Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Илмда рағбат адолатли бўлиши керак

      Бу гапни Президент Шавкат Мирзиёев мамлакатга биринчи раҳбар бўлганидаёқ баралла айтди. Биз тараққиётга фақат илм-фанни ривожлантириш орқалигина эришишимиз мумкинлигини  таъкидлади. Ва бутун фаолияти, ҳаракати, сиёсати йўналишини ана шунга қаратди. Бу ҳаракат ўз самарасини берди.

Биринчидан, Ўзбекистонда фундаментал фанлар пешқадамлари-  академиклар қадри, салоҳияти оширилди.

Иккинчидан, умумтаълим мактабларида муаллим обрўсини ошириш, таълим жараёнини такомиллаштириш бўйича жиддий ислоҳотлар бошланди. Мактабгача таълимга болаларни кўпроқ қамраш стратегияси белгиланди. Ижод ва Президент мактаблари очилди.

Учинчидан, олий ўқув юртлари квоталари кўпайди, қамров сони оширилди янги олий таълим муассасалари очилди. Яъни ҳар бир йигит-қиз ўқишга киришига имконият бўлсин, лекин дипломни фақат билими борларгина олсин, деган талаб кўндаланг қўйилди, ОТМларга муайян академик ва молиявий мустақилликлар берилди.

Тўртинчидан, стартап лойиҳалар, инновацион таклифларга йўл очилди, "Бир миллион  дастурчи" лойиҳасига старт берилди.

    Ҳазилакам ўзгариш эмас, тўғрими? Буларнинг айримлари, ҳатто, хаёлимизга ҳам келмаган эди. Лекин давлат раҳбарининг қатъияти боис амалга оширилди. Бу жараён барчамизнинг таълим-тарбияга бўлган нуқтаи назаримизни ўзгартирди. Аниқроқ қилиб айтсак, ёшлар ва ота-оналарнинг  аксарияти фақат илмлиларгина таълимда олдинга юра олишини тушуниб етди. Муаллимлар эса, фақат ўз фанини пухта билсагина, шогирдлари билимли бўлсагина тоифа олиб, меҳнатидан манфаатдорлиги мумкинлигини амалда кўрдилар. Гарчи қийинчилик билан бўлсада, олий ўқув юртларида ҳам жорий имтиҳон ва синовларда ошкоралик, адолат ўрнатиляпти.

     Агар давлат белгилаган стратегик вазифалар кутилганидек амалга ошса, биз бундан ҳам катта ютуқларга эришиша оламиз. Бу ҳақиқат ҳаммага аён. Минг афсуски, буни барча жойда бирдек амалга ошира олмаяпмиз. Таълим-тарбияда кимларгадир майда-чуйда кўринган имкониятлар мавжудки, мабодо улардан ҳам самарали фойдалансак, бу соҳада адолатга янада кўпроқ эришиш мумкин. Камина ҳаётий тажрибамдан келиб чиқиб ана шу имкониятлар ҳақида мулоҳаза юритмоқчиман.

Халқимизда оилада яхши тарбия кўрган болагина яхши таълим олади, деган гап бор. Бинобарин, тарбиясиз болада илм олишга иштиёқ бўлмайди.

Тарбиянинг самараси эса энг аввало мактабда кўзга ташланади. Мактабда олинган билим заҳираси, асоси йигит-қизга кейинги таълимда муҳим манба бўлиб хизмат қилади. Ёшликда олинган илм, тошга ўйилган нақш кабидир, деб бежиз айтишмаган. Демоқчиманки, илм олишдаги барча адолат ва рағбат тамойиллари айнан ана шу пайтда, мактабда йўлга қўйилиши зарур. Акс ҳолда, олий ўқув юртларида берилаётган имтиёз ва мукофотлар, агар улар умумтаълим мактабида яхши ўқимаган бўлса, ёшлар учун кутилган самарани бермайди.

    Гап иқтидорли, иштиёқли болалар тўғрисида бормоқда. Хўш, уларга ўрта мактабда қандай муносабатда бўлмоқ керак?

    Мактабда иқтидорни белгилаш ва аниқлашнинг энг мақбул йўли бу фанлар олимпиадасидир. Бир қараганда бу борада анча очиқлик ва адолатга эриша олдик. Халқаро олимпиадалардаги натижалар буни кўрсатиб турибди. Энг яхши натижа кўрсатганлар ғолиб чиқаяпти. Бу – адолатли иш. Аммо келинг, масалага сал чуқурроқ ёндашайлик.

