Индонезия президенти Путин билан Украинада вазиятни муҳокама қилди

Шунингдек, икки давлат раҳбарлари Жакарта раислик қиладиган «Катта Йигирмалик» - G20 фаолияти ҳақида ҳам гапирган.

Владимир Путин индонезиялик ҳамкасбининг сўровига кўра, “Украинадаги вазиятга Россия томонидан берилган махсус ҳарбий операция контекстидаги баҳолари”ни тақдим этган.

20 апрель куни G20 мамлакатлари молия вазирлари ва марказий банклари раҳбарлари учрашувида Россия вакилининг нутқи бошланганида Буюк Британия, АҚШ, Канада, шунингдек, Европа Марказий банки делегация вакиллари зални тарк этишган эди.

Bloomberg агентлиги хабар беришича, АҚШ расмийлари Индонезия ҳукуматини Россия президентини G20 саммитига қўймасликка ёки ҳеч бўлмаганда унинг Украинадаги ҳаракатларини айблашга чақирган.

Халқаро валюта жамғармаси ва Жаҳон банки бошқарув органлари сессиясида Индонезия вакилига Путин саммитга таклиф қилинганми, дея савол беришганда: "Биз таклиф қилдик... G20 аъзолигига кирувчи барча давлат ҳам таклифномаларини олишди", деган жавоб олишган.

Саммит ноябрь ойига режалаштирилган.