Иккинчи жаҳон урушига бағишланган энг машҳур ёдгорликлар

Йигирманчи асрнинг ўрталарида содир бўлган даҳшатли ва ҳалокатли уруш бутун сайёра аҳолисига ўз таъсирини кўрсатмай қолмади. Бир вақтнинг ўзида учта қитъада фаол ҳарбий ҳаракатлар амалга оширилган бу даҳшатли можарога у ёки бу тарзда деярли бутун дунё аҳолиси жалб қилинган.
Тарихдаги энг даҳшатли урушга бағишланган ёдгорликлар бутун дунё бўйлаб ўрнатилган, чункиундаги фожиали воқеалар унутилмаслиги керак, дейди argumenti.ru.
Лондонда, Буюк Британия Мудофаа вазирлиги штаб-квартираси яқинида уруш пайтида мамлакатнинг омон қолишига ёрдам бериш учун оғир меҳнат қилишга мажбур бўлган миллионлаб аёллар меҳнатига бағишланган ёдгорлик жойлашган.
Унинг ён томонларига машаққатли меҳнат бўлишига қарамай, аёллар бажарган касб кийимлари, шу жумладан, иш комбинезонлари, ҳарбий формалар, полиция ва ҳамширалар кийимлари, газ ниқобли сумкалар ва ҳатто пайвандлаш дубулғаси - жами ўн етти касб кийимларидан иборат бронза тўплам ўрнатилган.
Дунёдаги энг машъум уруш ёдгорликларидан бири, бу Польшанинг Освенцим шаҳридаги Аушвиц ўлим лагери дарвозаси тепасида ўрнатилган "Меҳнат озод қилади" (Arbeit macht frei) иборасидир.
Бу ибора яна кўплаб концентрацион лагерлар пештоқида ёзилган, лекин айнан Освенцимга кираверишдаги "В" ҳарфи чаппа ўрнатилган бўлган бу жой 1,4 миллионга яқин одам ўлдирилган сайёрадаги энг даҳшатли жойлардан бири бўлганлиги билан ажралиб турарди.
Чехияда 1942 йилда содир бўлган маҳаллий аҳоли қирғини хотирасига бағишланган ёдгорлик ўрнатилган.
Ўшанда немислар Чехия ва Моравия ҳимоячиси деб атаган Рейнхард Гейдрих Чехословакия партизанлари томонидан ўлдирилган эди. Шундан сўнг ушбу кончилар шаҳарчасининг барча аҳолиси партизанларни яширишда айбланган. СС қўшинлари Лидица шаҳрини қуршаб олиб, 15 ёшдан ошган барча эркакларни отиб ташлади, аёллар Равенсбрюк концлагерига юборилди. 105 нафар боланинг 82 нафари Хелмно яқинидаги ўлим лагерида йўқ қилинди.
Иккинчи жаҳон уруши тарихидаги яна бир муҳим саҳифа - минглаб америкалик аскарларнинг ўлими ва жароҳатланишига олиб келган япон кучларининг Перл-Харборга кутилмаган ҳужуми Гавайидаги Оаҳу оролида жойлашган ёдгорлик мажмуасида эсга олинди.
Унинг энг таъсирчан қисми эса чўкиб кетган "Аризона" жанговар кемасини ўз ичига олган музей-ёдгорлигидир.
Германиянинг Берлин шаҳрида деконструкционист Питер Эйзенманнинг лойиҳаси бўйича қурилган фожиали воқеаларни эслатувчи ёдгорлик бор.
Нацизм қурбонлари - яҳудийлар хотирасига бағишланган улкан майдонда 2700 дан ортиқ кулранг плиталар ўрнатилган.
Хитойда Иккинчи жаҳон уруши даврида Хитойни япон босқинчиларидан озод қилиш учун жангларда ҳалок бўлган совет аскарларига бағишланган кўплаб ҳарбий ёдгорликлар ва қабрлар мавжуд.
Энг кўп ёдгорликлар Хэйлунцзян провинциясида жойлашган. Чунки 1945 йилнинг августида энг жиддий жанглар айнан шу ерда бўлиб ўтган. Ухань шаҳрида ҳам совет кўнгилли учувчиларига бағишланган ёдгорлик бор.
Содиқ дўст
Энг таъсирли ёдгорликлардан бири Шимолий Осетиядаги Куртатинск тоғ дарасида жойлашган. Унда вафот этган чавандози ва дўсти учун мотам тутаётган ҳолдан тойган от тасвирланган.
От ва чавандоз бир-биридан ажралмас бўлиб, от хўжайинидан бошқа ҳеч кимга итоат қилмас эди. Агар жангларда чавандоз эгаридан йиқилса, вафодор ҳайвон уни ташлаб кетмасди, ўрнидан туришини кутиб турарди.
Бу ерга келган сайёҳлар бронза отнинг устига ўтириш тақиқланланлиги ҳақида огоҳлантирилади. Акс ҳолда, маҳаллий аҳоли ҳам, ҳалок бўлган Куртатинлар хотираси ҳам чуқур ҳақорат қилинган бўлади. Бироқ, мотамсаро отни эгарлашга тайёр одамлар кўп эмас. Чунки хотира муқаддас. Буниҳамма билади!
Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.