   Айтайлик, битта туманда ўртача 40 та мактаб бор. Кимё фанидан олимпиадада 40 нафар ўқувчи қатнашади. Улардан фақат учта совринли ўринни олганлар вилоят ёки минтақавий босқичга йўл олади. Худди шу тариқа уч нафар совриндор республика босқичида қатнашади ва улар орасидан яна уч нафар ғолиб аниқланади ҳамда уларга олий таълим муассасасиа ўқишга қиришда ўз фани бўйича максимал балл берилади.

   Энди бир таҳлил қилайлик, ўтган ўқув йилида тест синовларида битта тумандан қанча ўқувчи кимё фанидан энг кўп балл олган? Аниқ биламанки, улар ўн нафардан кам эмас. Ана шу рақамни вилоят бўйича таҳлил қилиб кўринг. Демак, олимпиадада қатнашмаган ёки совринли ўринни ололмаган тахминан 100 нафар йигит-қиз тест синовида энг юқори натижага эришган, лекин улар имтиёзсиз ўқишга кирган. Демак биз кимё фанидан пухта билимга эга бўлган уч нафар совриндоргагина адолат қилдик, холос.

   Олимпиадада агар бир неча ўқувчи бир хил балл тўплаб қолса, қўшимча синов орқали ғолиб танланади, табиийки, бу ҳол шу фандан билим савияси қарийб бир хил бўлган бошқа иштирокчиларга нисбатан адолатсизлик ҳисобланади. Шу ўринда айтмоқчиманки, агар бир хил балл тўплаганларнинг барчасига совринли ўринлар берилса, нима йўқотамизу, нима ютамиз?

   Ютуғимиз шуки, билим савияси бир-бирига яқинларга нисбатан адолатли иш тутамиз. Бундан ташқари бошқалар ҳам фақат биринчи ёки совринли ўрин олиш учун эмас, балки юқори натижага эришиш учун ўқийди. Ваҳоланки, танловларнинг барчаси доимо нисбий ёки тасодифий баҳолаш ҳолатига эга. Ютқазганимиз шуки, бир киши ғолиб бўлганда, унга тенг ёки жуда яқин билимга эга бўлганларга алам қилади ва улар қандай бўлмасин, биринчи бўлиш чорасини кўради.

     Мактаб битирувчиларига олтин ва кумуш медал бериш жараёни ҳам худди шундай. Агар билим ва савия тенг келса, ўқувчиларнинг ҳаммаси рағбатлантирилиши шарт. Негаки бу усул айрим тоифадаги болаларга имтиёз бергандан кўра кўпроқ самара беради. Имтиёздан кўра ҳалол рағбат йигит-қизларга билим олишга кўпроқ мотивация бағишлайди.

Ҳозирги кунда фан олимпиадасида иштирок этадиган ўқувчиларга фақатгина ўзи ғолиб бўлган фандангина максимал балл берилмоқда, олийгоҳга тўғридан-тўғри ўқишга қабул қилиниш амалиёти бекор қилинди. Энди таҳлил қилиб кўрайлик, ўқишга қабул қилинаётган абитуриентлар бешта фандан синовларда иштирок этади –  учта мажбурий, иккита мутахассислик фанларидан. Ўқувчи битта фандан олимпиадага қатнашмоқда ҳамда республика босқичи ғолиби сифатида ўз фанидан 93 балл олмоқда. Энди тасаввур қилиб кўрайлик, ўқувчи давлат грантига ҳатто, шартнома асосида ҳам ўқишга кира олмади, чунки у фақат битта – кимё фанидан тайёргарлик курган, қолган тўртта фандан мактабда олган билими холос. Натижада бу ўқувчи  қолган синовларда иштирок этадиган  тенгдошлари орасида рақобатга бардош бера олмаслиги мумкин, бу ҳам ўқувчиларимиз орасида фан олимпиадаларига бўлган қизиқишни пасайтирмоқда. Ёки ҳозирги кунда халқаро фан олимпиадаларида бешта фан бўйича йигит-қизларимиз муносиб иштирок этмоқда (Муносиб сўзини афсуски, вилоятимиз бўйича айта олмаймиз). Бу ерда ҳам иштирок этган ўқувчиларга фақатгина ғолиблар қаторида ўрин олсагина ОТМга ўқишга қабул қилишда имтиёз берилади.

 Дейлик, ўқувчи беш йил халқаро олимпиадага тайёргарлик кўрди ва ғолиблар қаторидан ўрин ололмади. Натижада унга ҳеч қандай имтиёз ёки рағбатлантириш йўқ, шунчаки иштирокчи бўлиб қайтади. Назаримда, бу ўқувчиларга ҳам олий ўқув юртига киришда озроқ имконият берилиши керак, чунки бу имконият ўқувчилар орасида республика ва халқаро фан олимпиадаларига бўлган қизиқишини оширади.

    Сиз нима дейсиз, азиз муаллимлар?

                  Фармон Тошев.