Ижодий имтиҳон қайси йўналишлар учун фойдали?
Қарорда таълим сифатини оширишга тўсиқ бўлаётган қатор муаммолар ва уларнинг ечими белгиланди. Жумладан, олий таълим муассасаларига қабул қилишда тест синовлари ёшларнинг интеллектуал қобилиятини тўласинча намоён этиш имкониятини бермаётгани танқид қилинди.
Рости, баъзи таълим йўналишлари бўйича ўтказилаётган ижодий имтиҳонларни ташкил қилиш ва билимни баҳолаш нафақат абитуриент, балки уларнинг ота-оналари эътирозига сабаб бўлаётир.
Тўғри, бу йилги тест синовларининг янги шакл ва шамойилда, катта масъулият билан ўтказилгани таълим соҳасидаги катта қадам бўлди. Аҳолида келажакда таълим тизими яхшиланишига ишонч ошди. Аммо ҳали бу борада ечимини кутаётган бир қанча муаммолар бор.
Масалан, 2018-2019 ўқув йилидан бошлаб архитектура ва санъат, мусиқа, рассомчилик, тасвирий санъат, жисмоний маданият каби таълим йўналишларига қабул қилиш тубдан бошқа усулда, тест синовларисиз, ижодий имтиҳонлар орқали амалга оширилди. Бу илгари мазкур йўналишлар бўйича қабул жараёнларига табиатан иқтидорли ёшлар қамраб олинмаганлигини исботлади ҳам. Яъни, абитуриентдан алоҳида иқтидор талаб этиладиган таълим йўналишларига оид тест имтиҳонларининг чиқариб ташланишини кўпчилик маъқуллади. Аммо ушбу синов педагог тайёрлашга мўлжалланган таълим йўналишларига қабулнинг ягона ва бош мезони бўла оладими?
Жумладан, жорий ўқув йилида Самарқанд давлат университетининг мусиқий таълим, жисмоний маданият ва спорт, тасвирий санъат каби таълим йўналишларига ижодий имтиҳонлар асосида талабалар саралаб олинди.
Имтиҳон топшириқлари умумий ўрта (11-синф негизида), ўрта махсус, касб-ҳунар (шу жумладан, маданият, санъат, мусиқа, спорт ва жисмоний тарбияга ихтисослаштирилган) таълими фанларининг ўқув дастурларидан келиб чиққан ҳолда тузилди. Спорт ва жисмоний тарбия фанлари бўйича имтиҳон топшириқларида белгиланган меъёрий талаблар инобатга олинди. Абитуриентларнинг амалий шаклдаги имтиҳон натижаларини баҳолаш махсус шифрлаш орқали амалга оширилди.
Фикримизча, бўлғуси санъаткорни қобилиятига қараб танлаб олса бўлади. Лекин эртага таълим муассасасида ўқитувчи бўламан, дейдиганларни фақат ижодий имтиҳон билан танлаб олиш мақсадга мувофиқ эмас. Чунки мусиқа фани ўқитувчиси бўладими, жисмоний маданият фани мутахассисими, у аввало, зиё тарқатувчи сифатида ўқиш, ёзиш, нутқ санъатига эга бўлиши керак.
Шу боис мусиқа таълими, жисмоний маданият, тасвирий санъат каби педагогик таълим йўналишларидаги кириш имтиҳонларини ижодий имтиҳонлар билан бирга тест синовлари орқали амалга ошириш тўғри бўлади.
Яна бир масала, ижтимоий иш таълим йўналиши бўйича ижодий имтиҳон киритилиши мақсадга мувофиқ эмас. Назаримизда, ушбу таълим йўналишига тест синовлари асосида бемалол танлов ўтказиш мумкин.
Ҳаким ХУШВАҚТОВ, СамДУ илмий ишлар
ва инновациялар бўйича проректори.