Инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари ҳимоясида ўзаро ҳамкорлик зарур

Самарқанд шаҳридаги “Silk Road Samarkand” мажмуасида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) институтига асос солинганлигининг 28 йиллиги муносабати билан “Инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг ишончли ҳимояси борасида ўзаро ҳамкорлик” мавзусида халқаро конференция ўтказилди.

Тадбир Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман), Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси, АҚШ халқаро тараққиёт агентлигининг (USAID) ҳуқуқий ислоҳотлар дастури билан ҳамкорлигида ташкил этилди.

Унда йигирмага яқин хорижий мамлакатларнинг инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилувчи ваколатли органлари ҳамда халқаро бирлашма вакиллари, жумладан, Португалия, Сербия, Венгрия, Туркия, Озарбайжон, Россия, Таиланд, Марокаш қироллиги, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон давлатлари Омбудсманлари ҳамда халқаро ташкилотлар ва дипломатик корпус вакиллари бевосита ва онлайн форматда иштирок этди.

Шунингдек, тадбирда Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, Конституциявий суд, Олий суд, Бош прокуратура, Ташқи ишлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ҳамда қатор давлат ташкилотлари вакиллари, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ҳузуридаги комиссия аъзолари, фуқаролик жамияти институти вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари бевосита  қатнашди.

Конференциянинг очилиш маросимида Олий Мажлис Сенати Раиси Т.Норбоева, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари А.Саидов, БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доими вакили Матильда Димовска, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси Ханс-Ульрих Им сўзга чиқиб, бугунги кунда дунё миқёсида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш энг долзарб масалалардан бири эканлигини таъкидлади. Бу борада БМТ ва бошқа халқаро ташкилотлар томонидан олиб борилаётган ишлар, қабул қилинаётган ҳужжатлар ва уларнинг ижросига эътибор қаратилди. Хусусан, хотин-қизлар ва вояга етмаганлар, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини кафолатлаш, гендер тенгликни таъминлаш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар тилга олинди. Ушбу йўналишларда Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва уларнинг натижалари эътироф этилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли Фармонига мувофиқ, ўтган  йилдан Омбудсманнинг ҳудудларда доимий асосда ишловчи минтақавий вакиллари иш бошлади. Бу эса фуқаролар ҳимоясини тезлик билан таъминлаш, уларнинг марказга келиш вақтлари ва ҳаражатларини тежаш, мурожаатларни тезлик билан жойига чиқиб ўрганиш, мониторинг ташрифлари қамровини кенгайтириш имконини берди.

– Мамлакатимизда Омбудсман институти 1995 йил 23 февралида МДҲ давлатлари орасида биринчилардан бўлиб жорий этилганди, – деди Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Феруза Эшматова.  – Ўтган давр мобайнида Омбудсман жамият ҳаётида ўз ўрнини топди. Халқаро Омбудсман институти, Европа Омбудсман институти, Осиё Омбудсманлар ассоциацияси, Туркий тилли давлатлар инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлари ва омбудсманлари Ассоциацияси ҳамда Евроосиё Омбудсманлари Альянси каби халқаро бирлашмаларнинг тўлақонли аъзосига айланди. Бир қанча хорижий мамлакатларнинг инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлари билан ўзаро ҳамкорлик тўғрисида 20 дан ортиқ меморандум имзоланди.

Ташкилотимизнинг 28 йиллигига бағишланган мазкур тадбирдан кўзланган асосий мақсад инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашда хорижий давлатлар Омбудсманлари, миллий институтлари, ваколатли давлат органлари ва халқаро ташкилотлар билан ўзаро тажриба алмашиш ва чет давлатларда меҳнат қилаётган ҳамюртларимиз манфаатларини ҳимоя қилишда ҳамкорликни кучайтиришдан иборат.

Шунингдек, ёшлар, аёллар, ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда жазони ижро этиш муассасаларида сақланаётган шахслар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш юзасидан мамлакатимизда олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлар мазмун-моҳиятини халқаро ҳамжамиятга етказиш мақсад қилинган.

Халқаро конференция ўз ишини сессияларга бўлинган ҳолда олиб борди. Унда хотин-қизлар ва ёшлар, ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда жазони ижро этиш муассасаларида сақланаётган шахслар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг миллий ва халқаро механизмлари, Омбудсманнинг давлат идоралари ҳамда фуқаролик жамияти вакиллари билан ўзаро ҳамкорлиги масалалари муҳокама қилинди ва ўзаро тажриба алмашилди.

– Аввало бугунги конференцияга таклиф этишгани учун ўзбекистонлик дўстларимизга миннатдорлик билдираман, – дейди Озарбайжон Республикаси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Сабина Алиева. – Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш бўйича бугун муҳокама этилаётган масалалар барчамиз учун энг долзарб масалалар ҳисобланади. Ушбу йўналишда Ўзбекистон билан ўзаро тажриба алмашган ҳолда фаолият олиб боряпмиз. Бу алоқаларимиз ўтган йилдан бошлаб Туркий тилли давлатлар инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлари ва омбудсманлари Ассоциацияси доирасида ҳам амалга оширилмоқда. 

Конференция сессияларида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишда имкониятлар тенглигини таъминлаш, ногиронлиги бўлган шахсларга етарли шароитлар яратиш долзарб масала эканлиги қайд этилди. Жумладан, Ўзбекистонда ҳам Омбудсман ўз фаолияти давомида имконияти чекланган шахслар томонидан юборилаётган мурожаатларга алоҳида эътибор қаратади. Мурожаатлар таҳлили асосида 2022 йилда жамоат жойларида ногиронлиги бўлган шахслар учун яратилган шароитлар ҳамда ногиронлиги туфайли эркин ҳаракатлана олмайдиган маҳкумларнинг (маҳбусларнинг) ҳуқуқлари таъминланиши бўйича республика бўйлаб мониторинг ўрганишлари олиб борилди. Аниқланган камчиликлар бўйича парламент ва тегишли давлат идораларига ахборот киритилди.

Бундан ташқари, Омбудсман ва унинг ҳузуридаги жамоатчилик гуруҳлари томонидан ўтган йил ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларга 381 та мониторинг ташрифлари амалга оширилди. Бу тадбирлар чоғида 6 мингдан ортиқ маҳкум (маҳбус) билан жамоавий ва 1657 нафар маҳкум (маҳбус) билан якка тартибда суҳбатлар ўтказилди. Мониторингларда жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳам иштирок этишган.

Халқаро анжуман доирасида Венгрия ва Сербия давлатлари Омбудсманлари билан Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўртасида икки томонлама ҳамкорлик меморандумлари имзоланди.

Конференция якунлари бўйича Самарқанд резолюцияси қабул қилинди.

Ғ.Ҳасанов,

А.Исроилов (фото).