Инсон манфаатлари кўзланган ҳужжат
Дунёнинг турли минтақаларида шиддат билан содир бўлаётган бугунги зиддиятли жараёнларда Ўзбекистон тараққиётининг ривожланиш йўли ўзини оқлаб, нақадар пухта режалаштирилганлигини исботламоқда.
Буларнинг барчаси, жамият ҳаётининг турли соҳаларида, хусусан суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самарали натижасидир.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 июлдаги Фармони билан бу соҳадаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш мақсадида судлар фаолиятини янада такомиллаштириш, одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар белгиланган бўлса, 2020 йил 10 августдаги Фармон билан суд-тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтиришга эътибор қаратилиб, «Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун» деган олижаноб ғоянинг амалдаги ифодаси сифатида ислоҳотларнинг навбатдаги янги босқичи бошлаб берилди.
Шу муносабат билан, Фармонда тергов ва суд жараёнларида шахснинг ҳуқуқ-эркинликларига сўзсиз риоя этилишини таъминлаш, процессуал ҳаракатларнинг сифатини ошириш, жиноят процессида далиллар тўплашни мустаҳкамлаш, уларга баҳо бериш тизимини илғор хорижий тажрибада кенг қўлланадиган исботлаш стандартларини инобатга олган ҳолда қайта кўриб чиқиш вазифаси юклатилган.
Бунга кўра, жиноят содир этишда гумонланган ёки айбланган шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини поймол қилмаслик, уларнинг ҳимояга бўлган ҳуқуқини улар ушланган пайтдан бошлаб, реал таъминлаш, яъни, уларни ҳимоячи билан ҳоли учрашувига қадар сўроқ қилиш ман этилиши каби қоидалар белгиланиб, тергов-суд жараёнларидаги процессуал ҳаракатларнинг сифат даражаси янада оширилиб, такомиллаштирилади.
Инсон жиноятчи бўлиб туғилмайди. У билиб-билмай, тушуниб-тушунмай жиноятга қўл уриб қўяди. Қонунларимизда уларнинг ҳам ҳуқуқлари мустаҳкамланган бўлиб, тергов-суд ҳаракатлари жараёнида ушбу ҳуқуқларни таъминлашга уларга нисбатан процессуал ҳаракатларни олиб бораётган мансабдор шахсларни барчаси мажбурдирлар.
Жиноят кодексида қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш билан боғлиқ қилмишлар учун жиноий жавобгарлик белгиланган бўлиб, Фармонда бундай қилмишлар содир этилишининг олдини олиш бўйича янада самарали механизмларни жорий қилиш, бундай қилмишлар учун жавобгарликни кучайтириш белгиланган бўлиб, бу албатта мамлакатимизнинг халқаро майдондаги нуфузини ошишига хизмат қилибгина қолмай, фуқароларнинг одил судловга бўлган ишончини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Конституциямизга кўра, барча фуқаролар ўз ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишда бошқа шахсларнинг, давлат ва жамиятнинг қонуний манфаатлари, ҳуқуқлари ва эркинликларига путур етказмасликлари шарт.
Шу билан биргаликда, барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар.
Бироқ, айрим фуқароларимиз (жиноят содир этган шахслар ёки уларнинг қариндош-уруғлари) ўзларининг бурчлари ва мажбуриятларини унутиб, фақатгина ўз ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилиб, бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларига путур етказиб, уларни шаъни ва қадр-қимматини камситиб, ҳатто давлат хизматчилари ёки мансабдор шахсларни ҳақоратлаб, обрўсизлантириш орқали ўз мақсадларига етмоқчи бўладилар.
Фармонда жиноятларни фош этиш борасидаги фаолиятни янги босқичга олиб чиқиш орқали содир этилган ҳар бир жиноят учун жавобгарлик муқаррарлигини ҳамда шахсга, жамиятга, давлатга етказилган зарарларни тўлиқ қопланишини таъминлашни белгиланиши, Жиноят кодексининг инсонпарварлик, одиллик, айб учун жавобгарлик, жавобгарликнинг муқаррарлиги принципларига мос бўлиб, қонун устуворлигини таъминлашга хизмат қилади.
Амалдаги Жиноят кодексида шахснинг айбни бўйнига олиш тўғрисида арз қилиши, чин кўнгилдан пушаймон бўлиши, жиноятни очиш учун фаол ёрдам бериши, етказилган зарарни ихтиёрий равишда бартараф қилиши жазони енгиллаштирувчи ҳолат сифатида эътироф этилган бўлсада, эндиликда агар шахс қайд этилган талабларга риоя қилган бўлса, суриштирув ва дастлабки тергов органлари билан ёзма келишув тузилиши ва ушбу келишувга асосан суд томонидан унга ўзи айбли деб топилган Жиноят кодекси Махсус қисмининг тегишли моддасида назарда тутилган энг кўп жазонинг ярмидан кўп бўлмаган миқдори ёки муддатигача жазо тайинланиши белгиланмоқда.
Бу албатта, жазо ва бошқа ҳуқуқий таъсир чоралари жисмоний азоб бериш ёки инсон қадр-қимматини камситиш мақсадини кўзламаслиги, жиноят содир этган шахсга нисбатан у ахлоқан тузалиши ва янги жиноят содир этишининг олдини олиш учун зарар ҳамда етарли бўладиган жазо тайинланиши ёки бошқа ҳуқуқий таъсир чораси қўлланилиши ҳақидаги инсонпарварлик тамойилини таъминлайди ва жазони либераллаштириш борасидаги навбатдаги илғор ислоҳот сифатида баҳоланади.
Фармонда гувоҳ ва жабрланувчини оғир касаллиги ёки узоқ муддатга чет давлатга чиқиб кетиш зарурияти туфайли уларни кечроқ сўроқ қилиш имконияти бўлмаган тақдирда кўрсатувларни гумон қилинувчи, айбланувчи, жабрланувчи, гувоҳ, прокурор ёки адвокатнинг илтимосномасига кўра суд томонидан тарафларнинг иштирокида олдиндан мустаҳкамлаб қўйиш (депонирование) тартибини жорий қилишни белгиланиши бу борадаги кемтикларни бартараф этиб, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлайди.
Жиноят ишларини судда кўриш жараёнида судланувчини айбловини оғирроғига ўтказиш ёки бошқа шахсни жавобгарликка тортиш лозимлиги аниқланган тақдирда иш бўйича давлат айбловини қувватлаётган прокурор, жабрланувчи ёки унинг вакилининг илтимосига кўра ишни прокурорга юбориш белгиланган бўлиб, бу ҳолат айрим тарафларнинг, манфаатдор шахсларнинг ҳақли эътирозларига сабабчи бўлаётган эди. Эндиликда, қайд этилган ҳолатлар юзага келганда судга илтимоснома киритиш ҳуқуқи барча тарафларга берилаётгани норозиликларга барҳам беради.
Ж.М.Раупов,
жиноят ишлари бўйича
Самарқанд шаҳар судининг судьяси.