Ижтимоий тармоқлар хатарли(ми?)
Жамият ҳаёти, айниқса, кишилар ўртасида ўзаро ахборот алмашиш, маълумот олишда интернет тармоғининг аҳамияти кундан кунга ортиб боряпти. Хўш, ундан ким, қандай фойдаланяпти? Интернет тармоғидан фойдаланиш одобига риоя қилиняптими?
Аслида, ижтимоий тармоқларни ташкил этишдан кўзланган асосий илм олиш имкониятларини осонлаштириш, одамлар узоғини яқин қилиш, ўзаро муносабатларда қулайлик яратиш эди. Бироқ кейинги пайтларда айрим бузғунчи оқимларнинг интернетдан ўз ғарази йўлида кенг фойдаланаётгани, ёшларни ўз домига тортаётгани, айрим сайтларда беҳаёлик, ўз жонига қасд қилиш каби аянчли иллатлар тарғиб этилаётгани, баъзида турли фитналар, жамиятни беқарорлаштирувчи ёлғон маълумотлар берилаётгани жуда ачинарли, хатарли ҳол.
Масалан, ҳозирги глобаллашув даврида энг асосий муаммога айланган иллатлардан бири ёлғон ахборотдир. Айниқса, ижтимоий тармоқларда турли асоссиз маълумотларни тарқатиш, бўҳтон ва уйдирмаларнинг урчишига сабаб бўлиш ҳолатлари кўплаб учрамоқда. Айрим содда кишилар ана шундай уйдирмаларга ишониб, ёлғон ва бўҳтонга шерик бўлиб қолмоқда.
Аллоҳ Қуръони каримда шундай дейди: “Эй, мўминлар! Агар сизларга бирор фосиқ кимса хабар келтирса, сизлар (ҳақиқий аҳволни) билмаган ҳолингизда бирор қавмга азият етказиб қўйиб, (кейин) қилган ишларингизга пушаймон бўлмаслигингиз учун (у хабарни) аниқлаб (текшириб) кўрингиз!” («Ҳужурот» сураси 6-оят).
Кейинги йилларда интернет сиёсий курашлар майдони, турли манфаатларнинг кучли қуролига айланиб бормоқда. Ҳар қандай тўсиқ, чеклов ва тақиқларни айланиб ўтишга мослаштирилган ижтимоий тармоқлар бугунги кунда чинакамига жиловлаб бўлмас кучга айланди.
Террорчи тўдалар, адашган фирқалар ва бошқа бузғунчи кучлар ижтимоий тармоқ имкониятларидан кенг фойдаланган ҳолда одамларни, айниқса, ёшларни тўғри йўлдан адаштириш, улардан ўзларининг манфур мақсадлари йўлида фойдаланиш, жамиятда нифоқ чиқариш, ачинарлиси, уруш оловини ёқишга уринмоқда ва бунга маълум маънода эришмоқда ҳам. Бунга яқин тарихимизда “Араб баҳори” деб ном олган араб давлатларидаги инқилоб ва зиддиятлар яққол мисол бўлади.
Аслида турли фитналар уюштириш, инсонлар ўртасида адоват уруғини сочиш – динимизда энг катта жиноятлардан бири экани таъкидланган. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай деган: “Фитна эса қотилликдан ҳам каттароқ (гуноҳ)дир...” («Бақара» сураси 217-оят).
Шунингдек, турли оқимлар ўзларининг манфур қарашларини ёшлар онгига сингдириш учун ижтимоий тармоқлардан кенг кўламда фойдаланмоқда. Бу ҳам ёшлар, умуман, диндан, диний маърифатдан яхши хабардор бўлмаган кишиларнинг соф ақидадан оғиб кетишига, фиқҳий мазҳаблар борасида нотўғри фикр ва тушунчалар шаклланишига сабаб бўлмоқда. Имом Абу Лайс Самарқандий раҳматуллоҳи алайҳи: “Илмни ишончли зотлардан олиш лозим. Чунки диннинг устуни илм биландир. Киши ўзининг жонини, динини ишонадиган кишигагина топшириши лозим”, деганлар.
Террорчилар ўзларига тегишли веб-саҳифа ва ижтимоий тармоқларда “шаҳидлик”, “жиҳод”, “ҳижрат”, “такфир”, “халифалик” каби тушунчаларни бузиб талқин қилиш билан айрим ёшларни ўзларининг тузоқларига илинтираётгани ачинарли ҳол, албатта. Ваҳоланки, фатво бериш улкан масъулият экани ва у билан фақатгина етук илм ва малакага эга бўлган уламоларгина шуғулланиши лозимлиги салафи солиҳлар давридан уқтириб келинган. Шуни инобатга олиб, юртимизда шаръий саволларга фатво бериш фақатгина Ўзбекистон Мусулмонлари идораси томонидан амалга оширилишини асло унутмаслигимиз керак.
Албатта, ижтимоий тармоқ ҳам телевидение, радио каби восита. Уни яхшиликка ишлатса яхши, ёмонликка ишлатса ёмон натижа беради. Бу ерда энг муҳими, инсон омилидир. Ҳаммамиз ҳам янгиликлардан хабардор бўлиш, дунёқарашимизни ўстириш мақсадида интернет тармоқларига мурожаат қиламиз. Улардан оқилона фойдалансак, ёшларнинг ақлан ва руҳан тўғри тарбия топишида, турли ёт қарашлар таъсирига тушиб қолмасликларига эришган бўламиз.
Зайниддин ЭШОНҚУЛОВ,
Самарқанд вилояти бош имом-хатиби.