Ижтимоий тармоқларда сохта каналлар очиб, фирибгарлик билан одамларни чув тушириб келган шахслар ушланди

Самарқанд вилояти ИИБга фуқаро ариза билан мурожаат қилиб, фирибгарлик қурбони бўлганини айтади.

Маълум бўлишича, у ижтимоий тармоқлар орқали эълон қилинган дала ҳовлини ижарага олиш учун 1,5 млн сўм пулни пластик картага олдиндан ташлаб берган.

Шундан сўнг, дала ҳовли ижарачиси билан боғланишни имкони бўлмаган. Пулларни ўзлаштирган номаълум шахс эса ушбу фуқаро қўл телефонини қора рўйхатга киритиб, ўз телеграм рақамини ҳам ўчириб қўйган.

Олиб борилган тезкор суриштирув ишларидан сўнг фирибгарларнинг кимлиги маълум бўлди. Унга кўра, фуқаро дўстлари билан тил бириктириб, "Самарқанд аренда дача" номли сохта номлар остида эълонлар жойлаштириб келган.

Ушбу шахслар яна бошқа бир қанча сохта аккаунтлар очиб, фуқароларни чув тушириб юргани маълум бўлди.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.