узоқ вақт давомида ҳеч ким бу ёш чегарасидан ўтмаганлиги тўғрисида ахборот бор.
Ички органлари тескари жойлашган бу аёлнинг болалари деярли унинг ўзи бу аномалия ҳақида ҳеч нарса билмаганлигига амин эди.
“Онам бу тўғрида билганида жуда хурсанд бўларди ва бошқалардан фарқ қилиши тўғрисида катта шавқ билан айтиб берган бўларди”, деди қизи Луиза.
Баҳора МУҲАММАДИЕВА таржимаси.