Инсоннинг қайси органлари ўзини тиклаш хусусиятига эга?
Инсон организми – бу мукаммал биологик механизм. Ҳар сонияда организмимизда салкам 4 миллион, бир суткада эса 330 миллиардга яқин ҳужайралар янгиланади. Бу жараён “регенерация” деб аталади.
Соғликни сақлаш вазирлиги инсоннинг яна қайси органлари ўзини регенерация қилиш хусусиятига эга эканлиги ҳақида маълумот берди.
Жигар – инсон организмининг асосий фильтри. Бу ноёб орган қонни токсинлардан тозалаш ва муҳим моддаларни синтез қилиш каби функцияларни бажариш билан бирга, турли омиллар таъсирида зарарлангандан сўнг ўз фаолиятини тиклаш хусусиятига ҳам эга.
Жигарнинг 75 фоизгача қисми олиб ташланганда ҳам у бир неча ой ичида асл ҳажмига қайта олиши мумкин. Бу жараён жигарнинг асосий ҳужайралари ҳисобланган гепатоцитлар бўлиниши ва улар нобуд бўлган ёки зарарланган ҳужайрларнинг ўрнини босиши орқали рўй беради.
Тери – инсон организмини ташқи таъсирлардан ҳимоя қилувчи биринчи “тўсиқ” ҳисобланади. Терида кичик яра ёки жароҳат пайдо бўлганда эпидермис ҳужайралари – кератиноцитлар ўзини ўзи тиклашни бошлайди. Бунда, худди жигарда бўлгани каби ҳужайралар бўлиниб, зарарланган ҳужайралар ўрнида янгиларини шакллантиради. Бунинг натижасида эса яра тезроқ тузалиб, терининг силлиқлиги ва таранглиги қайтади.
Суяк тўқималари ҳам ўзини регенерация қилиш хусусиятига эга, аммо бунинг учун кўпроқ вақт талаб этилади. Суяк тўқималарининг тикланишида икки ҳужайра – остеобластлар ва остеокластлар асосий роль ўйнайди. Уларнинг бири янги суяк тўқимасининг шаклланишига жавоб берса, иккинчиси зарарланган ҳужайрларни организмдан олиб ташлаш (резорбция) вазифасини бажаради.
Яъни, суяк тўқимаси шикастлангандан сўнг остеобластлар янги тўқималар, коллаген қатламларини шакллантириб, уларни кальций ва фосфор каби минераллар билан бойитади. Бу шикастланган бўғимнинг мустаҳкамлигини тиклаш имконини беради. Мунтазам жисмоний машқлар ҳам шикаст етган соҳада қон айланиши ва тикланиш жараёни тезлашишига ёрдам беради.
Умуман олганда, инсон организмидаги кўплаб орган, тўқима ва мушаклар у ёки бу даражада ўзини регенерация қилиш хусусиятига эга. Соғлом турмуш тарзи, жисмоний фаоллик, тўғри овқатланиш эса ичимизда узлуксиз кечаётган янгиланишлар жараёнини янада тезлаштириш имконини беради.