“Идеатон” нима? У ёшларга қандай имконият беради?

Самарқанд шаҳридаги School-21 технологиялар мактабида Рақамли технологиялар вазирлиги, Рақамли таълимни ривожлантириш ҳамда IT-Park Самарқанд марказлари кўмагида “Идеатон” тадбири ташкил этилди.

“Идеатон” - ўзи нима дегани? Бу тадбир ёш мутахассисларнинг тадбиркорлик бўйича дунёқарашини кенгайтириш, технологиялар ёрдамида ўз ғояларини синовдан ўтказиш ҳамда долзарб муаммоларга ечим топиш имконини беради. Иштирокчилар қисқа муддатда ғоялар яратиб, турли концепциялар ишлаб чиқиб, ҳаётга тадбиқ этишга ҳаракат қилади.

- Яқиндагина Президентимизнинг ёшлар билан бўлган учрашувида рақамли технологияларни ривожлантириш, стартаплар ва ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш энг муҳим вазифалардан бири эканлигини таъкидлаб ўтган эди, - дейди School–21 рақамли технологиялар мактаби ижрочи директори Зарина Лухманова. -  Унда ижтимоий муаммоларга IT бўйича ечимлар топиш, ёш тадбиркорларнинг лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш учун махсус жамғарма ташкил этиш, шунингдек, ёшларнинг ғоя ва ташаббусларини ҳақиқий лойиҳаларга айлантиришга қаратилган банк хизматлари пакетини жорий этиш кўзда тутилган.

Тадбирда ТAТУ Самарқанд филиали, Самарқанд давлат университети талабалари Барқарор ривожланиш дастурида кўрсатилган қатор ижтимоий муаммолар, жумладан камбағалликка қарши курашиш, сифатли таълимни таъминлаш, гендер тенглиги, иқтисодий ривожланишга кўмаклашиш кабиларни ҳал қилиш борасида турли ғояларни ишлаб чиқдилар. Иштирокчилар замонавий технологиялардан фойдаланган ҳолда инсонлар ҳаётини яхшилаш ва жамиятда барқарорликни таъминлаш каби мақсадларга эришишга ёрдам берувчи ечимларни ишлаб чиқишга ҳаракат қилишди.

Замонавий технологиялар бўйича экспертлар кўмагида иштирокчилар стартап устида ишлашнинг асосий босқичлари, яъни дизайн фикрлаш ва фойдаланувчи инсайтларини таҳлил қилишдан фойдаланган ҳолда ғоялар излашдан тортиб, уларнинг долзарблигини дастлабки баҳолашгача бўлган жараёнларни ўрганишди. Улар ижодий фикрлаш усулларини, шунингдек, ғояларни тизимлаш ва қадоқлашга кўмаклашувчи Design Thinking Process, Value Proposition Canvas va Business Model Canvas воситаларини ўзлаштирдилар. Қизғин ўтган баҳсларда жамоалар таълим ва соғлиқни сақлаш тизимининг қулайлиги, талабалар учун турар-жой ижарасини соддалаштириш, иш излаш ва аҳоли ўртасидаги ишсизликни бартараф этиш каби лойиҳалар бўйича ғоялар ишлаб чиқиб, ҳавола этишди.

Энг яхши ғоялар муаллифлари ташкилотчиларнинг эсдалик совғаларига, шунингдек, IT-Park Самарқанд платформаларида ўз лойиҳаларини тақдим этиш имконияти ва School-21 технологиялар мактаби томонидан Марказий Осиё инкубатори ва хакатонида иштирок этиш имконига эга бўлишди.

- Бугунги кунда ёшларни ўқишга жалб қилиш қийинлигини эътиборга олиб ўз дастуримизни яратдик, - дейди танлов ғолиби бўлган EduVerse лойиҳаси муаллифи Шаҳзод Исматуллаев. -  Сунъий интеллектдан фойдаланиб, курсларни мослаштириш ва геймлаштириш таълим жараёнини янада қизиқарли бўлишига хизмат қилади. Келгусида ушбу лойиҳани янада ривожлантириш устида иш олиб борамиз.

School-21 технологиялар мактаби кампусида турли мавзулар ва долзарб муаммоларга чуқурроқ ёндашиш ва амалий ечимларни топиш имконини берадиган тадбирлар ташкил этилади.

Дилмурод ТЎХТАЕВ.